Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳон«Ўзбекистон ва Қозоғистон: Мустақилликка 30 йил ва ёш давлатларнинг оёққа туриши»

«Ўзбекистон ва Қозоғистон: Мустақилликка 30 йил ва ёш давлатларнинг оёққа туриши»

Яқинда Ўзбекистонда мустақиллигимизнинг 30 йиллиги кенг нишонланди.  Тез орада Қозоғистонда ҳам мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланган тантаналар бўлиб ўтади. Мазкур сана икки мамлакат муносабатлари жадал ривожланаётган ҳамда янгича мазмун билан бойиб бораётган бир даврда нишонланмоқда.

Тошкентда «Ўзбекистон ва Қозоғистон: Мустақилликка 30 йил ва ёш давлатларнинг оёққа туриши» мавзуида илмий-амалий халқаро конференция бўлиб ўтди. Анжуманда ҳар икки мамлакатнинг таниқли сиёсатшунослари, дипломатлари, жамоатчилик ва ОАВ вакиллари, олимлар ва талаба ёшлар иштирок этди. Халқаро конференцияда етакчи экспертлар икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида эришилган ютуқ ва натижалар, ўзаро алоқаларнинг янги йўналишлари ҳамда истиқболларини муҳокама қилдилар. Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Қозоғистон муносабатлари мустаҳкам тарихий ҳамда маданий илдизларга эга. Икки мамлакат  2,5 минг километрлик умумий чегарага эга. Бу дўстлик ва қардошлик чегарасидир. Чунки, қайд этилганидек, бугун мамлакатларимиз ўртасида ҳудудий ва чегара масалаларида муаммо йўқ.

Анжуманда таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Қозоғистон Марказий Осиёнинг муҳим давлатлари ҳисобланади. Икки мамлакат муносабатлари яқин қўшничилик ҳамда стратегик шериклик руҳида изчил ривожланмоқда. Ҳамкорлик алоқалари халқларимизнинг азал-азалдан шаклланган дўстлик ва қардошлик ришталарига, умумий тарих, тил ҳамда маданиятига асосланган.

Ўзаро муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди ва ҳозирги пайтда жадал суръатларда ривожланиб бораяпти. Анжуманда қайд этилганидек, ҳам Ўзбекистон, ҳам Қозоғистон ўз тараққиётининг янги босқичида турибди.

Халқаро анжуманда экспертлар икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан томонларнинг қарашлари ҳамда ёндашувларини, савдо-иқтисодий муносабатларни янада чуқурлаштириш, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш истиқболларини таҳлил этишди.

“Билим карвони” нодавлат нотижорат илмий муассасаси эксперти, фалсафа доктори Зокир Усмоновнинг фикрича, ҳозирги босқичда республикалар ўртасидаги муносабатларни барча соҳаларда жадал ривожланишга чоғланган ишончли муносабатлар деб атаса бўлади. Ушбу босқични стратегик асосга эга икки томонлама муносабатлар парвозининг ўзига хос ибтидоси деб тавсифлаш мумкин.

Конференцияда қайд этилганидек, Ўзбекистон Қозоғистоннинг энг йирик савдо шериги саналади. Қозоғистон билан Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасидаги энг жадал ривожланаётган ва бир-бири учун аҳамиятли савдо шерикларидир. Ўзбекистон иқтисодиёти юксакроқ даражада ранг-баранглашгани сабаб катта иқтисодий салоҳиятга эга, шу сабабли Қозоғистон Ўзбекистонга, шунинг баробарида Ўзбекистон ҳам Қозоғистонга катта қизиқиш билан қарамоқда. Тадбир қатнашчиларининг фикрича, Ўзбекистон ва Қозоғистон муносабатлари янги поғонага кўтарилиши икки қардош халқнинг узоқ муддатли манфаатларига тўла жавоб беради ҳамда Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик, хавфсизлик ва жадал тараққиётни таъминлашнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.

Шарофиддин   Тўлаганов

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img