Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонҚуддусдаги ўзбеклар ери

Қуддусдаги ўзбеклар ери

Фаластин маркази – Қуддуси шарифнинг эски шаҳар қисмида, Масжидул Ақсонинг ҳовлисига туташиб кетган кичик бир ҳудудда XVI асрдан бери ўзбекларга қарашли эканлиги айтиладиган бир даргоҳ бор. У ер ҳозир бир мақбара, кичик музей, кутубхона ва тўрт кичик хонадан иборат тарихий ёдгорлик сифатида сақланмоқда. Бу атрофда бир неча асрлардан бери оз сонли ўзбек оилалар яшайди, улар тарихий ватанлари Ўзбекистон эканини айтишади. Маҳаллий халқ орасида бу жой “ал-Завия ал-Ўзбекийя” номи билан маълум.

Ал-Завия ал-Ўзбекийя ҳақида маълумот беришдан аввал шарафланган шаҳар – Қуддуснинг таърифини келтирсак. Қуддуси шариф барча динлар бешиги, дунё мусулмонларининг учинчи муқаддас шаҳридир.
Маълумки, мусулмонлар учун биринчи муқаддас шаҳар Маккаи мукаррама – у Масжидул Ҳаром билан улуғланади, иккинчи шаҳар Мадинаи мунаввара – у Масжидун Набий билан улуғланади, учинчи шаҳар эса Қуддуси шариф ёки Байтул Мақдис бўлиб, у Масжидул Ақсо билан улуғланади. Шаҳарни мусулмон ҳам, яҳудий ҳам, насроний ҳам бирдек шарафлаши бежиз эмас, зеро, айнан шу “шараф” уни бир қанча қонли урушлар марказига айлантирган. Ҳозир ҳам Қуддус Исроил ва Фаластин давлатлари ўртасида кечаётган низонинг маркази бўлиб турибди.
Мусулмон дунёсида Қуддус шаҳрининг аҳамияти жуда юқори бўлганлиги боис, бутун жаҳон мусулмонлари бу шаҳарни Ҳаж йўлидаги сўнгги бекат, ислом дини илмларининг маркази деб билишган. Ўрта асрларда турли ерлардан келган эътиборли диний уламолар, шайхлар ва йирик савдогарлар бу муқаддас шаҳардан ер-мулк сотиб олиб, Макка йўлидаги зиёратчилар, суфийлар, дарвишлар ва олимлар учун махсус турар жой, яъни хонақоҳлар ташкил қилишган. Қуддуснинг эски шаҳар қисмида ҳозир ўндан зиёд хонақоҳлар бор. Улар олимлар орасида текке ёки завия номи билан маълумдир.

Туркия ҳамда Яқин Шарқ бўйлаб тарқалган Ўзбек хонақоҳлари – текке ва завиялар
Усмонлилар даври архив ҳужжатларида XVIII асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, ўзбеклар номи билан боғлиқ “текке” (хонақоҳ)лар ҳақида маълумотлар кўп учрайди. Текке – араб манбаларида завия номи билан маълум бўлиб, усмонли ҳукмдорлар кўмагида Ўрта Осиёдан Усмонли салтанатининг турли шаҳарларига келган олимлар, шайхлар, дарвишу зиёратчилар ва сайёҳлар учун ташкил қилинган махсус уйдир. Биз теккеларни замонавий тушунча билан элчихоналарга тенглаштиришимиз мумкин. Зеро, бир теккеда маълум бир минтақа ёки давлатдан келганлар йиғилишган, масалан, афғон теккеларида, асосан, афғонлар, ҳинд теккеларида ҳиндлар жам бўлган. Усмонийлар салтанатидаги теккелар, одатда, Нақшбандия суфийлик тариқатига мансуб шайх ва дарвишларга қарашли бўлган. Биринчилардан бўлиб бундай хонақоҳлар Усмонли султони – Бойазид II (1481-1512) топшириғи билан ташкил қилинган бўлиб, кейинчалик кўплаб султонлар бу ишни давом эттирган. Истанбул, Адана, Антакя, Бағдод, Бурса, Ҳалаб, Қоҳира, Қуддус, Мадина, Макка ва Дамашқ сингари йирик шаҳарларда теккелар ташкил қилинган.

Профессор Мустафа Алкан хулосасига кўра, текке/завияларни ташкил қилишдан мақсад, Усмонли султонларининг катта қизиқиши ва ихлосига сабаб бўлган Нақшбандия суфийлик тариқатига мансуб шайх ва дарвишларни қўллаб-қувватлаш, уларга мазкур тариқат йўлидаги хизматлари учун шарт-шароит яратиб бериш, ҳомийлик қилиш бўлган.
Текке/завиялар Макка ва Мадинага Ҳаж зиёрати учун кетаётган зиёратчилар йўлда ҳордиқ чиқаришини кўзлаб, вақтинчалик турар жой сифатида ҳам ташкил қилинган. Маълумки, XVI асрда Эрон сафавийлар сулоласи ҳукмронлиги остида бўлган ва улар шиалар эди. Шу боис, Ўрта Осиёдан Макка ва Мадинага боришдаги энг хавфсиз йўл, гарчи, узоқроқ бўлса-да, Туркия орқали ўтувчи йўл эди. Бу йўл Самарқанд ва Бухоро орқали Каспий денгизига чиқиб борган ва денгиз орқали Астраханга, ундан сўнг эса Қрим ва Кефе шаҳри орқали Истанбулга элтган. Усмонли салтанати бошланган ерлардан то Макка ва Мадинагача бўлган ерларда ўндан зиёд теккелар ташкил қилинган. Уларнинг бари ҳозирги кунга қадар сақланиб қолган.

Ал-Завия Ал-Ўзбекийянинг қисқача тарихи
Қуддуснинг машҳур “Виа Долороса” кўчасида, муқаддас Bab al-Ghawanima дарвозасидан бир неча метр шимоли-ғарбда “Аз-Завия ал-Нақшбандийя” жойлашган. Маҳаллий халқ орасида у “ал-Завия ал-Ўзбекийя” ёки “Аз-Завия ал-Бухорийя” номи билан маълум бўлиб, хонақоҳ нақшбандийлик тариқати суфийларининг вақтинчалик тураржойи, асосан, Ўрта Осиёдан келган хожилар учун меҳмонхона ва масжид вазифасини бажарган. Шунингдек, бу ерда нақшбандийлик тариқатининг машҳур суфийлари қабри ҳам жойлашган.
Айрим олимлар уни Нақшбандий ҳазратларининг шахслари билан боғлаб, улар яшаган даврда ташкил қилинган дея ҳисоблайди. Ривоятларга кўра, Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд Қуддусга зиёратга келган вақтида Масжид Ал-Ақсога туташ жойдан ер-мулк сотиб олиб, зиёратчилар учун хонақоҳ қурдирган экан. Бироқ буни исботловчи ҳеч бир матн бизгача етиб келмаган.

Манбаларда 1731 йили Шайх Муҳаммад Солиҳ ал-Ўзбекий завияни кенгайтириб, фаолиятини ривожлантирганлиги ҳақида маълумотлар учрайди. 1731-1732 йилларда шайх вафотидан сўнг Қуддус ҳокими Оға Парвана-Зада (вафоти 1751 й.) Шайх қабри устига гумбазли мақбара қуришни буюради. Муҳаммад Солиҳ ал-Ўзбекийдан сўнг унинг ўғли шайх Ҳасан (бошқарув йиллари ёзиб қолдирилмаган) Завияни бошқарган. XIX асрнинг охири ХХ аср бошларида Усмонли султон Абдулҳамид II кўмаги билан завияда катта таъмирлаш ишлари амалга оширилган. 1983 йили завияда яна бир муҳим таъмирлаш ишлари олиб борилади. Бу таъмирда Муҳаммад Солиҳ қабри устидаги гумбаз, суфийлар учун мўлажалланган тўрт хона ва масжидгина сақланиб қолган.

Шайх Ҳасан Бухорийдан сўнг унинг бир неча авлодлари завияни бошқарган, хусусан, Шайх Рашид Бухорий (вафоти 1919 й.) завияни сақлаб туриш ва ривожлантириш ишларига катта ҳисса қўшган. 1956 йилгача завияни Фаластиндаги машҳур шайхлардан бири, Қуддуснинг диний ва сиёсий доираларига яқин бўлган Шайх Ёқуб Бухорий идора қилган, ундан кейин Мусо Ёқуб Бухорий 1973 йилгача, Абдулазиз Мусо Бухорий 2010 йилгача бошқарган. Бугунги кунда Абдулазиз Мусо Бухорийнинг фарзандлари завиядаги тарихий музей, кутубхона ва бошқа мулкларга эгалик қилмоқда.
Юқорида айтилганидек, Қуддусдаги ўзбеклар завиясида нақшбандийлик тариқатининг суфийлари, Ўрта Осиё ҳожилари Маккага кетаётганида ва зиёратдан қайтаётганида тўхтаб ўтган. Бу ер ХХ асрнинг иккинчи ярмига қадар Ўрта Осиё дарвишлари ва ҳожилари, шунингдек, савдогарлари учун ҳам ўзаро мулоқот ва ахборот алмашинув маркази бўлган. Завияга оид тарихий ҳужжатларда ёзилишича, бу ерда ҳар пайшанба куни ўзбекча ош тайёрланиб, дарвишларга тарқатилган.

ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, Қуддус Ўрта Осиёдан Ҳаж зиёратига бориш йўли сифатида аҳамиятини йўқотгач, мазкур завиянинг ҳам аҳамияти ва вазифалари ўзгарди.
ХХ асрнинг иккинчи ярмидан эътиборан, у Иордания, Сурия, Саудия Арабистони ҳамда бошқа Араб давлатларидаги бухорийларни бирлаштирувчи марказлардан бири сифатида хизмат қилди. Завиянинг таъминоти Усмонли салтанати тугатилгунга қадар Усмонли султонлар томонидан, улардан кейин эса Иордания Қироллиги вақфларидан ажратилган маблағлар ҳисобидан бўлган. 1967 йилда Исроил Қуддуснинг эски шаҳар қисмини эгаллаб олгач, завия таъминоти тўхтаб қолган[2].

Ўрта Осиё тарихининг Қуддусдаги бўлаги
Ал-Завия Ал-Ўзбекийя кутубхонаси ва унинг кичик архивида Ўрта Осиё тарихининг айрим саҳифаларини топиш мумкин. Бироқ бугунги кунгача мазкур завиянинг фаолияти ҳақида йирик тадқиқотлар қилинган эмас. Ўзбекистондаги манбашунос олим, профессор Камолиддин Шамсиддиннинг завия тарихига оид тадқиқоти ҳозирча бу йўналишдаги кам сонли тадқиқотлардан бири бўлиб турибди.
2003 йили Шайх Абдулазиз Мусо Ал-Бухорий маҳаллий олимлар кўмагида завия кутубхонасидаги қўлёзма асарлар каталогини нашр қилди. Унда араб тилида чоп этилган 179 номдаги китоблар рўйхати бор. Маълумотларга кўра, Завия кутубхонасида бугун ҳам форс ва турк тилларидаги кўплаб қўлёзма ҳамда ҳужжатлар бор, аммо уларнинг каталоги ҳали яратилмаган. Нашр қилинган каталогда завияга раҳбарлик қилган бухорийларнинг рўйхати бор.
Ал-Завия Ал-Ўзбекийя кутубхонасида бу ерга келувчиларни рўйхатга олиш дафтари сақлаб қолинган бўлиб, биринчи дафтар 1911-1958 йиллар давомида келган зиёратчилар рўйхатидан иборат. Унда, асосан, Шайх Рашид Бухорийнинг раҳбарлик йилларида келган зиёратчилар ҳақида маълумотлар бор. Иккинчи дафтарга эса 1909-1933 йилларда келган зиёратчилар рўйхати қайд этилган.

Профессор Thierry V. Zarcone рўйхатга олиш дафтарини инглиз тилида эълон қилган.[3] Мазкур рўйхат билан танишиш натижасида 1956 йилгача Ўрта Осиёлик зиёратчиларнинг бу ерга келиши билан боғлиқ статистикани билиб олиш мумкин. Зиёратчиларнинг энг кўп оқими қуйидаги даврлар орасида кўзга ташланади: 1911 йилдан 1915 йилгача (773 нафар зиёратчи), 1924 йилдан 1927 йилгача (405 нафар зиёратчи), 1933 йилдан 1934 йилгача (102 нафар зиёратчи) ва 1935 йилдан 1938 йилгача (448 нафар зиёратчи). 1915 йилдан 1923 йилгача атиги 224 нафар зиёратчи бўлган ва бу камайиш Биринчи Жаҳон уруши билан боғлиқ: 1918 йили атиги 7 нафар зиёратчи ташриф буюрган. 1911 йилдан 1938 йилгача бўлган зиёратчилар сони йилига ўртача 86 нафарни ташкил қилган. Кейинчалик, 1939 йилдан сўнг йилига ўртача 50 нафар ва айниқса, 1947 йилдан кейин йилига ўртача 17 нафардан бўлиб, ташриф буюрувчилар сони кескин камайган. Бу юқорида айтилганидек, Ҳаж йўлида Қуддуснинг аҳамияти камайиши билан боғлиқ. Айрим манбаларда 1967 йилга қадар ҳар йили тахминан 30-80 нафар ўзбек, афғон ва турк миллатига мансуб кишилар келиб турганлиги ҳақида маълумот учрайди[4].

Завияга келувчи дарвиш, зиёратчи ва савдогарларнинг катта қисми Марказий Осиёдан бўлган. Шунингдек, оз миқдорда бўлса-да, бутун мусулмон дунёсидан зиёратчилар келиб турган. Масалан, Марокаш, Миср, Усмонли салтанатининг турли шаҳарлари ва ҳатто Саудия Арабистонидан ҳам келишган. Бундан ташқари, рўйхатга олиш дафтарида Шарқий Туркистоннинг Қашғар, Турфан, Или/Гулжа, Кўҳна Турфан шаҳарлари ва баъзан Татаристоннинг Қозон, Уфа, Астрахан, Россиянинг Москва, Ленинград ҳамда Афғонистоннинг Кветта, Қобул, Ҳирот, Пешовар шаҳарларидан келган зиёратчилар паспорти билан рўйхатга олинган.

Айтиб ўтилганидек, энг кўп зиёратчилар Ўрта Осиёнинг турли шаҳарларидан келган, масалан, дафтарнинг Фарғона водийси бўлимига Андижон, Наманган, Хўжанд, Жалолобод, Қўрғонтепа, Марғилон, Наманган, Қўқон, Ўш шаҳарлари киритилган. Ғарбий Туркистон бўлимига эса Самарқанд, Бухоро, Ашхабот, Ғиждувон, Ҳисор, Каттақўрғон, Қарши, Кулоб, Шаҳрисабз, Оқмасжид ва Тошкент каби шаҳарлар киритилган. Зиёратчиларнинг ёши 16/17дан 70 ёшгача бўлиб, баъзан 12/13 ёшли болалар ҳам рўйхатга олинган.

“Менинг оилам 1616 йили Бухородан Қуддусга кўчиб келган”
Юқорида айтилганидек, завия ўз фаолиятини қисман бўлса-да, бугунги кунларгача давом эттирмоқда. У ҳозирги вақтда Қуддуснинг ишғол қилинган қисмида қолган. Завия фаолиятини Абдулазиз Мусо Ал-Бухорийнинг ўғли Изаден Бухорий қисман назорат қилади. 2010 йили Мусо Бухорий ўлганидан сўнг Изаден Бухорий онаси кўмагида бу ернинг фаолиятини тўхтаб қолмаслиги учун ҳаракат қилган. У оиласи ҳақида шундай дейди: “Менинг оилам сўфийликни ўргатиш учун 1616 йили Ўзбекистоннинг Бухоросидан Қуддусга кўчиб келган”.

Изаденнинг эътироф этишича, ҳозир бу жой аввалги нуфузини йўқотган, бунинг бир қанча сабаблари бор, сабабларнинг энг аввали сифатида, албатта, Қуддусдаги беқарорликни айтиш мумкин. Қолаверса, ҳозирги кунда суфийликка қизиқувчилар жуда озчиликни ташкил қилади. Бу ерга баъзан Туркиядан айрим суфийлар ёки шу йўналишда ишлаётган олимлар келади, холос. Ўзбекларга келсак, атрофда ўзбеклар деярли қолмаган. Улар фаластин жамиятига сингиб кетди, ўзаро никоҳлар натижасида ўзбеклар энди фаластинликлар бўлди. Исроил ҳужумлари натижасида улар Ғазо, Яффа ва Ғарбий соҳилга кўчиб кетган. Аввал бу ерда ҳар пайшанба куни ота-боболари ўзбекистонлик бўлган ёки турли миллатларга мансуб нақшбандий суфийлари тўпланиб, ўзбек оши ва ўзбекча ширинликлар тайёрлашар эди[5].

Маълумотларга кўра, 2000-2010 йилларда Қуддусдаги завия ўзбек маданий маркази сифатида фаолият олиб борган. Шу даврда ўзбек маданияти ҳақида кўплаб кўргазмалар ўтказилган. Бироқ кейинчалик буларнинг бари тўхтади. Ҳозирги вақтда завия фаолиятини Туркия ҳукумати бироз қўллаб- қувватлайди, зеро, Туркияда суфийлик таълимотига қизиқиш ҳамон кучли.
Шавкат Икромов,
Яқин Шарқ давлатлари бўйича тадқиқотчи,
Тошкент давлат шарқшунослик университетининг ўқитувчиси
/uzanalytics.com дан олинди/

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img