Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонҚозоғистонда – «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» китобининг махсус тақдимоти ўтказилади

Қозоғистонда – «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» китобининг махсус тақдимоти ўтказилади

«Дунё» АА хабар беришича, Ўзбекистоннинг Олмаотадаги Бош консулхонаси томонидан Чимкент шаҳрида Қозоғистон ўзбеклари этномаданий бирлашмалари «Дўстлик» ҳамжамияти билан ўтказилган учрашувда ўзбек тилини ўрганишга бўлган талабни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоиз, ўзбек тили нуфузини хорижий давлатларда ошириш, ўзбек тилини ўрганаётган ва бу йўналишда илмий изланишлар олиб бораётганларни зарур адабиёт ва манбалар билан таъминлаш борасида мамлакатимизнинг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари фаол саъй-ҳаракатлар олиб бормоқда.

Учрашувда Қозоғистон ўзбеклари этномаданий бирлашмалари «Дўстлик» ҳамжамияти раиси Икром Ҳошимжонов ушбу долзарб мавзу бўйича фикр билдирди.

Бош консулхона вакиллари Қозоғистон ўзбеклари этномаданий бирлашмалари «Дўстлик» ҳамжамиятига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ўзбек тилини ривожлантириш департаменти кўмагида нашр этилган «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» китобини тақдим этди.

— «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» китобининг янги нашрини биринчилардан бўлиб олаётганимиздан хурсандмиз, — деди Икром Ҳошимжонов. — Қозоғистонда ўзбек тилининг нуфузи юқори. Жумладан, қатор олий таълим муассасаларида ўзбек тили ўқитилади. Ушбу луғат улар ва Қозоғистон ўзбеклари этномаданий бирлашмалари «Дўстлик» ҳамжамияти аъзолари учун ажойиб совға бўлди.

Учрашувда томонлар Туркистон вилояти ва Чимкент шаҳарларида яшовчи ўзбек тили ва адабиётининг ривожига муносиб ҳисса қўшаётган олим ва жамоат арбоблари, Жанубий Қозоғистон педагогика университети қошида очилган «Ўзбек тили ва адабиёти» кафедраси ўқитувчилари иштирокида «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» китобининг махсус тақдимотини ўтказишга келишиб олди.

Жорий қилинган карантин чоралари туфайли ушбу тақдимотни онлайн шаклда ўтказиш, ўзбек тили ва адабиётини ривожлантиришнинг амалий томонларини муҳокама қилиш учун ушбу тадбирга Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти олимларини жалб қилиш таклифи билдирилди.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img