Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонҚозоқча илгарилаш. Шахснинг тарихдаги ўрни

Қозоқча илгарилаш. Шахснинг тарихдаги ўрни

ХХ асрда жаҳон дунёнинг турли қисмларида модернизациялаш намуналарининг туркумига гувоҳ бўлди. 1970 йиллардаги “Осиё йўлбарслари”нинг биринчи тўлқини, Хитой, 2000 йиллардаги Марказий ва Шарқий Европа мамлакатлари муваффақиятлари, Бразилия, Индонезия, Мексика ва бошқа мамлакатларнинг ҳозирги лойиҳалари кўпчиликка яхши маълум. Бу миллатларнинг тарихий тараққиёт йўлидаги чақириқлар ва номутаносибликларни бартараф этишига ҳамда ўз давлатини тубдан янгилашга муваффақ бўлгани, жаҳон иерархиясида янада юқори позицияларни эгаллашига оид мисоллар. 

1990 йилларда Қозоғистон ҳам ўзининг модернизация йўлини бошлади. Қозоғистоннинг қайта туғилиш ва олдинга сакраш даври 1990 йилларнинг мураккаб тарихий босқичларига тўғри келди. Бу жаҳон тарихи янги бобининг саҳифалари бўлиб, Қозоғистон халқаро хавфсизлик, энергетика ва нефт бозори, шунингдек, Евроосиёдаги янги минтақалашув шаклланиши каби соҳалардаги кўплаб муҳим воқеаларнинг қоқ марказида қолди.  Бу мавҳумлик ва глобал силсилалар даври, 70 йилдан кўпроқ қарор топган халқаро сиёсий тизимнинг кескин ўпирилиш кезлари рўй берган, жаҳон ўйинчилари эса ҳали номаълум шароитларда мулоқот ва ҳамкорлик учун қулай шакл қидиришаётган бир палла эди. 

1990 йиллар дунё аҳли учун янги ёрқин умидлар, жаҳон харитасида қатор янги давлатлар пайдо бўлган вақтлар эди. Халқаро ҳамжамият янги тарихий даврга қадам қўйди: глобализация ҳамкорлик учун улкан имкониятлар эшигини очди, бир вақтнинг ўзида ўзаро боғлиқликни кучайтирди, аввал номаълум бўлган чақириқларни келтириб чиқарди, энди у глобал, ҳаммага хос хусусият касб этмоқда. Ана шундай «ҳайқириқли» халқаро фонда Қозоғистоннинг оёққа туриш даври юз берди, ХХ асрда мамлакатнинг суверен тарихидаги илк саҳифалар ёзилди. 

Бугун суверен Қозоғистоннинг йўли қандай бўлиши мумкинлиги ҳақида турли тахминларни илгари суриш мумкин, аммо республика тарихида унинг биринчи етакчисининг шахс сифатидаги омили ҳал қилувчи рол ўйнади. Азалдан маълумки, битта шахс тарих ўзанларини буриб юбориши мумкин. Ўзига масъулиятни ола билишлик, мамлакат тараққиётига оид аниқ тасаввурларга эга бўлиш ва уни ҳимоя қила олиш – булар тарихнинг оғир ва бурилиш лаҳзаларида тарихий шахсларнинг халққа зарур бўлган сифатлари. 

Нурсултон Назарбоев Қозоғистон тарихида худди Туркияда Отатурк, Францияда Шарл де Голл, Малайзияда Махатхир Муҳаммад, Сингапурда Ли Куан Ю, Хитойда Дэн Сяопин ўз давлатлари тараққиётида ўйнаганлари каби Қозоғистон тарихида худди шундай кенг қамровли рол ўйнади.   

1991 йилнинг 1 декабрида халқ томонидан олий давлат лавозимига сайланган Нурсултон Назарбаев ўша пайтда унинг таъбири билан айтганда, “йўқолиб кетиш” арафасида қолган ёш давлатнинг биринчи президентига айланди. Бу қозоқ раҳбари томонидан миллий стратегияни танлаш ва давлат бошқарувининг лаёқатли моделини яратишдек мураккаб бир давр бўлди – айнан шулар Қозоғистон самарадорлигининг ҳал қилувчи омилига айланди. 

Ўша пайтлардаги хотираларга кўра, СССР тарқалиши арафасидаги Қозоғистоннинг вазияти ҳавас қиларлик даражада эмасди. Статистиканинг кўрсатишича, илғор мамлакатлардан иқтисодий ва технологик жиҳатдан сурункали тарзда ортда қолган Совет Иттифоқида Қозоғистонга охирги ўринлардан бири ажратилган эди. Агар ҳамма нарсани ўз номи билан айтадиган бўлсак, СССР Қозоғистонга хом ашё унсури сифатида қарарди. 

Совет Иттифоқи тарқаб кетгач, мустақил Қозоғистоннинг ўз тараққиёти йўлидаги бир бутун чақириқлар мажмуига жавоб қайтаришига тўғри келди. Аввало, географик ҳолати, йирик давлатлар ўртасидаги қитъанинг маркази ва беқарор жануб билан ўралгани мураккаб геосиёсий вазиятни белгилагани ва иқтисодий имкониятларини чеклаганини таъкидлаш ўринли. Республикага фавқулодда оғир ижтимоий-демографик вазият мерос бўлиб қолди. 

Ўша кезларда СССРнинг жадаллик билан парчаланиши даврида 1992-1994 йилларда Қозоғистонда саноат ишлаб чиқариш ҳажми икки марта, транспорт ташувлари учдан иккига, қишлоқ хўжалиги 30 фоизга қисқарди. Иттифоқ аҳамиятига молик кўмир, тоғ-кон ва бошқа тормоқлардаги саноат гигантлари тўхтаб қолди. Ишсизлик ўсиб борар, оммавий иқтисодий муҳожирлик бошланган эди. Қозоғистон СССР даврида қарор топган самарасиз иқтисодий моделни бартараф этиши керак эди. 

Бозор иқтисодиётига ўтишга уринган мамлакатда бошқарув ва давлат институтларини ташкиллаштиришнинг эскича механизмлари сақланиб қолаётганди. 130 дан зиёд миллатлар, 30 дан ортиқ диний конфессияларга эътиқод қиладиган кўп миллатли жамиятда тинчлик ва ҳотиржамликни сақлаб қолиш муҳимлигини таъкидлаш жоиз. Қўшнилар ва йирик мамлакатлар билан ташқи алоқаларни қуриш, жаҳон ҳамжамиятидан ўз ўрнини қидириб топиш вазифаси юзага келганди.   

Ёш Қозоғистон ўзининг биринчи биринчи президенти бошчилигида мана шу машаққатларнинг барчасини босиб ўтиши керак эди. Ҳозир ўша чақириқлар ва дастлабки йилларнинг чекловлари бошқачароқ кўринади. Вақт ўтиши билан ҳаммаси равшанлашиб бораяпти, мавҳумлик кезларида қозоқ миллатининг етакчиси нафақат ўз даври учун кучли қарорларни қабул қила олди, балки танглик даврида миллатни бирлаштиришга ва уни тараққиётнинг янги даражасигача олиб чиқишга муваффақ бўлди.   

Назарбаев ҳар доим тараққиётнинг илғор тажрибалари билан қизиқди, у муваффақиятли миллатлар тарихини чуқур ўрганди.

 Ўз вақтида ривожланишнинг эволюцион йўли қисқа ўн йилликлар ичида Япония, Жанубий Корея, Малайзия ва Хитойни чинакам инқилобий муваффақиятларга етаклади. Мазкур мамлакатларга тенглашиш мақсадида Қозоғистон ўзининг етакчиси бошчилигида чуқур ўйланган изчил ислоҳотлар йўлини танлади. 

Қозоғистон ҳеч қачон ривожланишнинг хорижий моделлари – на осиёча, на европача, на америкача моделдан нусха олди. Ҳа, бу амалда имконсиз – турли давлатлар, турли сиёсий-иқтисодий шароитлар, турли тарихий даврлар. Аммо жаҳон тажрибасидан давлат қурилишининг айрим универсал тамойилларини ажратиб олар экан, Қозоғистон етакчиси уларни миллий талқинга буриб юборишга ва ўзининг самарали ислоҳотлар моделини, тараққиёт ва иш берадиган бошқарув моделини моҳирона шакллантира олишга муваффақ бўлди. 

1990 йиларнинг бошида Нурсултон Назарбоев давлат тараққиётининг барча соҳаларини ислоҳ қилишнинг ўз дастурини тезлик билан ишлаб чиқишга ва миллий модернизацияни муваффақиятли амалга оширишга эришди. У “аввал иқтисодиёт, сўнгра сиёсат” қабилидаги ривожланишнинг ўз формуласини тақдим этди, яъни бошидан мамлакат иқтисодий ривожланишга, ҳудди шу асосда – демократик институтларни ривожлантиришга эътиборни қаратди.  

Бугун ушбу тажриба “Назарбоев модели” ёки Қозоғистон йўли номи билан машҳур. Унинг асосида ўйланган ҳамда биринчи навбатдаги вазифаларни оқилона ечиш ва келажакда амбицияли мақсадларга интилишга асосланган босқичма-босқич давлат қурилиши мақсади бор. Учта ўн йилликдаги кенг миқёсли тарихий ислоҳотларни битта мақолага сиғдириш қийинроқдир, аммо қисқасини айтганда, Қозоғистон биринчи Президентининг саъй-ҳаракатлари ислоҳотлар ва тараққиётнинг учта муҳим босқичларига жам бўлган.   

1990 йилларнинг бошланиши – Биринчи модернизация даври. Ўшанда давлат бошқарув тизимини қайта қуриш, бозор иқтисодиётининг асосларини шакллантирриш ва жаҳон ҳамжамиятига қўшилиш вазифаси турарди. Ана шу даврда Қозоғистон иқтисодий, ижтимоий ҳамда ижтимоий-сиёсий соҳаларда “уч босқичли транзит”ни амалга оширди. Ҳаётнинг барча соҳалари ислоҳотларга дучор бўлди.   

Қозоғистон демократияни сиёсий қурилишнинг модели сифатида онгли равишда танлади. 1995 йилдаги янги Конституция асосида ижрочи, қонун чиқарувчи ва суд ҳокимияти тақсимланган сиёсий тизим барпо этилди, ҳуқуқий давлатнинг пойдевори қўйилди. 

Давлат томонидан чуқуур иқтисодий ислоҳотлар ўтказилди ва бозор иқтисодиётининг муҳим механизмлари шакллантирилди. Ноаниқлик саҳнида Қозоғистон барқарорликни, жамиятда этник ва диний ҳамжиҳатликни сақлаб қола билди.   

Қозоғистон ўзини бутун дунёга тинч тараққий этишга йўналтирган давлат деб эълон қилди ва унинг ўзи СССРдан қолган ва қудрати бўйича дунёда 4-ўринда турган ядровий қуроллари қудратидан воз кечди. Ёш давлат жаҳоннинг аксарият мамлакатлари билан дипломатик муносабатлар ўрнатди, жаҳон ҳамжамиятининг аъзосига айланди ва халқаро эътирофга сазовор бўлди. 

Ўша кезларда Қозоғистон давлатни узоқ муддатли ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиб кутилмаган юриш қилди. 1997 йилда Нурсултон Назарбоев ҳаётнинг барча соҳалари бўйича изчил ҳаракатлар режасини қамраб олган 2030 йилгача ривожланишнинг Стратегиясини жамиятга тақдим этди. Ваҳоланки, бу пайтда собиқ совет республикаларининг кўпчилиги кечиктириб бўлмас ижтимоий-иқтисодий ва ички сиёсий масалалар билан шуғулланишга шунғиб кетганди, Қозоғистоннинг биринчи президенти эса ўз мамлакати нигоҳини узоқларга, бир неча ўн йиллар олдинга қаратди. 

Қозоғистоннинг иккинчи модернизацияси 1990 йилларнинг учинчи чорагида бошланиб, 2010 йилларнинг ўрталарида ниҳоясига етди. Шу пайтдан ташкилий жиҳатдан янгиланган Қозоғистон ўзининг осон кечмаган ислоҳотлар ва саъй-ҳаракатларининг меваларидан баҳраманд бўла бошлади ҳамда ривожланишнинг миллий стратегияси доирасида олдинга ҳаракатланишда давом этди. Нурсултон Назарбоев бошчилигида иқтисодиёт барқарор ўсишнинг йўналишига чиқиб олди, мамлакатда давлат институтларининг замонавий тизими ва ўрта синф шаклланди. 

Жамият фаровонлиги ошди, агар 1990 йиллар бошларида ялпи ички маҳсулотнинг аҳоли жон бошига улуши 700 доллардан тўғри келган бўлса, 2013 йилга келиб ушбу кўрсаткич 12 000 долларга етди. Ҳаёт сифати ҳам сезиларли яхшиланди, натижада Жаҳон банки Қозоғистонни даромади ўртача даражадаги мамлакатлар қаторига киритди. 1998 ҳамда 2008-2009 йиллардаги иккита жаҳон иқтисодий инқирозидан мустақил Қозоғистон катта талофатларсиз чиқди, бу ёш давлатнинг мустаҳкамлигини тасдиқлади, унинг мустақиллигини намойиш этди. 

Ўша кезлардаги республиканинг йирик муваффақиятли ютуғи пойтахтнинг бугун мамлакатнинг биринчи президенти номи билан аталган – Нур-Султонга кўчирилиши ва қурилиши бўлди. Янги пойтахт давлат тараққиётининг бир бутун стратегик вазифалари компелексини ҳал этди, мамлакатнинг янги тарихий даври рамзига айланди. 

2012 йилда Қозоғистон жаҳоннинг 50 та энг рақобатбардош давлатлари сафидан ўрин олди. Ўша йиллари “Қозоғистон-2050” Стратегиясида Нурсултон Назарбоев ривожланишнинг янги амбицияли мақсади – бир неча ўн йил ўтиб жаҳоннинг 30 та илғор мамлакатлари орасида бўлиш лойиҳасини тақдим этди. Бу йўналиш Қозоғистон миллий ғояси шаклларини очиб берди, бир неча йиллар олдинга давлат қурилишининг янги мантиғига тамал тойишини қўйди. 

Қозоғистоннинг мазкур мақсадларга изчил ҳаракатларини Биринчи президент 2017 йилда эълон қилган ҳозирги Учинчи модернизация таъминламоқда.  Шу йиллар ичида республика ўзининг ўсиш салоҳиятини намойиш этди. Нурсултон Назарбоев  туфайли Қозоғистон ЯИМ 22 миллиард доллардан 184 миллиард долларгача ўсди. Ишбилармонлик фаолияти учун шароитларни яхшилаш саъй-ҳаракатлари шунга олиб келдики, Жаҳон банкининг Doing Business рейтингида мамлакат 2005 йилдаги 86 ўриндан 2019 йилда 25-позицияга кўтарилди.   

Қозоғистоннинг халқаро саҳнадаги позициясини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Шу йиллар мобайнида биринчи президентнинг кўплаб ғоя ва ташаббуслари амалга оширилган ва бугун изчиллик билан ривожланмоқда.  Қозоғистон глобал ядровий хавфсизлик соҳасидаги муҳим фаоллардан бири, Тоғли Қорабоғ, Эрон, Украина, Сурия ва бошқа можароларни ечиш ва тинчликпарвар сиёсат юргизишда бир қатор натижаларга эришди. Қозоғистон ўз пойтахтида жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг қурултойларини ўтказиш асносида глобал динлараро мулоқотларни йўлга қўйиб, уни ривожлантиришда давом этмоқда. 

Қозоғистоннинг тинчликпарвар сиёсати мамлакатнинг ЕХҲТда, ШҲТ, Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг раиси этиб сайланишига, 2017-2019 йилларда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг нодоимий аъзосига айланишига хизмат қилди. Нурсултон Назарбоевнинг Евроосиё ғояси Евроосиё иқтисодий иттифоқининг яратилиши билан амалга ошди. Қозоғистон Жаҳон савдо ташкилотининг аъзоси бўлди, йирик инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш эвазига Евроосиёнинг Шарқи ва Ғарби ўртасидаги ўсиб бораётган савдо оқимларининг операторига айланди.   

Мамлакатнинг ташқи сиёсати аввал бошдан конструктив хусусиятга эга бўлиб, кўп қутблилик тамойилларига асосланган.  Дунёнинг турли геосиёсий марказлари билан муносабатлардаги мувознат Қозоғистонга Россия, Хитой, АҚШ, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Марказий Осиё, Ислом дунёси билан ўзаро манфаатли шериклик муносабатларини ўрнатишга имкон бермоқда.  Қўшнилари билан самимий муносабатлари сабабли Қозоғистон тарихда биринчи марта аниқ, пишиқ-пухта, ҳужжат асосида қайд этилган, халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган чегараларига эга бўлди. 

Ўз давлатини қуриш – Марказий Евроосиёнинг бепоён ҳудудларини назорат қилаётган халқнинг минг йиллик тарихидаги бурилиш лаҳзаси бўлди. XX-XXI асрлар чегараси Қозоғистон учун бурилишгина эмас, чинакам тектоник силжиш бўлди. Мамлакат етакчиси бошчилигида ўйлаб амалга оширилган уч босқичли модернизация натижасида республика “вақт нуқтаи назаридан сакраш” ни амалга оширди, яъни тезлик билан, иккиланишларсиз бир сиёсий-тарихий даврдан янгисига, бир иқтисодий тартибдан бошқасига ўта олади. 

Орадан бир неча йил ўтиб Нурсултон Назарбоев шундай деганди: «…Қозоғистон ўзига ва яқин қўшниларига у қандай миқёсда бўлмасин белгиланган мақсадга эришиш мумкинлигини кўрсатди. Стратегик мақсадларга эришидаги изчиллик,  кетма-кетлик – мана бизнинг муваффақиятимизни, бизнинг тараққиётимиз мустаҳкамлигини таъминлаётган омил…».  

 2019 йилда Нурсултон Назарбоев яна ўзига тарихий масъулиятни олди. Конституциявий жараёнлар доирасида у ҳокимиятни меросхўри Қосим-Жомарт Тоқаевга топширди, сал кейинроқ у умумхалқ президентлик сайловида Қозоғистон халқининг ишончини қозониб, бугун республикани бошқармоқда. Мамлакат тарихидаги иккинчи президент сиёсати асосида суверен Қозоғистон асосчисининг сиёсий курси изчиллиги ётибди. 

Шу кунларда Нурсултон Назарбоев муборак 80 ёшни қарши олмоқда. Қозоқ халқи алоҳида ҳурмат ва эътироф билан ўз халқини барча синовлардан омон олиб ўтган, ёш давлатни мустаҳкамлаган ва уни ривожланишнинг сифат жиҳатдан янги даражага олиб чиққан муваффақиятли ислоҳотчи – Миллат етакчиси юбилейини кенг нишонлайди.

Абдуллоҳ АБДУЛБОҚИЕВ

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img