Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонҚишлоқ хўжалиги: органик маҳсулотлар трендга айланди

Қишлоқ хўжалиги: органик маҳсулотлар трендга айланди

Қишлоқ хўжалиги ерларини анъанавий фойдаланишдан органикага босқичма-босқич ўтказиш мамлакатимизнинг бутун агросаноат мажмуасини ривожлантиришга янада туртки беради. Бу борада диёримизда жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда дастлабки қадамлар ташланмоқда. Жумладан, “Sunny Fruit Production” МЧЖ томонидан 2017–2019 йилларда жами 1848 тонна органик майиз етиштирилиб, Россия Федерацияси, Франция, Германия, Голландия, Италия ва Греция давлатларига майизнинг анъанавий турига нисбатан 14,7 фоизга юқори нархларда экспорт қилинган ва 4,1 баробар кўпроқ соф фойда олинган.

Бугунги кунда дунёнинг 179 мамлакатида органик қишлоқ хўжалиги масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, уларда 2 миллиондан зиёд органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолият олиб бормоқдалар. Қайд этиш керак, органик қишлоқ хўжалиги – жаҳон тренди бўлиб, 2019 йилда органик қишлоқ хўжалиги бўйича халқаро бозорлардаги савдо айланмаси 96,7 млрд еврони ташкил этиб, 71,5 млн гектар майдонда 2,8 млн ишлаб чиқарувчи ушбу фаолият тури билан шуғулланган. Экспертларга кўра, дунё органик маҳсулотлари бозорида сўнгги 5 йил давомида йилига ўртача 15 фоиздан ўсишга эришилиб, 2022 йилда савдо айланмаси 212 млрд АҚШ доллари (жаҳон қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши умумий ҳажмининг 20 фоизи)ни ташкил этиши прогноз қилинган.

Органик қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари институти (FiBL) маълумотларига кўра, дунёнинг 103 та мамлакатида органик қишлоқ хўжалиги тўғрисида қонун қабул қилинган бўлиб, 6 та мамлакатда қонун ишлаб чиқилмоқда. Мазкур давлатларда органик маҳсулотлар ишлаб чиқариш йиллик 12-15% га ошиб бормоқда ва 2025 йилгача бундай кўрсаткичларни сақланиб қолишини иқтисодчилар томонидан башорат қилинмоқда.

Органик қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари институти (FiBL) ва Органик қишлоқ хўжалиги ҳаракати бўйича Халқаро Федерацияси (IFOAM)нинг Жаҳон органик қишлоқ хўжалиги статистикаси бўйича 2019 йилдаги нашрида Ўзбекистон Республикаси мева етиштириш бўйича қулай шароитга эга бўлган дунёдаги 10 та давлат қаторига киритилган ва республикамиз органик мева ишлаб чиқариш учун қулай ер майдонларига эга эканлиги қайд этилган.

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги тарихида ушбу амалиёт ўз ўрнига эга, яъни асрлар давомида шаклланган анъанавий сабзавотчилик ва боғдорчилик маданияти маҳаллий ўғитлардан фойдаланишни кўзда тутадиган биологик деҳқончилик тамойилларига асосланган. Бу генларни модификация қилиш технологияларини қўлламасдан, озуқавий қиймати юқори, ўзига хос таъм ва истеъмол хусусиятларига эга бўлган органик (экологик тоза) мева ва сабзавотларни етиштириш имконини беради.

Шунинг билан бирга, органик маҳсулотлар ва хомашёларни ишлаб чиқариш тизимини тўлиқ шакиллантирилмаганлиги, органик маҳсулотлар ва хомашёларни ишлаб чиқариш тизими доирасида ахборот-маслаҳат хизматлари кенг тарқалмаганлиги, қишлоқ хўжалиги органик маҳсулотлар ва хомашёларни ишлаб чиқариш тизимининг ривожланишини мустаҳкамлашга лаёқатли ҳамда малакали мутахассисларнинг етишмаслиги,  қишлоқ аҳолисининг органик маҳсулотлар ва хомашёларни ишлаб чиқариш тизими тўғрисидаги билим даражасининг етарли эмаслиги, соҳа ишлаб чиқарувчиларга маслаҳат ва ахборот ёрдамини тақдим этишнинг сустлиги ва истеъмолчиларнинг органик маҳсулотларига бўган истаъмол маданияти тўлиқ шакилланмаганлиги қишлоқ хўжалигида ўзаро органик маҳсулотлар ва хомашёларни ишлаб чиқариш тизимини йўлга қўйиш ва ривожлантиришга тўсқинлик қилмоқда.

Шу боисдан “Органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш тўғрисида”ги миллий қонунни қабул қилиш зарурати пайдо бўлди ва айни пайтда қонун лойиҳаси парламентнинг Қуйи палатасида муҳокама қилинмоқда. Қонуннинг қабул қилиниши органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва хом ашё ишлаб чиқариш тизимидаги муносабатларни шакллантиришнинг ҳуқуқий асосини яратиш, органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва хом ашё ишлаб чиқариш фаолиятини ривожлантириш, шунингдек, хўжалик субъектлари учун муносабатларни муфассал ҳуқуқий тартибга солишга ёрдам беради.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img