Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонПенсия тайинлаш соҳасида қоғозбозликларга чек қўйилди

Пенсия тайинлаш соҳасида қоғозбозликларга чек қўйилди

Шу пайтга қадар давлат пенсияларини тайинлашда 30 турдаги ҳужжат талаб этиларди. Уларни йиғиш учун фуқаро 14 дан ортиқ вазирлик ва ташкилотларга мурожаат қилишга мажбур бўлар, қоғозбозлик одамларнинг асабига тегар, вақтини ўғирлар эди.

Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 4 майдаги “Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳадаги бюрократик ҳолатларга нуқта қўйди. Яъни, ҳужжатга мувофиқ, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб меҳнат стажи, иш ҳақи, олийгоҳда ўқигани ва ҳарбий хизмат даври маълумотлари Пенсия жамғармасининг дастурий таъминоти билан боғланган ҳолда “Ягона меҳнат миллий тизими” орқали электрон тарзда олинади. Ушбу тизимда турли вазирлик, идора ва ташкилотларнинг 4,8 миллион ишчиси иш ҳақи ва иш стажига оид маълумотлар шакллантирилган. Давлат пенсияларини тайинлаш учун фуқаролардан фақат паспорт ёки идентификация ID-картаси талаб этилади. Келгусида фуқароларга пенсия бўлимларига келмасдан, уларнинг электрон мурожаатлари асосида пенсия тайинлаш имконияти яратилади.

Қайд этилишича, бугунги кунда аҳолига пенсия ва нафақалар “Халқ банки”  филиаллари томонидан етказиб берилиб, бунинг учун 0,9 фоиз хизмат ҳақи олинган. 2020 йилда жами 35,4 триллион сўмлик пенсия ва нафақа тўловларининг 28,1 триллион сўми ёки 79 фоизи нақд пул кўринишида ажратилган. “Халқ банки”га мазкур тўловларни нақд пулда тарқатиш хизматлари учун 2020 йилда 223,6 миллиард сўмлик хизмат ҳақи тўланган.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img