Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонҚозоғистон сармоядорларга хос таклифлар билан чиқмоқчи

Қозоғистон сармоядорларга хос таклифлар билан чиқмоқчи

Коронавирус пандемияси сабабли бутун дунёда тўғридан-тўғри хорижий сармояларнинг глобал оқимлари жорий йилнинг бошидан бери деярли икки баробарга пасайди, дейилади БМТнинг савдо ва тараққиёт бўйича ЮНКТАД конференциясининг сўнгги маърузасида. Айни пайтда Россиядаги кескин тушкунлик туфайли ўтиш иқтисодиётига эга давлатларга хорижий сармоялар ҳажми бирданига 81 фоизга қисқарган. Қизиғи, ҳатто пандемия шароитида ҳам сармоядорларнинг ишончини йўқотмаган ва мамлакатда хорижий капитални сақлаб қолишга муваффақ бўлган қўшни Қозоғистон дурустгина динамикани намойиш этишга эришди. 

Қозоғистон ҳар доим инвестицияларни жалб этиш бўйича нафақат Марказий Осиёда, балки бутун МДҲда бирмунча барқарор юқори кўрсаткичларни намойиш этиб келган. Буларнинг бари мамлакатнинг очиқлиги, сиёсий бошқарувнинг барқарорлиги ва сармоядорлар учун қулай шароитларнинг яратилганлиги билан боғлиқ. Яна бир омил бор, бу ерда. Мамлакат ҳали ёш, бозор ўсиб бормоқда, катта амбициялар ва яна катта салоҳият хорижлик сармоядорларга капитални айнан шу давлатга киритиш ва кўпайтиришга даъват этади. Умуман олганда, сармоядорларнинг Қозоғистонга қизиқиши ҳар доим мантиқий бўлган. 

Пандемия келтириб чиқарган умумжаҳон иқтисодий тушкунлиги шароитида ҳозирги қизиқиш мантиққа зид, балкида фантастик туюлиши аниқ. Қозоғистон каби тараққиёт даражасида бўлган мамлакатлар ўз сармояларининг 80 фоизини йўқотадику, Қозоғистондаги пасайиш 30 фоизга ҳам етиб етмаган? Аммо айни пайтда айрим тармоқларда ҳатто сезиларли ўсиш кузатилмоқда. Масалан, 2020 йилда Қозоғистоннинг қайта ишлаш саноатига киритилган ялпи тўғридан-тўғри хорижий сармоялар 102 фоизга,  молиявий ва суғурта фаолиятига 67 фоиз, профессионал ва илмий соҳага 57 фоизга ўсган. 

Ҳамма гап шундаки, Қозоғистонда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ минтақанинг бошқа давлатларида кузатилмаган сармоядорлар учун қулай микроиқлим яратилди. Бизнес юритиш учун имтиёзли шароитлар, 50 йил муддатга қатор солиқлардан озод этиш, инглиз тижорий ҳуқуқи принципларига асосланган, собиқ совет маконида илк қўлланилган махсус юрисдикциянинг жорий этилиши тажрибаси шулар жумласидандир. Бу имтиёзларнинг барчаси “Остона” халқаро молиявий маркази (МФЦА)нинг битта майдонида жамланган бўлиб, хорижлик сармоядорларга чўнтаги ва қизиқишига қараб молиявий таклифни илгари сура олди. 

Қозоғистон МФЦА – бу ҳар бир алоҳида олинган сармоядор учун шундай вакилликки, у ерда пулдорга пулни қаерга тикиш маслаҳатини беришади, капитал сақланишига кафолат беради, тижорий баҳсларни эса унга нотаниш бўлган маҳаллий эмас, балки англосаксон ҳуқуқий тизими меъёрлари бўйича ечишади.  Яъни, муаммо юзага келган тақдирда, низо ҳуқуқ соҳасида улкан тажрибага эга инглиз судьялари иштирокида ҳал қилинади. 

Ҳозирда Қозоғистон молиявий маркази майдонида 500 дан зиёд халқаро резидентлар, жумладан, глобал тараққиёт институтлари, масалан, Хитойнинг1 триллион доллардан кўпроқ капитали бор China Construction Bank ва устав капитали 70 миллион долларли China Development Bank каби молиявий гигантлари мувафақиятли ишламоқда. 

Ҳатто пандемия даврида Халқаро молиявий марказни фойда билан ишлатишди. У ерда стартаплар учун краундфандинг майдонлари очишди, блокчейннинг янги платформасини ва кўпгина операцияларни онлайн тартибда ўтказишга имкон берадиган мултисервисли молиявий инфратузилма тизимини яратишди. 

Бундай шароитда Қозоғистонга нафақат узоқ хориждан, балки ўз иқтисодиётига сармоя киритишни истайдиган маҳаллий ва минтақавий инвесторлар оқиб келишидан ажабланмаса ҳам бўлади. Аммо бу билан қўшни мамлакатларда ҳам шароит ёмон деб бўлмайди. 

Айни пайтда Қозоғистон расмийлари  шароит бунданда яхши бўлишига ваъда бермоқдалар. Шу кунларда мамлакатда янги инвестициявий кодекс ишлаб чиқилаётган бўлиб, бизнес капитанларига сармоялаш учун янги қизиқарли таклифлар, йирик ўйинчилар, айниқса, минтақавий тадбиркорликка қўшимча имтиёзлар, махсус шароитлар таклиф этилади.

Анъанавий равишда хом ашё секторига сармояларни жалб этиб келган Қоззоғистон энди нохомашё тармоққа мўлжал олган. Ушбу тармоқда ишлашга тайёр бўлган сармоядорларга мамлакат ҳеч қаерда учратиш мумкин бўлмаган миқёс ва шартларда алоҳида шароитларни таклиф этади. 

Абдували Сайбназаров

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img