Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонҚирғизистон: мураккаб вазият янги инқилобдан далолатми?

Қирғизистон: мураккаб вазият янги инқилобдан далолатми?

Қирғизистонда бўлиб ўтган парламент сайловидан норози бўлган 12 та сиёсий партия томонидан уюштирилган митинг тўпалонга айланиб кетганидан хабарингиз бор. Намойишчилар тонггача президент ва парламент биноларини қўлга олган, собиқ президент Алмазбек Атамбаев, собиқ бош вазири Сапар Исаков ва бошқа сиёсатчиларни қамоқхоналардан озод этилган эди. Махсус хизматларнинг айрим бўлинмалари буткул таркиби билан намойишчилар томонга ўтиб кетган.

Мамлакат Хавфсизлик кенгаши парламент сайлови натижаларини бекор қилишга мажбур бўлди. Шунингдек, сайлов жараёнида йирик кўламда қалбакилаштириш ишлари билан шуғулланганларнинг барчаси қамоққа олиниши маълум қилинди.

Марказий сайлов комиссияси 12 та сиёсий партиянинг сайлов натижаларини бекор қилиш ҳақидаги талабини кўриб чиқишга улгурмаган. Чунки, эътирозлар МСКга кеча кечқурун тақдим этилган.

Айни пайтда тақдири нима бўлишини билолмаётган президент Сооранбой Жээнбеков одамларни ақл билан иш тутишга чақиряпти, холос. У ҳаммаси назоратда эканини таъкидлаётган бўлса-да, пойтахтдаги реал воқелик бунинг аксини кўрсатмоқда. Унинг бурни остидан сиёсий рақиби, собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг қамоқдан олиб чиқилиши ҳам амалдаги давлат раҳбари айни пайтда қандай ҳолатга тушиб қолганини исботлади.

Қирғизистон Марказий Осиё давлатлари орасида 2 марта халқ исёнини бошдан ўтказган давлат ҳисобланади. Гарчи, Сооранбой Жээнбеков бир неча марта мамлакат учун инқилоблар етарли, навбатдагисига йўл қўйилмайди, деб таъкидлаган бўлса-да, воқеалар ривожи 3-инқилобдан дарак бермоқда.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img