Бош саҳифаДолзарбҚарор халқимизга катта ёрдам ва мадад бўлади

Қарор халқимизга катта ёрдам ва мадад бўлади

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 10 февралдаги қарори гематология ва трансфузиология хизматларини ривожлантириш, онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган шахсларни қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлмоқда. Ушбу қарорга мувофиқ, 2020-2024 йилларда гематология соҳасини ривожлантириш учун 546 миллиард сўмдан зиёд ва қарийб 71 миллион доллар миқдорида маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган. Хусусан, жорий йилда 91 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилган.

Соғлиқни сақлаш тизимини замон талаблари даражасида ислоҳ қилиш натижасида аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза қилиш – Янги Ўзбекистонда юритилаётган ислоҳотларнинг асосини ташкил этади. Шу боис, бир неча ўн йиллар мобайнида тиббиёт соҳасида йиғилиб қолган қатор муаммолар чуқур таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар амалиётга жорий этилмоқда.

Ҳеч кимга сир эмас, онкология ва гемотология соҳаси кўп йиллар давомида ўз ҳолига ташлаб қўйилган эди. Натижада илғор тажрибалар амалиётга жорий этилмади, зарур дори-дармон ва жиҳозлар тақчиллиги юзага келди ва беморларнинг соғайиб кетиш кўрсатгичлари пасайиб кетди.
Бу ҳолатга давлатимиз раҳбари бир неча бор танқидий муносабат билдириб, масъуллар олдига янги вазифаларни қўйди. Натижада қисқа вақт ичида беморларнинг соғайиш кўрсатгичи 70-85 фоизга етказилди. Бироқ, вазиятни янада яхшилаш учун комплекс, илмий ёндошувга эҳтиёж бор эди.

Президентимизнинг муқаддас Рамазон ҳайити кунларида Республика ихтисослаштирилган гемотология ва онкология илмий-амалий тиббиёт марказларига ташриф буюриб, бу ердаги шароитлар билан танишиши, беморлар ва уларнинг ота-оналари билан суҳбатларидан кейин, реал вазият янада ойдинлашди. Мазкур ташриф давомида соҳани тубдан яхшилаш бўйича берилган аниқ кўрсатмаларнинг амалий натижаси сифатида Ўзбекистон Президентининг “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мутахассисларнинг фикрича, гемотология ва онкология соҳаларида ташхис, лабаратория, даволаш ва интенсив муолажа бўлимлари яхлит бир мажмуада бўлиши керак. Бироқ амалдаги тиббиёт марказлари бу талабларга жавоб бермаслиги, бино ва жиҳозларининг эскириб кетгани бу борада қатор муаммоларга сабаб бўлиб келаётган эди. Қарорда айни шу жиҳат ҳисобга олиниб, Гематология тиббиёт маркази – Тошкент шаҳар Чилонзор тумани, Арнасой кўчасидаги янги қурилган биноларга жойлаштирилиши, Онкология ва радиология тиббиёт маркази учун эса Тошкент тиббиёт академияси клиникасининг бўш турган ҳудудида янги бино-иншоотлар комплекси барпо этиладиган бўлди.

Хусусан, Гематология тиббиёт марказининг янги биносида 2021 йил 1 сентябрга қадар Россиянинг Рогочев номидаги марказ тажрибаси асосида жарроҳлик, интенсив терапия, трансфузиология ва транспланталогия, радио диагностика, бактериологик лаборатория, махсус овқат тайёрлаш бўлимлари ҳамда болалар учун таълим олиш марказлари ташкил этилади.

Болалар саломатлигига эътиборни янада кучайтириш мақсадида, Қарор билан Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ташкил этилмоқда ҳамда унинг 2022 йил 1 январдан бошлаб мустақил марказ сифатида фаолият кўрсатиши белгиланмоқда. Эътиборга молик жиҳати, ҳудудлардаги болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида Болалар гематология ва онкологияси бўлимлари ҳам ташкил этилади.

Суяк кўмиги ҳужайраларини кўчириб ўтказиш амалиёти мураккаб жарроҳлик амалиёти бўлиб, дунё мамлакатларида бу турдаги операцияларни ташхислаш учун 50 минг доллар, суяк илигини кўчириш учун ўрта ҳисобда 300 минг доллар харажат талаб этилади. Хўш, бунча маблағи бўлмаган бемор нима қилиши керак? Президент қарорида бу жиҳатлар ҳам эътибордан четда қолмаган ва суяк кўмигининг ўзак ҳужайраларини кўчириш амалиёти дастлаб Гематология тиббиёт марказида, кейинчалик эса Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида ўтказилиши учун шароит яратиш кўзда тутилмоқда.

Барчамиз биламиз, онкология ва гемотология касалликларини даволаш катта маблағ ва ресурс талаб этади. Халқ саломатлиги давлатнинг асосий бойлиги деб қаралар экан, бу борада барча имкониятлар ишга солиняпти. Хусусан, Онкологик касалликлар учун дори воситаларини харид қилиш харажатларига бюджетдан қўшимча 60 млрд сўм ажратилмоқда. Маблағлар миқдорининг икки баробарга, яъни 61,2 млрд сўмдан 120 млрд сўмгача оширилиши ҳисобига ўсмаларга қарши ишлатиладиган дори воситаларининг таъминот даражаси амалдаги 50 фоиздан 95-100 фоизгача етказилади. Қарорда, айниқса, хотин-қизларда онкологик касалликларни эрта аниқлаш тарқалишининг олдини олиш масалалига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда 2022 йил 1 январдан бошлаб, 9–14 ёшдаги (1,8 млн нафар) ўсмир қизлар одам папилломаси вирусига қарши эмланади, 30–55 ёшдаги (5,6 млн нафар) аёллар бачадон бўйни, 45–65 ёшдаги (3,2 млн нафар) аёллар кўкрак бези саратони бўйича скринингдан ўтказилади.

Шунингдек, барча туман ва шаҳарларда “Онко-назорат” хоналарини ташкил этиш, улар фаолиятининг сифатини махсус ахборот тизими орқали назорат қилиш, бирламчи бўғин шифокори учун гематологик ва онкологик йўналишда қисқа муддатли семинар-тренинглар ўтказиш бўйича вазифалар белгиланиб, бу мақсадларга ажратилган маблағларнинг манзилли ишлатилишига ҳудудларнинг биринчи раҳбарлари – ҳокимлар шахсан жавобгар эканлиги белгиланмоқда.
Бундан ташқари ўз ҳудудларида гематологик ва онкологик касалликларни эрта аниқлаш ҳамда муваффақиятли даволаш кўрсаткичларининг ошиши, касаллик оқибатида юз берадиган ўлим ҳолатининг камайишига эришилганлиги улар фаолиятининг самарадорлигини баҳолашда асосий мезонлардан бири сифатида эътироф этилади.

Шунингдек, қарорда айнан ҳудудий тегишли тиббиёт муассасалари учун мобиль маммографлар, онкомаркерларни аниқлаш реактив тўпламлари, онлайн режимда маълумот узатувчи камерали микроскоп, қон компонентларини ажратиш сепараторлар ва кимёвий текшириш ускуналари марказлаштирилган тартибда харид қилиниши белгилаб қўйилди.

Мазкур тиббий техникаларни сотиб олишга маҳаллий бюджетларнинг қўшимча даромадлари ва бошқа марказлаштирилган манбалар ҳисобидан 98,4 млрд сўм йўналтирилади. Маълумотларга кўра, 2020 йилда ҳудудлардан республика ихтисослаштирилган марказларига 10,3 минг нафар бемор даволаниш учун келган ва турли текширувлардан ўтиш учун 25,8 млрд сўм маблағ сарфлаган. Ана шу маънода Президент қарорининг навбатдаги банди халқимизга катта ёрдам ва мадад бўлишини англаш қийин эмас. Бундан буён ёш мутахассисларни гематология, онкология ва клиник иммунология йўналишлари бўйича хориждаги етакчи илмий ва тиббиёт марказларида малака ошириши ва стажировка ўташ харажатлари, онкологик ва гематологик касалларнинг позитрон-эмиссион томография текширувидан ўтиш харажатлари; онкологик ва гематологик беморларнинг вилоятлардан республика ихтисослаштирилган марказларига темир йўл ва авиатранспорти орқали келиш харажатлари давлат бюджети ва бошқа мақсадли жамғармалар ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилади.

Бундан ташқари, қарорда тегишли масъуллар ва идораларга 2021 йил якунига қадар гематологик ва онкологик беморларни даволаш жараёнларини кузатиш имконини берадиган электрон тиббий карталарни юритиш тизимини яратиш, оғир касалларга наркотик ва психотроп воситалари бериш тартибини соддалаштириш ҳамда оғриқ қолдирувчи ноинъекцион наркотик воситаларни амалиётга татбиқ этиш, 2022 йил 1 мартга қадар даволаш ва паллиатив ёрдам стандартлари ва клиник протоколларини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари асосида такомиллаштириш, Оролбўйи минтақасидаги болалар орасида гематологик ва онкологик касалликларни эрта аниқлаш, беморларни даволаш ва уларнинг профилактикасини кучайтириш учун тизимли равишда грант маблағларини жалб этиш бўйича вазифалар қўйилган.

Айтмоқчиманки, аҳоли саломатлиги – улкан бойлик, жамиятнинг барқарор ривожланиши гаровидир. Ўзбекистон “Адолат” СДП аҳолига кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, замонавий технология ва даволаш усулларини кенг жорий қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини қайта шакллантиришни давом эттириш тарафдори. Партиямиз сайловолди дастурида таъкидланганидек, бизнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги устувор мақсадимиз – аҳолига барча даражада (республика, вилоят, туман, қишлоқ) юқори технологияли, ихтисослаштирилган ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш тизими самарадорлигини таъминлашдан иборат. Биз касалланиш йўналишларини ўз вақтида аниқлаш мақсадида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимига илмий-тадқиқот фаолиятининг охирги ютуқларини фаол жорий қилиш тарафдоримиз. Шу маънода, Президентимиз томонидан қабул қилинган қарор ижросини таъминлашда биз партия фаоллари, депутатлик гуруҳларининг аъзолари фаол қатнашишимиз керак.

Тошпўлат МАТИБАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Миробод туман Кенгаши раиси,
социология фанлари доктори, профессор

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img