Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонОрол фожиасини юмшатишга қаратилган муҳим резолюция

Орол фожиасини юмшатишга қаратилган муҳим резолюция

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бундай глобал фалокат сайёрамизда сўнгги юз йилда кузатилмаган эди. Бу офат бутун инсониятнинг заиф жиҳатларини яққол кўрсатди. Ҳозирги таҳликали ва мураккаб вазият ер юзидаги барча давлатлар ва халқлар ўзаро боғлиқ эканини, ўртамизда мунтазам мулоқот, ишонч ва яқин ҳамкорлик ўта муҳимлигини исботлади.

Жорий йил 18 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг навбатдаги ялпи мажлисида кун тартибидаги биринчи масала сифатида Ўзбекистон томонидан таклиф этилган Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисидаги резолюция лойиҳаси кўриб чиқилди. Ушбу резолюцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти. Ҳужжат БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланди. Ҳужжатга дунёнинг турли минтақаларидаги 60 га яқин давлатлар ҳаммуаллифлик қилишди.

Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш ташаббуси 2018 йил август ойида Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи-давлатлари раҳбарларининг йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илк бор илгари сурилган эди. Давлатимиз раҳбари 2020 йил сентябрда ўтказилган БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида эса аъзо давлатларни ушбу масала бўйича махсус резолюцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилишга чақирган эди. Ўзбекистон Президенти ўз чиқишида мазкур ташаббус юқори технологияли инновациялар, экологик тоза, энергия ва сувни тежайдиган технологияларни яратиш ва татбиқ қилишга инвестицияларни жалб этиш учун шарт-шароит яратиш, «яшил» иқтисодиёт тамойилларини кенг қўллаш, тупроқ деградацияси, чўлланиш ва экологик миграциянинг олдини олиш, экотуризмни ривожлантириш каби муҳим чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилганини таъкидлаганди. Ўтган вақт мобайнида ташқи сиёсат маҳкамаси, хориждаги элчихоналаримиз ва Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий ваколатхонаси томонидан республикадаги барча манфаатдор вазирликлар билан биргаликда давлатимиз раҳбари ташаббусини амалга ошириш доирасида кенг кўламли ишлар олиб борилди. 2019 йил 25 октябрь куни Нукусда «Орол денгизи минтақаси — экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди» мавзусида юқори даражали халқаро конференция ташкил этилди. Унда илк бор резолюция лойиҳаси тақдим этилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерреш форум иштирокчиларига видеомурожаатида Орол денгизининг йўқолиб кетишини замонамизнинг энг катта экологик офатларидан бири деб атади.

COVID-19 пандемияси сабаб БМТ Бош Ассамблеяси фаолиятидаги жиддий чекловларга қарамай, қисқа вақт ичида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, чет элдаги дипломатия ваколатхоналаримиз томонидан резолюциянинг мазмун-моҳиятини етказиш мақсадида БМТга аъзо давлатлар билан кўплаб музокаралар ўтказилди, юқори даражадаги форумлар, БМТ асосий тузилмаларининг ялпи ва махсус йиғилишларида унинг долзарблиги таъкидлаб ўтилди.

Резолюция матнини келишиб олиш учун БМТ аъзоларини кенг жалб этган ҳолда қатор норасмий маслаҳатлашувлар ташкил этилди. Ҳужжат лойиҳасини муҳокама қилишда фаол иштирок этган Осиё-Тинч океани минтақаси, Европа, Африка, Лотин ва Шимолий Америка давлатлари делегациялари Ўзбекистон Президентининг ташаббусини юксак баҳолади, шунингдек, унинг нафақат Марказий Осиё, балки жаҳоннинг бошқа мамлакатлари учун ҳам ўта муҳимлигини эътироф этди.

Бош Ассамблея қабул қилган махсус резолюция:
— Оролбўйи минтақасидаги экологик, ижтимоий, иқтисодий ва демографик вазиятни яхшилашга қаратилган минтақавий тадбирлар ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашини эълон қилади;

— бундан буён ҳам Оролбўйи минтақаси табиатини тиклаш ва яхшилаш, табиий ресурсларни сақлаш ва аҳоли ҳаёт сифатини ошириш манфаатлари йўлидаги илмий-тадқиқот маслаҳатлашув фаолиятини рағбатлантиради;

— Орол денгизи инқирози оқибатларини бартараф этиш ва Оролбўйи минтақасидаги экологик вазиятни барқарорлаштириш, Орол денгизининг қуриб қолган тубида туз, чанг-тўзонни узатишга мойил бўлган қум уюмларида ўрмон мелиорацияси усулларини барқарор қўллаш йўли билан янада чўлланишнинг олдини олиш, салбий экологик ҳамда ижтимоий-иқтисодий оқибатларни юмшатиш бўйича биргаликдаги тадбирларни амалга ошириш йўлидаги минтақавий ҳамкорликни фаоллаштириш, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш ва иқлим ўзгаришига мослашиш, экотуризмни ривожлантириш ва бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш муҳим эканлигини таъкидлайди;

— аъзо давлатлар, БМТ тизимидаги жамғармалар, дастурлар ва тузилмалар, халқаро молия институтлари ва бошқа манфаатдор томонларни 2030 йилгача Барқарор ривожланиш кун тартибига мувофиқ Оролбўйи минтақасида фанлараро тадқиқотлар ўтказиш ва илмий-инновацион ҳамкорликни амалга ошириш, экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш, инклюзив ва экологик барқарор иқтисодий ўсиш ҳамда энергия ва сувни тежовчи технологияларни қўллашга туртки беришга чақиради.

Ҳужжатда Ўзбекистон раҳбарияти ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Оролбўйи халқаро инновацион марказини ташкил этилиши ва Оролбўйи минтақасидаги экологик ҳалокатнинг салбий ҳолатларини бартараф этиш ҳамда ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида БМТ шафелигидаги Оролбўйи минтақаси учун Кўпшериклик Траст фонди таъсис қилиниши Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан юқори баҳолангани ва қўллаб-қувватлангани ўз ифодасини топган. Шунингдек, Ўзбекистон томонидан бундан олдин тақдим этилган “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисида»ги ва «Марказий Осиёда барқарор ривожланиш ва барқарор туризм тўғрисида»ги резолюциялар ҳам бир овоздан маъқуллангани эътироф этилди. Қайд этиш лозимки, Оролбўйи минтақаси Бош Ассамблея томонидан Экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деган муҳим мақомга эга бўлган биринчи минтақага айланди. Президентимизнинг мана шундай ҳудудни яратиш бўйича ташаббуси 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги умумий саъй-ҳаракатлар доирасида дунёнинг турли минтақаларида ҳам татбиқ этилади, десак муболаға бўлмайди.

Ҳужжат БМТга аъзо давлатлар, фондлар, дастурлар ва агентликлар, халқаро молия институтлари ва бошқа манфаатдор томонларни Орол денгизи минтақасида барқарор ва инклюзив ривожланишни таъминлаш учун экологик, энергия ва сувни тежайдиган технологиялар ишлаб чиқиш ва жорий этишга даъват этади. Айтиш жоизки, Орол денгизининг қуриган майдони 4,5 миллион гектарни ташкил этади. Қозоғистон ҳудудида 2,2 миллион гектар ва Ўзбекистонда 2,3 миллион гектар. Ҳар йили денгиз тубидан 100 миллион тоннагача туз чанглари кўтарилиб, узоқ масофаларга етиб бормоқда, минтақа аҳолиси саломатлиги, табиати ва иқтисодиётига тузатиб бўлмас зарар етказмоқда.

Шу муносабат билан 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида Орол муаммоларини ҳал этишга қаратилган ёндашувларда туб ўзгаришлар кўзда тутилган эди. Хусусан, глобал иқлим ўзгариши ва Орол денгизи қуриши оқибатларининг қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва одамлар ҳаётига салбий таъсирини юмшатиш бўйича тизимли чора-тадбирлар белгиланганди. 2017 йил январь ойида ушбу вазифаларни бажариш доирасида 2017-2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш бўйича Давлат дастури қабул қилинди. Ўша йили ушбу жараённи ишончли ва барқарор молиялаштиришни таъминлаш учун Оролбўйи минтақасини ривожлантириш жамғармаси таъсис этилди. Олий Мажлис Сенатида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш бўйича қўмита тузилгани, шунингдек, табиий офат оқибатларини юмшатиш, экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазият ҳамда маҳаллий аҳоли ҳаётини яхшилашга қаратилган қарийб 800 миллион долларлик 67 та лойиҳа амалга оширилган. Сўнгги маълумотларга кўра, Орол денгизининг қуриган тубидаги ўрмон плантацияларининг умумий майдони 1,2 миллион гектарга етган.

2018 йилда ўн йиллик танаффусдан сўнг Туркманистонда Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Ўзбекистон раҳбари мазкур тузилмани минтақа давлатлари ўртасида ушбу йўналишдаги ҳамкорликнинг ягона таъсирчан механизми бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди. Минтақада ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган амалий чора-тадбирларга алоҳида тўхталиш жоиз. Гап инновацион лойиҳаларнинг ягона рўйхатини шакллантириш ва улар учун муддатли имтиёзли кредитлар ва грантлар ажратиш, шу мақсадда Ўзбекистон Президенти ҳузурида Оролбўйи халқаро инновация марказини ташкил қилиш, денгизнинг қуриган тубида саксовул кўчатлари экиш ҳақида кетмоқда.

Саксовулзорлар қум ва туз қатламларини ушлаб қолиш, тупроқ таркибини ўзгартириш, биологик хилма-хилликни қайтариш ва бошқа тадбирларга ёрдам беради. Президент Шавкат Мирзиёев юксак минбарлардан туриб жаҳон ҳамжамиятини бир неча бор денгизнинг қуриши натижасида келиб чиқаётган оқибатларни бартараф этиш учун халқаро саъй-ҳаракатларни фаол равишда бирлаштиришга чақирди. 2017 йил Ўзбекистон раҳбари БМТ Бош ассамблеяси сесиясида Орол денгизи харитасини ва унинг фожиаси кўламини аниқ намойиш этди. Шу боис, ушбу сессияда Ўзбекистон раҳбарининг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармасини ташкил этиш бўйича ташаббуси дунё ҳамжамияти томонидан қизғин қўллаб-қувватлангани, айниқса, муҳимдир. Орадан бир йил ўтиб, 2018 йил 27 ноябрь куни Нью-Йоркда БМТ Бош қароргоҳида траст жамғармаси ишга туширилди. Нукус шаҳрида 2019 йил 24-25 октябрь кунлари БМТ шафелигида бўлиб ўтган “Оролбўйи – экологик инновация ва технологиялар зонаси” халқаро юқори даражадаги конференция ҳам ана шундай муҳим воқеалардан бири.

Конференцияда халқаро ҳамжамиятнинг экологик фалокат оқибатларини бартараф этиш, Оролбўйи аҳолиси турмуш шароитини яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлиги билан боғлиқ долзарб масалалар кўтарилди. Ушбу форум ва бошқа тадбирлар қисқа вақт ичида зарур сармояларни жалб қилишга ва БМТ Траст жамғармасининг фаол иш бошлашига имкон берди. Бугунги кунда жамғарма томонидан 26,1 миллион доллар миқдорида маблағ тўпланган. Кейинги 5 йил ичида минтақада янги иш ўринлари яратиш, табиий офатлар зонасида ижтимоий ва табиий шароитларни яхшилаш учун яна 123,2 миллион доллар жалб этиш режалаштирилган. Жамғарма Оролбўйи аҳолисига жаҳон ҳамжамияти томонидан амалий ёрдам беришга қаратилган йирик ва узоқ муддатли лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим халқаро майдончага айланган. Ривожланиш бўйича шериклар – Европа Иттифоқи, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф-муҳит дастури, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги, қатор мамлакатлар вакиллари Оролбўйи минтақасини барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирмоқда. Мазкур долзарб масала минтақа давлатлари раҳбарларининг диққат марказида. Хусусан, 2018 ва 2019 йилларда Нур-Султон ва Тошкентда бўлиб ўтган Маслаҳат учрашувларида Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари қабул қилган ҳужжатларда бошқа долзарб масалалар қатори Орол денгизи қуришининг салбий оқибатларини бартараф этиш билан боғлиқ муаммолар ҳам кўриб чиқилди. Ўзбекистон Президенти 2020 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида Орол инқирозининг бутун минтақага ўтказаётган таъсирига эътибор қаратиб, Оролбўйини экологик инновация ва технологиялар зонаси, деб эълон қилишни таклиф қилди.

Бугун сўз Орол денгизини қайтариш ҳақида эмас, балки ҳеч бўлмаганда унинг қуриб қолиши билан боғлиқ оғриқли оқибатларнинг одамлар ҳаётига таъсирини бартараф этиш тўғрисида кетмоқда. Орол денгизининг ҳалокатига инсон сабабчи бўлган, бироқ айнан унинг ўзи ушбу минтақадаги ҳаётни яхшилашга қодир. Собиқ денгиз тубида бўй ростлаётган дарахт ва бутазорлар бундан дарак бермоқда. Минтақа кўз ўнгимизда том маънода ўзгариб бормоқда, одамлар тоза ичимлик суви билан таъминланмоқда, замонавий уйлар, йўллар, мактаблар, шифохоналар қурилмоқда. Бу ерга хорижий сармоядорлар келмоқда, дунёнинг турли бурчакларидан сайёҳлар сони кўпаймоқда. Буларнинг барчаси Оролбўйи минтақаси қайта тикланаётгани ва катта истиқболларга эга эканидан далолатдир.
Ташпўлат МАТИБАЕВ,
Социология фанлари доктори, профессор,
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img