Бош саҳифаДолзарбПекинда "Низомий Ганжавий – бутун башарият шоири" тадбири ўтказилди

Пекинда “Низомий Ганжавий – бутун башарият шоири” тадбири ўтказилди

Пекин шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Котибиятида “Низомий Ганжавий – бутун башарият шоири” номли тадбири бўлиб ўтди. Низомий Ганжавий йили доирасида Ҳайдар Алиев жамғармаси томонидан  Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) ва Озарбайжоннинг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Хитой ҳукуматининг Евросиё ишлари бўйича махсус вакили Ли Гуи, Пекиндаги қатор мамлакатлар элчилари, дипломатик корпус вакиллари, Хитой  жамоатчилиги ва бошқалар иштирок этди.

Дастлаб Ҳайдар Алиев жамғармаси томонидан Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти котибияти биносида доимий намойиш учун совға қилинган Низомий Ганжавийнинг бюсти тақдимоти бўлиб ўтди. Бу Хитой мутафаккири Конфуцийдан кейин ШҲТ котибиятида намойиш этилган иккинчи бюстдир. Меҳмонлар Озарбайжоннинг даҳо шоири Низомий Ганжавийнинг жаҳондаги машҳур музейларда намойиш этилган асарларига иллюстрациялар кўргазмаси ҳамда серқирра шоир асарларидан парчалар тасвирланган гиламлар билан танишдилар.

Тадбирда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Владимир Норов сўзга чиқиб, атоқли Озарбайжон шоири ва мутафаккири Низомий Ганжавий ўзининг “Хамса”си билан нафақат Шарқ, балки, умуман, бутун жаҳон адабиёти ривожига улкан ҳисса қўшганини эътироф этди. Шарқ Ренессанси асосчиси Низомий Ганжавийнинг ижоди ўлмас ва умуминсоний мерос эканлигини, Шарқ шеърияти Низомий ижодидан бошланганлигини таъкидлади. Юксак ғоялар, умуминсоний қадриятлар ва адолатга хизмат қилган Низомий Ганжавий нафақат ижоди, балки ҳаёт йўли билан ҳам идеал шахс эканлиги айтиб ўтилди. Она шаҳри Ганжни ҳеч қачон тарк этмаган шоир буюк ватанпарварликни намойиш этган. Низомий Ганжавий ахлоқий  бойликни ҳамма нарсадан устун деб ҳисоблаган.

ШҲТ Бош котиби кўпгина шоирлар адабиётда Низомий Ганжавий йўлини давом эттирганларини, ўз асарларини унинг асарлари таъсирида яратганларини эътироф этди.

Владимир Норов 2004 йилда Тошкентда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев иштирокида Озарбайжон даҳо шоири ва мутафаккири Низомий  Ганжавий ҳайкали тантанали очилиш маросимини ёдга олди. У ШҲТ  котибиятида даҳо Низомий Ганжавий таваллудининг 880 йиллигига бағишланган тадбир ўтказишда қўллаб-қувватлаганликлари, шунингдек, буюк мутафаккир бюстини совға қилганликлари учун Ҳайдар Алиев жамғармаси ва Озарбайжон элчихонасига миннатдорчилик билдирди. У шоирнинг бюсти ШҲТ ходимларига  унинг эзгуликни, хайр-саховатни ва бошқа юксак инсоний  фазилатларни мадҳ этувчи асарлари каби илҳом бағишлашига ишонч билдирди.

Озарбайжоннинг Хитойдаги элчиси Экрем Зейналли жаҳон адабиётининг ёрқин вакилларидан бири бўлган Низомий Ганжавий юксак туйғулар, инсонпарварлик, олижаноблик, адолат ва бошқа фазилатларни тараннум этганини таъкидлади. Ўзининг ўлмас, беқиёс ижоди билан Низомий дунёнинг буюк шоирлари қаторидан ўрин олганини ва унинг асарлари биз учун, келажак авлодлар учун ҳамиша илҳом манбаи бўлади, десак муболаға бўлмайди, деди.

Элчи Э. Зейналлининг таъкидлашича, Низомий Ганжавий ўзининг адабий  мероси билан инсоният бадиий тафаккурининг солномасида янги саҳифа очган бетакрор шахсдир. Низомий Ганжавий турли халқлар ҳаётини тасвирлаган ўлмас “Хамса”сида кўпмаданиятли қадриятлар, илм-фан, тинчлик ва тараққиётни куйлаган. Бу ғоялар Низомий Ганжавий халқаро маркази фаолиятида ҳам ўз аксини топган.

Экрем Зейналли асосий фаолиятларидан бири Озарбайжон маданиятини дунёда тарғиб қилишдан иборат бўлган Ҳайдар Алиев жамғармаси ҳам серқирра шоир Низомий Ганжавий меросини тарғиб этишга катта эътибор қаратаётганини таъкидлади. Шоир асарлари турли тилларга таржима қилинган. Париж, Страсбург, Рим, Лондон, Москва ва дунёнинг бошқа шаҳарларида Низомийга бағишланган кўргазма ва тақдимотлар ўтказилган.

Элчи Экрем Зейналли Пекиндаги Чаоянг паркидаги Низомий Ганжавийнинг бюсти муаллифи, ҳаёкалтарош-рассом Юан Сикун Озарбайжон ва Хитой ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантириш борасидаги хизматлари учун Президент Илҳом Алиев томонидан “Дўстлик” ордени билан тақдирланганига эътибор қаратди. Дипломат орден ва унинг гувоҳномасини хитойлик ҳайкалтарошга топширди.

Низомий Ганжавий ижоди умумбашарий аҳамиятга эга эканлигини, шоир фикрлари инсон учун маънавий озуқа эканлигини таъкидлаб, Юан Сикун Низомий Ганжавий йилида Президент Илҳом Алиев томонидан “Дўстлик” ордени билан тақдирланганлиги билан фахрланиш ҳиссини туюшини айтди ва бу юксак мукофот учун давлат раҳбарига миннатдорлик билдирди. Унинг сўзларига кўра, у икки мамлакат ўртасидаги маданий алмашинувга ҳисса қўшиш учун саъй-ҳаракатини давом эттиради.

Пекиндаги энг йирик боғлардан бири Чаоянга жойлаштирилган Низомий  Ганжавийнинг бюсти 2012 йилда – Озарбайжон ва Хитой ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 20 йиллиги нишонланган вақтда Юан Сикун томонидан тайёрланган.

Шундан сўнг ёрқин шоир ижодига бағишланган филм намойиш этилди, Пекин чет тиллар университетининг “Озарбайжон тили” мутахассислиги бўйича таҳсил олаётган талабалари озарбайжон ва хитой тилларида Низомий  Ганжавий асарларидан парчалар ўқишди.

Хитой Марказий мусиқа консерваториясида фаолият кўрсатаётган Амбер квартети Узеюир Ҳожибейли, Қораев, Фикрат Амиров ва Тофиг Гулиевнинг асарларини ижро этди.

Тадбир иштирокчиларига Озарбайжон маданий меросига оид Ҳайдар Алиев жамғармасининг нашрлари, жумладан, Низомий Ганжавий асарларини ўз ичига олган китоблар, буклетлар, CDлар берилди.

Таъкидлаш керакки, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти 2001 йилда Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон иштирокида тузилган давлатлараро халқаро ташкилотдир. 2017 йилда Ҳиндистон ва Покистон ШҲТга тўлиқ аъзо бўлди. Озарбайжон жаҳон аҳолисининг қарийб ярми, жаҳон ялпи ички маҳсулотининг тўртдан бири, шунингдек, Евросиё ҳудудининг 80 фоизини бирлаштирган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти билан алоқалар ва ҳамкорликка алоҳида аҳамият беради. Мамлакатимиз ташкилотда мулоқот ҳамкори мақомида тақдим этилган.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img