Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонҚозоғистоннинг коронавирусга қарши вакцинаси фойдаланишга тайёр

Қозоғистоннинг коронавирусга қарши вакцинаси фойдаланишга тайёр

Вакцинада 50 минг доза ишлаб чиқарилди. Мамлакат аҳолиси 26 апрелдан бошлаб қозоқ вакцинаси билан эмлана бошлайди. Бу ҳақда Қозоғистон Бош вазири муовини билдирди. 

Қозоғистон минтақанинг коронавирус расман қайд қилинган биринчи давлати. Мамлакатда илк коронавирус ҳолати ўтган йилнинг 13 март куни аниқланган. Жорий пайтда Қозоғистонда жами коронавирус ҳоллари 300 мингдан ортган. Бу Марказий Осиёда кузатилаётган энг юқори кўрсаткич. Яқинда Қозоғистонда коронавируснинг ўз – “олмаотача” штамми топилгани ҳам хабар берилган. Қозоғистон минтақада биринчи бўлиб аҳолисини коронавирусга қарши эмлашни бошлаган. Бу ишга шу йилнинг 1 февраль куни Россиянинг Спутник V вакцинаси билан киришилганди.

Қозоғистон Бош вазири муовинининг айтишича, мамлакат энди дунёнинг коронавирусга қарши ўз вакцинасини ярата олган беш давлати сафидан жой олган. Эрали Туғжановнинг сўзларига кўра, “бу фақатгина аҳоли саломатлиги масаласи эмас”. “Бу маҳаллий илм-фаннинг салоҳияти ва замонавий технологияларнинг биофармацевтика соҳасида амалий қўллай билишнинг далили, давлатнинг нуфузи ҳамдир”, – дея баён қилган Қозоғистон Бош вазири ўринбосари. Расман билдирилишича, Қозоғистон ўз вакцинасининг дастлабки партиясини ҳам аллақачон ишлаб чиқарган. 50 минг доза QazVac вакцинаси энди аҳолини эмлаш учун бутун мамлакат бўйлаб Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг омборхоналарига етказилади. Май ойида яна худди шунча доза вакцина ишлаб чиқарилади, кейинчалик эса, босқичма-босқич бу кўрсаткич ойига 500-600 минг дозагача чиқарилиши айтилади.

Расман маълум қилинишича, Қозоғистон вакцинаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти реестрига киритилган. “Унинг тўлиқ хавфсизлиги исботланган, эмлаш коронавирус инфекциясига қарши кучли иммунитет ҳосил қила олади”. Фаоллаштирилмаган бу вакцина “эмлаш билан боғлиқ касалликларни келтириб чиқармаслиги” эса, унинг афзаллиги сифатида тилга олинади. Маълум бўлишича, Қозоғистон вакцинасини етказиб бериш ҳам мураккаб совутиш мосламаларини талаб қилмайди. QazVac ни музлатгичда + 2-8 даража ҳароратда ташиш мумкин бўлади.  Жорий пайтда Қозоғистон ўз вакцинасини ишлаб чиқаришга мўлжалланган биофармацевтика корхонасини қуриш ҳаракатида. Расмий хабарда ўтган ҳафта Қозоғистон Бош вазирининг шахсан ўзи Жамбил вилоятида қад ростлаётган янги корхона қурилиши ишлари билан яқиндан танишгани ҳам айтилади.

Маълум бўлишича, мазкур завод Илмий-тадқиқот институти негизида барпо этилмоқда. Дастлабки 50 минг доза қозоқ вакцинаси ҳам худди шу ерда ишлаб чиқарилган. Айтилишича, шу йилнинг март ойида GMP стандартларига мувофиқлигини ўрганиш бўйича ижобий хулоса берилган. Кейинги қадам GMP халқаро стандарт сертификатининг ўзини тасдиқлаш ва олиш экани айтилган. Расмий хабар тафсилотларидан маълум бўлишича, худди шу мақсадлар учун Туркиянинг “Атабай” компанияси жалб қилинган. Anadolu ахборот агентлигининг ёзишича, ҳозирча қозоқ вакцинасини қадоқлаш ишлари турк корхонасида амалга оширилади. Қозоқ вакцинаси ҳам уч ҳафталик танаффус билан икки дозада олинади. Қозоғистон президенти коронавирусга қарши маҳаллий вакцинани яратиш бўйича аниқ кўрсатмаларни ўтган йил октябрь ойида бергани айтилади. Орада Қозоғистон жорий йилнинг иккинчи чорагидан бошлаб, ўз вакцинасини истеъмолга киритиш ниятида экани айтилган.

Абдували СОИБНАЗАРОВ

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img