Бош саҳифаДолзарбҚарийб юз фоизлик натижа қайд этган учлик

Қарийб юз фоизлик натижа қайд этган учлик

Жорий йилнинг 26 майида бўлиб ўтган президент сайловида сайловчиларнинг 95,1 фоиз овозини олишга муваффақ бўлган Сурия етакчиси Башар Асад яна 7 йил давомида давлатга раҳбарлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритди.

17 июл куни лавозимини бажаришга киришиши муносабати билан қасамёд қилган Асад 20 йилдан буён мамлакатни бошқариб келади. Унинг бошқаруви даврида, яъни 2011 йилда бошланган уруш олови ҳамон алангаланиб турибди. Бунинг оқибатида мамлакат деярли хароб аҳволга келиб қолди. Уруш бошланганидан буён сурияликлардан 6,9 млн нафари уй-жойларини ташлаб хорижга кетишга мажбур бўлди. БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссари ҳисоботида қайд этилишича, 2018 йил 1 декабр ҳолатига кўра дунёнинг 45 та давлати 6 664 415 нафар суриялик қочоққа вақтинча ўз ҳудудидан жой берган. Бугунги кунда биргина Туркияда 3,6 млн. нафар суриялик қочоқ мавжуд.

Суриянинг ўзида эса айни пайтда болалар, аёллар, қариялардан иборат 24 миллион фуқарога зудлик билан ёрдам зарур. Жорий йилнинг 16 мартида бўлиб ўтган БМТ кенгашида ташкилот координаторлари жаҳон ҳамжамиятига Сурия халқига ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат қилди ва бунинг учун қарийб 10 млрд доллар зарурлигини маълум қилди.

Сурия халқининг танлови ва миллий қонунчилик меъёрларини ҳурмат қилган ҳолда айтамизки, мамлакат ва фуқароларини шундай ҳолатга келтирган етакчининг сайловларда 95,1 фоиз овоз тўплаб, тахтда қолиши ўта ажабланарлидир.

Мутахассислиги тиш дўхтири бўлган Туркманистон президенти Қурбонгули Бердимуҳаммедов ҳам 2017 йилда бўлиб ўтган президентлик сайловида эришган натижаси билан олам аҳлини “лол” қолдирди. 2006 йилдан буён давлат раҳбари лавозимини эгаллаб келаётган Арқадағ Туркманистон демократик партиясидан (демократия дорга осилган мамлакатда бундай номдаги партиянинг мавжудлиги ўта кулгулидир) сайловга номзоди кўрсатилган ва дунё сайлов тарихида деярли кузатилмаган натижа –97,69 фоиз овоз тўплаб, янги муддатга давлатга раҳбарлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Туркманистон — дунёнинг бармоқ билан санарли ўта ёпиқ давлатларидан бири. Мамлакат ташқи дунё билан деярли кўп қиррали алоқага эга эмас. 40 ёшга тўлмаган туркманларнинг хорижга чиқиши амалда деярли мумкин эмас. Мамлакатда озиқ-овқат танқислиги бир неча йиллардан буён кузатилади. Одамлар давлат дўконларида егулик харид қилиш учун ярим тундан навбатда туришга мажбур, хусусий дўконларда эса нархлар осмонга сапчиб кетган.

Постсовет ҳудуди давлатлари орасида тахт суриш бўйича пешқадам Эмомали Раҳмон 1992 йилдан буён раҳбарлик қилиб келаётган Тожикистон халқининг ҳаёти ҳам ҳавас қиларли даражада эмас. Ўтган йили бўлиб ўтган президентлик сайловида 90,92 фоизлик натижа билан янги муддатга сайланган пешвои миллат олдида ҳал этилиши лозим бўлган кўплаб ўткир муаммолар бор. Ишсизлик, саноатдаги қолоқлик, таълим, тиббиёт тизимидаги оғир аҳволларнинг ечимини ҳозирча Эмомали Раҳмон жамоаси топишга муваффақ бўлмаяпти. Давлат бюджетининг камида 30 фоизини Россияда тер тўкаётган меҳнат муҳожирлари юбораётган пуллар ташкил этаётган бир пайтда коронавирус пандемияси туфайли меҳнат бозорига ўрнатилган чекловлар Душанбенинг аҳволини янада оғирлаштирди. Бундан ташқари, Хитой берган қарзини қайтаришни қичаб ётибди. Душанбе-Пекин ўртасида кредит қайтариш муддатини узайтириш борасида ўтказилган музокаралар эса пешвои миллат истаган натижани бермади. Шу боисдан, ташқи қарзни узиш масаласи президент жамоаси олдидаги энг оғриқли масалалардан бири бўлиб турибди.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img