Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонПандемия шароитида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатлари кучайтирилди

Пандемия шароитида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатлари кучайтирилди

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида коронавирус инфекцияси (COVID-19) қайд этилганлиги сабабли 2020 йилнинг 16 мартидан бошлаб ушбу инфекция кенг тарқалишининг олдини олишга қаратилган махсус чоралар (карантин) жорий этилди. Карантин чораларининг тадбиқ этилиши давлат органлари ва бошқа муассасалар иш тартибига, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига жиддий ўзгартиришлар киритилишига, фуқароларнинг эркин ҳаракатланишига, шу жумладан, эркин меҳнат қилишларида айрим чекланишларга сабаб бўлди.

Асосий қонунимизнинг 37-моддасида ҳар бир шахс эркин меҳнат қилиши ва ишсизликдан ҳимояланиши каби ҳуқуқлари кўрсатиб ўтилган. Маълумки, давлатимиз томонидан юритилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг замирида аҳоли фаровонлиги ва турмуш-тарзини янада яхшилаш масаласи ётади. Мамлакатимизда амал қилиб турган эпидемиологик вазиятларда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш мақсадида аҳолини ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини янада қўллаб қувватлаш зарурати юзага келди.

Ижтимоий ҳимоя қилиш деганда, кенг маънода – мамлакат аҳолисини ижтимоий ва моддий муҳофаза қилишни таъминлайдиган ва жамиятда қарор топган ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий чора-тадбирлар мажмуини тушуниш мумкин. Шу ўринда айтиш жоизки, карантин қоидаларидаги чекловлар ёки пандемиянинг олдини олиш бўйича ишлаб чиқилган чора тадбирларда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Бироқ, юзага келган пандемия шароити ва коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган махсус чоралар сабабли фуқаролар ўз ҳуқуқларидан фойдаланишларида бироз чекланишларга тўғри келди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январдаги Ф-5537-сонли фармойиши билан ташкил этилган мамлакатимизга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатлари бугунги кунда фуқароларимизни пандемия шароитида ижтимоий ҳимоя қилиш йўналишларини белгилаб берган дастлабки ҳуқуқий асослар сифатида қаратилиши мумкин.

Республикамиз ҳудудида транспорт воситаларининг ҳаракатланишига қўйилган чекловлар ҳам аҳоли орасида инфекция тарқалишини олдини олиш ва камайтиришга қаратилган бўлиб, бу каби чекловларнинг ҳуқуқий асоси сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида пандемия шароитини ҳисобга олган ҳолда, фуқароларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор енгилликлар яратилди. Жумладан, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи аҳолининг солиқлар бўйича тўловлар миқдори кескин камайтирилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида фуқароларга, ҳусусан жисмоний ва юридик шахсларга карантин даврида бир қатор имтиёзлар яратилганлигини кўриш мумкин. Жумладан, карантин даврида аҳоли эхтиёжи учун зарур бўлган айрим турдаги товарларни четдан олиб киришда тўланадиган божхона божи ва акциз солиғининг ноль ставкалари кўрсатилиб, 2020 йилнинг 31 декабргача амал қилиши белгиланди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож моддий ёрдам олувчи тўлов муддати жорий йилнинг март-июнь ойларида тугайдиган болали нафақа олувчи оилалар ва бола парвариши учун моддий ёрдам олувчиларнинг тўлов муддати аризаларсиз 6 ой муддатга тўхтовсиз амалга оширилиши ҳамда банклар томонидан молиявий қийинчиликка учраган жисмоний ва юридик шахсларга берилган кредитларни сўндирилиш тартибини кечиктириш шу йилнинг 1 октябрига қадар давом этиш тартиби белгиланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 30 июлдаги “Коронавирус пандемияси даврида иштимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб қувватлашга доир қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан бир қатор вазифалар амалга оширилиши белгилаб олинди.
Фармонда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича мутасадди идоралар томонидан шакллантирилган моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатларига киритилган ва аъзолари 1,7 миллион нафардан ортиқ бўлган 400 мингдан кўпроқ оилаларга республика бюджетидан бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Марказий банки бир марталик моддий ёрдам пулларини моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхатларига киритилган оилаларга 2020 йил 15 августга қадар етказилишини таъминлаш белгилаб қўйилди. Шунингдек, 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб пенсиялар, болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақалар миқдори 1,1 баробар оширилиши белгилаб қўйилди.

2020 йил 1 сентябрдан бошлаб мамлакатимиз ҳудудида пенсия ҳисоблашнинг базовий миқдори – 262470 сўм, ёшга доир энг кам пенсиялар-ойига 513350 сўм миқдорида, болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа 513350 сўм миқдорида ва меҳнатга лаёқатсиз, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга – ойига 315030 сўм этиб белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда 2020 йилнинг якунига қадар:

14 ёшгача болалари бўлган эҳтиёжманд нафақа олувчи оилаларнинг амалдаги сонини 2 баробарга ошириб, 700 мингтагача етказишни;

бола 2 ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа олувчи эҳтиёжманд оналарнинг амалдаги сонини 330 мингдан 400 мингтага ошириш; моддий ёрдам олувчи кам таъминланган оилаларнинг амалдаги сонини 89 мингдан 100 мингтага етказишни таъминлаш каби вазифалар юклатилди.

Дарҳақиқат, пандемия шароитида ижтимоий соҳдаги бу каби вазифаларни белгиланиши, амалга оширилиши ҳамда ижтимоий ҳимоя кафолатларининг кучайтирилганлиги аҳолининг моддий аҳволини яхшилабгина қолмай, давлатнинг ўз фуқароларига бўлган ғамхўрлигини исботлайди.

Шунингдек, таклиф сифатида аҳоли орасида ижтимоий химояга мухтож яъни уй-жой шароити бўлмаган оилалар қатлами учун ипотека кредитининг дастлабки тўлов миқдорини 15 фоизгача камайтириш масаласини тегишли идоралар томонидан кўриб чиқилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Ҳамидулла МЎМИНОВ,
Юристлар малакасини ошириш маркази бўлим бошлиғи

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img