Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонОна тилимиз қадрини кўтарувчи ҳужжат

Она тилимиз қадрини кўтарувчи ҳужжат

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди

Ҳужжат билан ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш, Ўзбекистондаги миллат ва элатларнинг тилларини сақлаш
ва ривожлантириш, давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш, ўзбек тили ва тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналиш ва вазифаларини ҳамда истиқболдаги босқичлари белгилаб берилди.

Хусусан, 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ҳамда асосий йўналишлари тасдиқланди.

2025 йилга қадар давлат мактабгача таълим тизимида амалдаги мактабгача таълим муассасаларининг ҳудудларини кенгайтириш ёки янги қуриладиган муассасалар ҳисобига ўзбек тилли гуруҳлар қамровини 72 фоизга, 2030 йилгача эса 80 фоизга етказиш;

2030 йилга қадар умумтаълим мактабларида ўқув йиллари учун таянч ўқув режаларида ўзбек тили фанини ўқитиш кўламини амалдаги ҳафтада 84 соатдан 110 соатгача ошириш;

олий таълим муассасаларида ўзбек тили кафедралари сонини 2025 йилга қадар 120 тага, 2030 йилгача эса 140 тага етказиш белгилаб қўйилди.

2025 йилга қадар давлат тилида соҳавий иш юритиш ҳужжатларининг ягона электрон намуналарини ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланиш учун 14 та онлайн дастур ишлаб чиқиш, 2030 йилгача эса ушбу кўрсаткични 25 тага етказиш, дастурий маҳсулотларнинг ўзбекча иловалари ва электрон луғат дастурларини яратиш, хорижликлар учун ўзбек тилини ўргатувчи дастурлар яратиш вазифалари қўйилди.

Вазирлар Маҳкамаси (А.Н.Арипов)га уч ой муддатда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтишни таъминлаш мақсадида ишчи гуруҳини ташкил қилсин ва аниқ чора-тадбирлар ҳамда уларни молиялаштириш манбалари ва ҳажмларини назарда тутувчи “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиш топширилди.

Фармонга кўра, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб ўзбек тили ва адабиёти бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизими асосида раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш даражаси аниқланади ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш бўйича даража сертификатлари жорий этилади.

Кўп жилдли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”нинг тўлдирилган янги нашри (кирилл ва лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида), “Ўзбек тилининг имло луғати”, “Ўзбек тили синонимлари луғати”, “Ўзбек тили синонимларининг катта изоҳли луғати”, “Ўзбек тили фразеологизмларининг катта изоҳли луғати”, “Ўзбек тили омонимлари луғати” чоп этилади.

Фармонда шунингдек, она тилимизнинг ривожига ҳисса қўшувчи, унинг жамият ҳаётида тутган ўрнини мустаҳкамловчи қатор чора-тадбирларни амалга ошириш вазифалари белгилаб берилган.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img