Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонОзарбайжон Ўзбекистон билан ҳамкорлик тарафдори

Озарбайжон Ўзбекистон билан ҳамкорлик тарафдори

Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатлари ҳар доимгидан мустаҳкам. Ўзбекистон фақат географик жиҳатдангина Марказий Осиёнинг юраги ҳисобланмайди. Ўзбекистон — Марказий Осиё минтақасидаги энг муҳим фигурадир, унинг иштирокисиз ҳеч бир масалани ҳал қилиб бўлмайди. Жанубий Кавказ минтақасида Озарбайжон Ўзбекистоннинг асосий шериги ҳисобланади, бу геосиёсий ва геоиқтисодий жиҳатдан жуда муҳим. Шуни ишонч билан айтишим мумкинки, бугунги кунда давлатларимиз орасида ўзаро сиёсий ишонч қарор топган, иккала давлат ҳам халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида бир-бирини қўллаб келмоқда. Озарбайжон ва Ўзбекистон – ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаган ва мустақил сиёсат юритадиган собиқ совет маконидаги ягона давлатлардир. Ҳар икки мамлакатда сиёсий барқарорлик ҳукм сурмоқда. Мамлакатларимиз бозор иқтисодиётини ривожлантириш билан боғлиқ ислоҳотларни чуқурлаштириш сари йўл олган.

Озарбайжоннинг амалдаги давлат раҳбари, марҳум Ҳайдар Алиев бошлаб берган шарафли йўлнинг давомчиси Илҳом Алиев азалий алоқаларимизни янада ривожлантиришга жиддий эътибор қаратиб келаётир. Бунинг амалий самараси ўлароқ, Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Илҳом Алиев Ўзбекистон Республикаси билан Озарбайжон Республикаси ўртасидаги стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги декларацияни имзоладилар. Шунингдек, давлат раҳбарлари ҳузурида икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари ўртасида 18 та ҳужжатга эришилдики, ушбу битимлар Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорликнинг қатор истиқболли йўналишларида амалий шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Озарбайжон доим Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини намоён қилиб келган, чунки интилишларимиз халқларимиз манфаатларини таъминлаш, тараққиётга эришишга қаратилган. Ушбу мавзу биз учун ҳар дам долзарб ва муҳимдир. Ҳамкорликнинг барча соҳаларида – иқтисодиёт, сиёсат, парламентлараро алоқалар, маданият ва ижтимоий соҳада муваффақиятларга эришилмоқда.

Ўзбекистон ва Озарбайжон парламентлари ўртасида яқин ва кўп қиррали шериклик йўлга қўйилгани ҳам ушбу ижобий натижаларга олиб келди. 2022 йилнинг апрелида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида келишув имзолангани икки мамлакат қонун чиқарувчи органларининг тизимли ва мустаҳкам алоқаларини мустаҳкамлаш кафолати бўлиб қолмоқда.Тошкентдаги аҳдлашувлардан кейин парламентлараро ҳамкорлик янги босқичга кўтарилишига шубҳа йўқ.

Мен шу ўринда парламентлараро ҳамкорлик изчил ривожланаётгани, икки давлат қонун чиқарувчи органларида дўстлик гуруҳлари фаолият кўрсатаётганлигини алоҳида тилга олмоқчиман. Биз, депутатлар олдида юқори даражадаги икки томонлама келишувларнинг амалга оширилишини таъминлаш, шу жумладан, парламентларнинг савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ҳамда бошқа соҳалардаги қўшма лойиҳаларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш бўйича ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш вазифаси турибди. Шунингдек, парламентларнинг мутасадди қўмиталари ва комиссиялари ўртасида яқин алоқаларни ўрнатиш, парламент делегациялари ўзаро ташрифларини кенгайтириш устида ҳам ишлар олиб борилаяпти.

Ўзбекистон Озарбайжоннинг энг муҳим шерикларидан. Қардош мамлакат Озарбайжонни энг оғир дамларда ҳам қўллаб-қувватлади, елкадош бўлди. Ўзбекистон мамлакатимизнинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига ҳурмат билан қаради. Шавкат Мирзиёев қўшни давлатлар билан муносабатларни барқарорлаштириш бўйича муҳим қадамларни қўйди ва бу, ўз навбатида, Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиё минтақасининг салоҳиятини сезиларли даражада оширди. Давлат раҳбари янги Ўзбекистоннинг очиқлик ва прагматизмга асосланган ташқи сиёсатини аниқ белгилаб берди. Биз мамлакатда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини кўрмоқдамиз. Давлат ва жамият ҳаётининг деярли барча соҳалари янгиланди.

Шу билан бирга, Озарбайжон ва Ўзбекистон ташқи ва ички сиёсатининг асосий, ҳал қилувчи унсури – тинчлик, миллатлараро ва конфессиялараро бағрикенглик, деган бўлардим. Илҳом Алиев илгари сурган мултикултурализм ғояси Озарбайжонда ҳар доим турмуш тарзи ҳисобланган, озарбайжонлар асрлар давомида бошқа дин ва маданиятларга тоқат, ҳурмат билан қарашган, бағрикенглик қилишган, халқимизга хос ушбу хислат туфайли бугунги кунда исломий бирдамлик ва жаҳондаги маданиятлараро мулоқот соҳаларида Озарбайжонга катта эътибор қаратилади. Озарбайжонда йирик халқаро тадбирлар – Европа ўйинлари, Ислом ўйинлари, глобал форумларнинг ўтказилиши — Озарбайжон жаҳон майдонида юксак нуфузга эгалигининг исботидир.

Ўзбекистон ҳам азалдан бағрикенг ва миллатлараро тотувлик юрти номи билан танилган. Республикада 130 дан ортиқ миллат ва элатлар аҳилликда куни кечираётгани, кам сонли миллатларнинг тахқирланишига йўл қўйилмаслиги, барча диний конфессиялар вакилларига ўз диний қадриятларига амал қилишларига кенг йўл берилганига ташқаридан кузатиб амин бўлиб турибмиз. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев оқилона, узоқни кўзлаб сиёсат юритаётганлиги туфайли мамлакатда ва бутун минтақада тинчлик ва барқарорлик мустаҳкамланишига эришилмоқда. Марказий Осиё мамлакатлари билан борди-келди, олди-бердилар кўпайди.

Озарбайжон билан Ўзбекистон ўртасида барча соҳаларда манфаатли ҳамкорликка кўплаб мисоллар бор. Аммо қадимги Буюк ипак йўли орқали юк ташиш ҳажмини оширишга хизмат қиладиган ва мамлакатларимиз иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим роль ўйнайдиган транспорт соҳасидаги ҳамкорлик зарур. Биз маҳсулотларни учинчи мамлакатлар бозорига экспорт қилишни мўлжаллаётган эканмиз, давлатларимиз ҳудудидаги эркин иқтисодий зоналарда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода, транспорт коммуникациялари тизимидан, шу жумладан, “Боку – Тбилиси – Қарс” темир йўлидан фойдаланган ҳолда бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари Тошкентдаги музокараларда келишиб олинди. Икки томонлама савдо ва товарлар транзити йўлидаги тўсиқларни ўз вақтида бартараф этиш учун транспорт вазирлари раҳбарлигидаги махсус ишчи гуруҳ ташкил этиладиган бўлди.

Яна бир фактга эътиборни қаратмоқчиман. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йили Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида иштирок этиш учун Бокуга ташрифи ва унинг доирасида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан учрашуви, менинг назаримда, туркий дунё муносабатлари тарихидаги муҳим воқеа бўлди. Ўйлайманки, икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари халқлар ўртасидаги дўстона алоқаларда янги уфқларни очишда бошқа давлатлар учун намуна бўлади. Туркий давлатларнинг яқинлашуви бир томондан, Ташкилотга аъзо мамлакатларнинг қандайдир тарзда ҳаддан зиёд геосиёсий амбициялар ва яратилаётган трансмиллий лойиҳалар фаолиятида иштирок этаётган бошқа халқаро кучлар босимига қарши туришида кўмак бераётган бўлса, бошқа томондан, глобал маданиятнинг салбий асоратлари тарқалиши ва қадриятлар емирилиши жараёни кечаётган бир даврда ташкилотга аъзо давлатлар халқларининг маданий ўзига хос жиҳатларини сақлаб қолиш жуда муҳим рол ўйнайди.

Озарбайжонда қардош Ўзбекистон билан дўстлик ҳамда биродарликни ҳар томонлама мустаҳкамлашга алоҳида эътибор билан қаралади. Шу сабабли, бизда ўзбек халқи ва Ўзбекистон давлатчилиги ғояларига ҳурмат билан ёндашишади.
Элман НАСИРОВ,
Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси депутати

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img