Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонҚирғизистон президентлик сайловига тайёргарлик кўрмоқда

Қирғизистон президентлик сайловига тайёргарлик кўрмоқда

Айни пайтда расмий Бишкек мамлакатнинг 6-президенти сайловини ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда. Бу сиёсий кампанияни кузатиб бораётган аксарият таҳлилчилар сайловда ким ғалаба қозонишидан қатъи назар, бу унинг узоқ вақт давлат тепасида қолишини кафолатламайди, деб фикр билдирмоқдалар.

Ёдингизда бор, Садир Жапаров президентлик курсисини эгаллаганидан сўнг мамлакат бошқарувининг барча дастакларини қўлга олиш учун енг шимариб ишга киришди. Муҳим мансабларга ўз одамларини қўйди. Маҳаллий ва хорижий корхоналарнинг молиявий даромадларини ўз назоратига олди.

Ҳокимият тепасига ким, қандай йўллар билан келади, бу албатта, Қирғизистоннинг ички иши. Мамлакат халқи тақдири, келажагини ўзи ҳал қилади. Табиийки, бу жараён республикада муайян қудратга эга бўлган сиёсий кучлар ва гуруҳларнинг иштирокисиз амалга ошмаслиги кундек равшан. Лекин, ҳокимият бошқарувини ким қўлга олишидан қатъи назар, унга ва жамоасига осон бўлмаслиги аниқ.

Негаки Қирғизистонда бугунги вазият қуйидагича:

мамлакат ялпи ишлаб чиқариш ҳажмининг 30 фоизини таъминлаган меҳнат муҳожирларининг ярмига яқини ҳозир ишсиз қолган;

октябр воқеаларидан сўнг давлат бюджетининг тақчиллигини молиялаштириш Россия томонидан тўхтатилди;

инфраструктура ва табиий бойликлар конларини қидириб топиш лойиҳаларини молиялаштириб келаётган Хитой бу борадаги янги лойиҳаларни тўхтатиб қўйди;

Бишкекдан ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзолашни сўраётган АҚШ гуманитар дастурлар доирасида Қирғизистонга маблағ ажратишни бас қилди.

Айни пайтда Қирғизистонда иқтисодиётни оёққа турғазиш, ижтимоий соҳани муқаррар ҳалокатдан сақлаб қолиш учун маблағ етишмаяпти. Мавжуд молиявий заҳиралар эса келгуси йилнинг баҳоригача етади. Ана шундай мураккаб бир пайтда мамлакатнинг янги етакчисини сайлаш, Конституцияга ўзгартиш киритиш бўйича референдум ўтказишга тўғри келяпти. Айрим таҳлилчилар бу жараёнлар тинч ўтиши ҳақиқатан йироқлигини башорат қилмоқдалар. Қўшни давлатдаги вазият, албатта Ўзбекистон учун жуда муҳим. Тошкент Қирғизистондаги юқорида таъкидланган сиёсий кампаниялар тинч ва адолатли ўтишидан, мамлакат барқарор ривожланиш йўлига ўтишидан манфаатдордир.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img