Бош саҳифаЯнгиликларҚудратли Озарбайжон ва унинг музаффар армияси

Қудратли Озарбайжон ва унинг музаффар армияси

Муайян давлат қудратини белгилаб берадиган энг асосий омиллар жумласига ушбу юртнинг иқтисодий жиҳатдан фаровонлиги ва кучли армияга эга бўлиши киради. Бугунги кунда ғурур-ла айтиш мумкинки, Озарбайжон нафақат мисли кўрилмаган иқтисодий ва сиёсий ютуқларга, балки ҳарбий қурилиш жараёнида ҳам фавқулодда зафарларга эришди. Озарбайжон армияси Жанубий Кавказ минтақасида энг қудратли армияга айланганини бугун бутун жаҳон жамоатчилиги тан олмоқда.

Шарқда барпо бўлган энг биринчи демократик республиканинг ҳуқуқий давомчиси бўлмиш юртимиз фожиали қийинчиликлар-у, кулфатли замонларга тўлиб-тошган машаққатли тарихий йўлни босиб ўтди. Озарбайжон Демократик Республикаси давлатчилигимиз тарихида алоҳида ўрин тутган. Жумладан, Озарбайжон Демократик Республикаси тузилгани эълон қилинганидан сўнг, ёш республика ҳукумати олдида турган биринчи галдаги вазифалардан бири – ўз миллий армиясини барпо этиш бўлган. Озарбайжон Демократик Республикаси ҳукуматининг қарори билан 1918 йил 26 июнь куни Алоҳида Озарбайжон корпуси ташкил этилди. Ўша йилнинг 28 майида қабул қилинган «Мустақиллик декларациясида» хориж интервенциясидан ҳимояланиш ва давлат ичидаги адоватли кучларни зарарсизлантириб бориш мақсадида Озарбайжон ўз мунтазам армиясига эга бўлишга, ўз миллий қуролли кучларини тузишга ҳақли эканлиги таъкидлаб ўтилган. Озарбайжон армияси 1919 йили 25 минг кишидан иборат бўлган шахсий таркибининг сонини 1920 йилга келиб 40 минг кишига етказишни режалаштирган эди… Бироқ Озарбайжон Демократик Республикасининг қулаши, ҳудуди совет империяси томонидан босиб олингани ҳарбий қурилишга тўсқинлик қилди.

Йиллар ўтиб, Озарбайжон ўз давлат мустақиллигини тиклади. Озарбайжон Республикасининг Олий Кенгаши 1991 йил 9 октябрь куни Миллий армия тузиш тўғрисида қонун қабул қилди. Умуммиллий етакчимиз Ҳайдар Алиевнинг 1998 йил 22 майдаги фармонига асосан 1918 йилнинг Алоҳида Озарбайжон корпуси ташкил этилган 26 июнь санаси Озарбайжон Республикаси Қуролли Кучлари куни дея эълон қилинди. Юртимиз мазкур санани ҳар йили давлат байрами сифатида нишонлаб келади.

Озарбайжон Демократик Республикаси даврида асос солинган тарихий анъаналар бугунги кунгача сақланиб, янгича мазмун ила ривож топмоқда. Буларнинг барига Умуммиллий етакчимиз Ҳайдар Алиевнинг катта меҳнати ила эришилган. Олий Бош қўмондонимиз Ҳайдар Алиев бошчилигидаги ҳарбий қурилиш жараёнлари юртимизнинг мунтазам, қудратли армияси ташкил этилишига имкон берди.
Миллий армиямиз илк кунларидан буён турли-туман ҳужумлар-у, тазйиқларга учраб борди. Ундай адоват замирида юртимизда ҳарбий қурилиш жараёнлари кечишига йўл қўймаслик, қолаверса, мустақил Озарбайжон давлати мавжуд бўлишига қаршилик кўрсатишдек ғаразли мақсадлар бўлган. Чор Россияси давридан фарқли ўлароқ, совет режими даврида озарбайжонлар ҳарбий хизматга чақирилган, аммо улар ўз ҳарбий хизматини совет армиясининг қурилиш батальонларида ўташган. Бундай сиёсат озарбайжонлар томонидан ҳарбий ишнинг сир-асрорлари ва замонавий қурол-аслаҳа тизимларини қўллаш маҳорати ўзлаштириб олинишига йўл қўймасликка йўналтирилган.

Олиб борилаётган бундай сиёсатнинг асл мақсад-моҳиятини жуда яхши англаган Ҳайдар Алиев ҳукуматга келибоқ 1971 йил 20 июнь куни генерал Жамшид Нахичеванский номли ихтисослашган ҳарбий лицей очди. Шунингдек, Умуммиллий етакчимиз ёш озарбайжонларнинг ўз юртимиздаги Боку олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти, Боку олий ҳарбий-денгиз билим юрти ва Совет Иттифоқининг яна бир қатор бошқа олий ҳарбий билим юртларига имтиёзли равишла ўқишга қабул қилинишларини талаб қилиб юриб, охири мақсадига эриша билди. Таъкидлаб ўтмоқ жоизки, генерал Жамшид Нахичеванский номли ихтисослашган ҳарбий лицей миллий офицер кадрларни тайёрлаш, қуролли кучларимизни шакллантириш жараёнларида алоҳида ўрин тутган.

Давлат мустақиллиги тиклангач, юртимиз ҳарбий соҳада жиддий бўҳронга дуч келди. Ўша кунлари Тоғли Қорабоғ учун жанглар кечди… Озарбайжоннинг ўз мунтазам армияси бўлмагани боис ўша даврдаги энг муҳим вазифа – фронтдаги вазиятни назорат остига олиш қийин кечди. Шундан сўнг республиканинг жамики имкониятлари миллий армия қурилишига йўналтирилди. Сафарбарлик тадбирлари ва ҳарбий хизматга чақириш ишлари тартибга солинди.
1993 йил хотимасида профессионал армия қуриш жараёнларига асос солинди. Халқимизнинг талабига биноан ҳукуматга қайтган Ҳайдар Алиев республика Президенти ва Қуролли Кучларнинг Олий бош қўмондони сифатида қудратли миллий армиямизни барпо этиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Қуролли Кучларимиз ягона қўмондонлик остига олинди. Ўша даврдан бошлаб ҳарбий қурилиш жараёнлари сиёсий таъсирлардан халос қилиниб, илмий асосланган ҳолда амалга ошира бошланди.

Умуммиллий етакчимиз Ҳайдар Алиев халқ билан армия ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаб, сифат жиҳатидан юксак даражага кўтара билди. Халқ ва армия ўртасида ўзаро ишонч муҳити пайдо бўлиб, йўлга қўйилган алоқалар самарали кеча бошлади. Ҳайдар Алиев миллий армиямиз халқ орасидан куч олишини, халқ ва армия ажралмас, ягона эканлигини жуда яхши тушунган раҳбар бўлган. Халқнинг армиямизга бўлган илиқ муносабати, давлат армияга тинимсиз ғамхўрлик кўрсатиб бориши – юртимиз Қуролли Кучлари тараққий этиб, йилдан йилга мустаҳкамланиб боришига омил бўлди. Ҳайдар Алиев ҳарбий қурилиш жараёнини танҳо давлат ваколатига ўтказиб, фақат давлат ҳокимияти томонидан бошқарилишини таъминлади. Армияни сиёсатдан халос этган Ҳайдар Алиев, Қуролли Кучлар фақат Озарбайжон Республикаси Конституциясидан келиб чиқадиган вазифаларнигина адо этишини таъминлади, армияни шакллантириш, бутлаш ва ҳар томонлама таъминлаш жараёнлари миллий қонунчилик талабларига мос равишда амалга оширилишини йўлга қўйди, бошқарув тузилмаларининг масъулиятини қатъий белгилаб берган, ҳарбий қурилиш билан давлат қурилишининг бошқа соҳаларини ўзаро боғлаган тарзда ягона қўмондонлик асосларини барпо этди. Армияга давлат ғамхўрлик қилди, унинг барча эҳтиёжлари ўз вақтида қондириб борилди, бу масалада давлат идораларининг масъулияти оширилди. Ҳарбий сиёсатнинг давлат ва халқ манфаатларидан келиб чиққан йўналишлари белгиланди ва бу билан ҳарбий қурилишдан кўзланган мақсадлар, уларни рўёбга чиқариш йўллари аниқ белгилаб берилди, давлатнинг талабга жавоб берадиган мудофаа қобилияни барпо этиш йўлида амалий чоралар кўрилди.

Умуммиллий етакчимиз бошлаган сиёсий йўлни бугунги кунда унинг муносиб вориси Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Илҳом Алиев давом этмоқда. Халқнинг армияга бўлган муносабати ҳам янада самимий тус олиб, меҳрга тўлди. Озарбайжон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Илҳом Алиев бошчилигида ҳарбий қурилиш соҳасида олиб борилган оқил сиёсат Озарбайжон армиясини Жанубий Кавказ минтақасидаги энг қудратли армияга айлантирди. Армиямиз қудрати соҳанинг аксарият халқаро экспертлари томонидан тан олинди. Юртимизнинг сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан барқарор тараққий этиши Озарбайжон армиясини ривожлантириш суръатини сақлаб бориш гарови ҳисобланади.

Ўтган йиллар ичида Озарбайжон Республикаси ўз армиясининг имкониятларини сезиларли даражада кенгайтирди. Юртимизга қурол-яроғ, ҳарбий техника ва махсус жиҳозларнинг энг замонавий турлари олиб келинди. Натижада, Озарбайжон Қуролли Кучлари ўз жанговар қобилияти ва моддий-техник таъминотига кўра дунёнинг энг қудратли армиялари сафидан ўрин олди. Озарбайжон армияси 2016 йилнинг апрель ойида душманга ўз кучини кўрсатиб қўйди. Бутун дунё бунга шоҳид бўлди. Арман армияси томонидан уюштирилган фитнага жавобан Озарбайжон армияси шиддатли қарши ҳужумга кўтарилиб, Физули, Жебраил ва Оқдара туманларининг минг гектарча ҳудудини босқинчилардан озод қилганча, арман бўлинмаларига ниҳоятда кучли талофат етказди. Душман босқинидан халос этилган ҳудудларимиз батамом Озарбайжон армиясининг назорати остига олинди. Атиги тўрт кун кечган апрель жанглари арман армиясининг енгилмаслигига оид афсоналарни пучга чиқариб, Озарбайжон халқига ғалаба нашидасини ҳадя этди. Учувчисиз бошқариладиган учиш аппаратлари, илғор ҳарбий техника ва қурол-яроғ турлари самарали қўлланилиб, душманга қарата қудратли зарба берилди. Ҳужумга қарши ҳужум давомида берилган аниқ зарбалар натижасида душманга катта талофат етказилди. Апрель жанглари Озарбайжон армияси шахсий таркибининг маънавий-руҳий ҳолати, жанговар руҳи, профессионаллик ва ҳар томонлама таъминланганлик даражаси арман босқинчиларига нисбатан сезиларли даражада устун келаётганини яққол кўрсатди қўйди.

Нахичеван Мухтор Республикаси ҳудудида ўтган Гюннут операцияси ҳам Озарбайжон Қуролли Кучлари томонидан қўлга киритилган улкан зафарлар сирасига киради. Ушбу операция натижасида қозонилган ғалаба миллий армиямизнинг душман босиб олган ҳудудларни озод қилиш қобилиятига эга эканлигини яна бир бор исботлаганча, Озарбайжоннинг ҳарбий-сиёсий позициясини янада мустаҳкамлаб берди. Қуролли Кучлар Олий бош қўмондони Илҳом Алиев таъкидлаб ўтганидек: «Эндиликда Озарбайжон армияси дунёнинг энг қудратли армияларри жумласига киради. Буни биз биламиз, Озарбайжон халқи ва жумлаи жаҳоннинг ҳам бундан хабари бор. Озарбайжон армияси дунёнинг энг кучли армиялари рейтингида юқори ўринлардан бирини эгаллаган. Миллий армиямизнинг жанговар қобилияти юксак даражага етказилиб, кундан кунга мустаҳкамланиб бормоқда. Бизнинг армиямизда қатъий ҳарбий интизом ҳукм суради. Бўлинмаларимизнинг моддий-техник таъминоти юксак даражага келтирилган. Ўтган йиллар ичида миллиардлаб долларга замонавий қурол-аслаҳа тизимлари харид қилинди. Ушбу ҳарбий техника энг илғор технологиялар асосида ишлайди».

Ташкил этилганининг 103 йиллигини нишонлаётган Озарбайжон Қуролли Кучлари она заминимизни душман босқинидан халос этди. Ўтган 2020 йилнинг 27 сенябридан 10 ноябригача давом этган Ватан уруши Озарбайжоннинг тарихий ғалабаси ила якун топди. Юртимизнинг ҳудудий яхлитлиги тикланди. Ушбу ғалаба Озарбайжон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Илҳом Алиевнинг метиндек иродаси ва Озарбайжон армияси томонидан намоён этилган жасорат намуналари ила қўлга киритилди.
Озарбайжон халқи ҳаммага ўз собитқадамлиги, бирдамлиги ва қудратини кўрсатиб қўйди. Қудратли Озарбайжон армияси Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони бошчилигида 30 йилдан буён она заминимизни соғиниб яшаган кунларимизга чек қўйди, душмандан қайтариб олинган азалий ерларимизда музаффарият байроғини кўтара билди.

10 декабрь куни Бокунинг «Озодлик» майдонида ғалаба паради ўтказилди. Бир замонлар юртимизнинг тақдирини ҳал этган ҳодисалар рўй берган ушбу майдон ғалаба парадидан сўнг юртимиз қудратининг ифодасига айланди.

2018 йили Озарбайжон Қуролли Кучларининг 100 йиллигига бағишланган ҳарбий парадда Президент Илҳом Алиев халқимизга мурожаат қилар экан: «Кун ўтиб шундай бир кун келадики, душман босқинидан озод этилган она заминимизда кўтарилган Озарбайжон байроғи «Озодлик» майдонида ҳилпираб, ғалаба парадида намойиш этилади», – дея баёнот қилган эди.
Давлатимиз раҳбари ўз сўзининг устидан чиқди. Ғалаба байроғи чиндан ҳам «Озодлик» майдони узра кўтарилди, арманларнинг ўлжа олинган ҳарбий техникаси Озарбайжон халқига, унинг дўст-у, душманларига кўрсатиб қўйилди. 44 кунлик Ватан уруши давомида бизни қардош давлатлар – Туркия билан Покистон маънан қўллаб-қувватлаб борди.

Озарбайжон халқининг 30 йилдан буён ўз она заминини соғиниб яшаган кунларига чек қўйган тарихий ғалаба юртимизнинг ҳудудий яхлитлигини тиклади. Энди биз ғолиб, қаҳрамон халқ ҳисобланамиз! Тасарруфида қудратли, музаффар армияси бўлган, халқи мағрур, довюрак бўлмиш мустақил Озарбайжон Республикаси эндиликда нуфузли юрт, дунё давлатлари орасида ўзининг муносиб ўрнига эга давлат саналади. Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Илҳом Алиев раҳбарлиги остидаги шавкатли Озарбайжон армияси томонидан қозонилган ғалаба юртимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳлади. Милллий армиямиз ўз халқини ҳимоя қилиб, юртга солинадиган ҳар қандай таҳдидни бартараф этишига Озарбайжон фуқароларининг ишончи комил. Ташкил этилганининг 103 йиллигини нишонлаган Озарбайжон армияси давлатимиз таянчи, халқимиз суянчи ва ифтихоридир!

Гюнай Тагиева,
катта лейтенант, Озарбайжон Республикаси Мудофаа вазирлигининг «Азербайджан ордусу» газетаси мухбири

Ҳарбий таржимон Шокир Долимов,
истеъфодаги подполковник

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img