Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонҚирғизистон охирги давлат объектларини ҳам қўлдан бой бериши мумкин

Қирғизистон охирги давлат объектларини ҳам қўлдан бой бериши мумкин

Сабаби – ўша, ўша, Хитой олдидаги қарздан қутулиш. Ҳозирги кунда осмоности мамлакатининг Экспорт-импорт банки Қирғизистоннинг энг йирик кредитори ҳисобланади. Бишкек Пекиндан 1,7 млрд доллар қарз. Агар ушбу қарз вақтида қайтарилмаса, Қирғизистоннинг айрим давлат объектлари Хитой ихтиёрига ўтиб кетади.

Мамлакат Молия вазирлиги бундай хавф йўқлиги ҳақида баёнот берди. Бироқ экспертлар ушбу хотиржамликни вақтинчалик, деб ҳисобламоқда. Далил далиллигича қолади. Хитой қарздан воз кечишни хаёлига ҳам келтирмаяпти, муддатни узайтириш масаласи эса ҳали кун тартибига қўйилгани йўқ. Бунга Пекиннинг рози бўлиш эҳтимоли ҳам жуда кам.

Маълум бўлишича, Қирғизистон 9 та лойиҳани амалга ошириш учун Хитойдан 2 млрд 87,6 млн доллар қарз олган. Бу мамлакат ташқи қарзининг 40 фоизи демакдир. Амалга ошириш кўзда тутилган энг қиммат лойиҳа шимол-жануб йўналишидаги муқобил транспорт йўлаги ҳисобланади. Аввалига лойиҳа учун 399,9 млн доллар ажратилган эди. Охир-оқибат, уни якунига етказиш учун 698,6 млн доллар харажат қилишини маълум бўлди. Экспертлар, йўл қурилиши учун ажратилган маблағлар ҳажмининг ошишига ўғирликлар сабаб бўлган бўлиши мумкин, деган фикрда. Бундан ташқари, Датка-Кемин электр узатиш линиясини қуриш ва Бишкек ИЭС қурилмаларини модернизация қилиш учун кредит маблағлари ҳисобидан 775,8 млн доллар сарфланган. Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев мазкур лойиҳага жуда юқори баҳо бериб, унинг аҳамияти ҳақида кўп гапирганди. Бу лойҳа орқали мамлакатга хорижлик йирик сармоядорларнинг қизиқиши ортиши ҳақида ҳам бот-бот такрорлаган. Охир-оқибат, мамлакат фахри бўлган лойиҳа бўйича жиноят иши қўзғатилиб, Бош вазир ўринбосарларидан икки нафари ва энергетика тармоғи раҳбарлари қамоққа олинди.

Бишкек қарз масаласида Хитой билан муаммо юзага келмаслигини билдираётган бўлсада, Пекин олдидаги қарзни қандай узиш ҳақида ишончли далил келтира олмаяпти. Айни пайтда Пекин-Бешкек ўртасида қарзни қайтариш муддатини узайтириш ҳақида музокаралар бошланиши ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлган.

Агар Хитой Қирғизистонга қарзни қайтариш учун яна уч йил муддат беришга рози бўлган тақдирда ҳам, Бишкек ҳар йили икки марта тўловни амалга ошириши, Пекин томонидан илгари сурилган шартларга рози бўлиши керак. Қирғизистон президенти Садир Жапаров қарзни қандай бўлмасин узиш кераклигини, акс ҳолда мамлакатнинг давлат объектлари бегона қўлларга ўтиб кетиши мумкинлигидан яна бир бор огоҳлантирди. “Ташқи қарзимиз қарийб 5 млрд долларга тенг. Агар биз уларни вақтида қайтрмасак, кўплаб объектларимиздан жудо бўламиз. Бундай шартлар кўзда тутилган келишувларни Атамбаев имзолаган”, – деди Қирғизистон давлат раҳбари. Президент гаров тариқасида қайси объектлар шартномага киритилганига ойдинлик киритмади.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img