Бош саҳифаТаҳлилЎлчашлар сифати ва ишончлилигини таъминлаш глобал иқтисодиётга хизмат қилади

Ўлчашлар сифати ва ишончлилигини таъминлаш глобал иқтисодиётга хизмат қилади

Мамлакатимизнинг глобал иқтисодиётидаги иштироки ва ривожланган мамлакатлар билан ўзаро илмий-техникавий тараққиётда интеграциялашуви метрология соҳаси иштирокисиз амалга ошмайди. Замонавий илғор технологиялар, инновациялар, уларни яратиш ва трансформацияси аниқ ўлчашлар ва уларнинг ишончли кўрсаткичлари билан бевосита боғлиқ бўлиб, ҳар қандай ҳаётимизга кириб келаётган янгиликларнинг инсонлар ва атроф-муҳит учун хавфсиз ва фойдали эканлигини аниқлаш ва исботлаш, илмий-техник даражасини ва сифатини баҳолаш ўлчашлар ёрдамида аниқланади.

Буюк рус олими Д.И.Менделев “Ҳар қандай фан ўлчашлардан бошланади. Ўлчашларсиз ҳеч қайси бир аниқ фан мазмунга эга эмас”, деган ва шу билан бирга ўлчашларнинг мамлакат тараққиётидаги чексиз аҳамиятини илмий нуқтаи назардан баҳолаб берган.

Жамият тараққиёти тарихи шуни кўрсатадики, инсон доимо ҳаёт сифатини оширишга интилади ва худди шу тарзда ўлчовларнинг аниқлигини доимий равишда яхшилашга интилади. Сифат сингари, ўлчовлар ҳам чекловларга эга эмас, уларга қўйиладиган талаблар универсал бўлиб, турли мамлакатларда, турли соҳаларда қўлланилади. Ўлчов аниқлиги чегараси йўқ, уни ҳар доим яхшилаш мумкин.

Илмий-тадқиқот натижалари таҳлили шуни кўрсатадики, ўлчовларнинг бир хиллигини таъминлаш тизимини ишлаб чиқиш харажатлари ЯИМнинг 0,8-1,5 фоизга ўсишига олиб келади. Хусусан, Европа Иттифоқи мамлакатларида метрологияга инвестициялар самараси фойда-харажат нисбати (3:1) бўйича бутун Европа Иттифоқи ялпи ички маҳсулотининг 2,7 фоизини ташкил қилади. Буюк Британия Савдо ва саноат департаменти томонидан олиб борилган тадқиқотларга кўра, метрологияга йўналтирилган инвестицияларнинг иқтисодий самараси умумий миллий ялпи маҳсулотнинг тахминан 0,8 фоизини ташкил қилади, яъни тахминан 5 миллиард фунт стерлинг. Миллий метрология институтлари (CIMP MRA) томонидан чиқарилган Миллий эталонлар, калибрлаш ва ўлчов сертификатларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги битимни амалга ошириш ҳисобига савдодаги тўсиқларни камайтиришнинг иқтисодий самараси 4 миллиард доллардан ортиқроқдир.

Маҳаллий ва хорижий қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот институтларининг маълумотларига кўра, сақлаш жойларида ҳарорат ва намликни назорат қилиш тизимларини такомиллаштириш ғалла йўқотилишини 1-3 фоизга, картошкани – 6-16 фоизга, карамни – 20 фоизга, иссиқлик сарфини 10-15 фоизга камайтиради ва сабзавотларнинг ҳосилдорлигини 10-15 фоизга оширишга хизмат қилади.

Мамлакатимизда ҳам саноат ва аграр соҳада ишлаб чиқаришни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва амалга оширилаётган ислоҳотларнинг негизида сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш ва рақобатбардошлигини таъминлаш ётади. Сифат ва метрология ўзаро бир-бирига таъсир қилади ва ҳамоҳанг равишда ривожланади. Илмий ва техник янгиликлар янги турдаги ўлчовлар ва бирликларни ишлаб чиқиш заруратини келтириб чиқаради, бу эса фундаментал ўлчовларнинг ривожланишини рағбатлантиради ва ўз навбатида, амалиётга технологиянинг исталган соҳаси учун янги асбоблар ва қурилмаларни жорий этиш имконини беради.

Ўлчашлар амалиётида ўлчаш воситаларининг тўғри ва аниқ ишлаши жуда муҳим. Шу сабабдан, метрология хизматида ўлчаш воситаларини қиёслаш ва калибрлаш хизмат турлари мавжуд бўлиб, ХХI асрда юқори аниқликдаги ўлчаш натижаларига эришиш учун калибрлаш усули кенг қўлланилади. Калибрлаш хизматларининг мақсади маҳсулотларни жаҳон бозорига чиқарилишини таъминлаш, улардан хавфсиз фойдаланишни ва қўллаш имкониятини яратишдир. Шу ўринда, Ўзбекистон Республикасининг “Метрология тўғрисида”ги қонунида келтирилган, «Ўлчов воситаларини калибрлаш — метрологик жиҳатларнинг ҳақиқий қийматларини ва ўлчов бирликларини қўллашга яроқлилигини аниқлаш ҳамда тасдиқлаш мақсадида калибрлаш лабораторияси бажарадиган операциялар мажмуи» дея таъриф этилган тушунчани келтириб ўтамиз.

Кўп қиррали ва кўп тармоқли метрология соҳасида ўлчаш амалиётини бақришнинг ўзи етарли эмас. Ўлчашлар натижаларининг ишончлилигини баҳолаш ва тан олиш масаласи ҳам алоҳида ташкилий ва ҳуқуқий асосларга эга бўлиши халқаро савдо муносабатларида катта рол ўйнайди. Яъни калибрлаш лабораторияларининг аккредитациядан ўтказилиши ушбу ишларни халқаро стандартлар даражасида бажаришга имкон беради.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш соҳасидаги ишларни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2019 йил 24 апрелдаги қарорига асосан аккредитация бўйича ишларни олиб бориш “Аккредитация маркази” ДУК томонидан бажарилиши белгиланган бўлиб, лабораторияларни аккредитациядан ўтказиш истеъмолчиларнинг лаборатория бажара оладиган иш сифати ва малакасига ишончини таъминлашнинг муҳим механизмларидан биридир.

Аккредитация лабораториянинг синов, ўлчов ёки тадқиқотларни белгиланган талабларга жавоб бериш қобилиятини, шунингдек, муайян турдаги синов ва ўлчашларни бажаришда унинг техник малакасини аккредитациялаш учун ваколатли ташкилот томонидан расмий тан олинишини англатади.
Лабораторияларни аккредитациядан ўтказишнинг асосий мақсади ўлчовларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлаш, ўлчашлар, синовлар ва тадқиқотлар натижаларини ўзаро тан олинишидан иборат. Агар лаборатория муайян фаолият соҳасида аккредитациядан ўтган бўлса, бу лаборатория фаолияти натижаларини аниқ ва ишончли эканлигини англатади.
Республикамизда метрология соҳасидаги лабораторияларни аккредитациядан ўтказиш: аккредитацияланган лаборатория мижозлар ва истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатиш кафолати, аккредитация маркази томонидан мунтазам текширувлар ўтказиш орқали фаолиятни доимий равишда такомиллаштиришни ва ходимларнинг малакаси ва лаёқатини ошириш, лабораторияда олиб борилган хизматларининг натижалари мижозлар томонидан тан олиниши ҳисобига мижозлар сони ва ишончининг ортиши ҳамда лаборатория малакасини исботлашга сарфланадиган вақтни қисқартириш каби имтиёзларни беради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 майдаги «2019-2023 йиллар даври учун ўлчашлар бирлигини таъминлаш миллий тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Фарғона водийси ҳудудида ўлчаш воситаларини калибрлашга бўлган ихтиёрий таҳлили ўтказилди. Ўтказилган таҳлиллар асосида, мавжуд техник имкониятлардан келиб чиққан ҳолда «Ўзбекистон миллий метрология институти» ДМ Андижон филиалининг «Оʼлчаш воситалари устидан давлат метрологик текшируви бўлими»да O`zDSt ISO/IEC 17025:2019 «Синов ва калибрлаш лабораториялари компетентлигига умумий талаблар» стандартига асосан калибрлаш хизматини жорий этиш филиалнинг асосий мақсадларидан бирига айланди. O`zDSt ISO/IEC 17025:2019 стандарти асосида калибрлаш лабораториясининг «Сифат тизими ҳужжатлари (жараён ҳужжатлари, сифат бўйича қўлланма» ишлаб чиқилди. Ушбу сифат тизими ҳужжатлари калибрлаш лабораториялари компетентлигига қўйилган барча талабларни ва инструктив тавсифларга эга бўлган 70 дан ортиқ сифат тизими формаларни ўз ичига олган.

Калибрлаш лабораториясининг жараён ҳужжатлари O`zDSt ISO/IEC 17025:2019 стандартининг талабларини, хусусан, ходимларни бошқариш, уларни малакасини баҳолаш, калибрлаш усулларини танлаш ва мувофиқлигини таʼминлаш (верификация), калибрлаш объектларини ишлатиш, ёзувларни олиб бориш, оʼлчашлар ноаниялигини баҳолаш, калибрлаш натижаларининг ҳаққонийлигини таъминлаш, натижалар тўғрисидаги ҳисоботларни ва калибрлаш сертификатларини расмийлаштириш каби барча талабларни қамраб олган. Калибрлаш хизматлари лабораториясининг натижалари ва имкониятлари билан боғлиқ тадбирлар менжмент тизимининг натижавийлигини ошириш, янада юқори натижаларга эришиш ва салбий оқибатларнинг олдини олиш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Метрология бўлимида калибрлаш лабораториясини ташкил жараёнида, яъни O`zDSt ISO/IEC 17025:2019 стандарти талабларини жорий этилишида ходимларни ўқитиш, малакасини баҳолаш, калибрлаш усулларини танлаш ва верификация қилиш, ўлчашлар ноаниқлигини баҳолаш каби бир қанча муаммолар юзага келди. «OʼzMMI» ДМ раҳбарияти ҳамда лабораториялараро солиштириш ўлчашларини ўтказиш хизмати томонидан ўтказилган тадбирлар ва солиштириш ўлчашлари ушбу муаммоларни ижобий ҳал этилишига ёрдам берди.

Калибрлаш хизматларини ташкил этиш учун жамланган ҳужжатлар экспертиза учун “Аккредитация маркази” ДУКнинг электрон сайтида келтирилган йўриқномаларга асосан, калибрлаш хизматларини ташкил этиш учун топшириладиган аризага илова тарзида бириктирилди. Тегишли муддатдан сўнг, ҳужжатларнинг экспертиза натижалари олинди ва номувофиқликлар бўлимнинг малакали мутахассислари томонидан бартараф этилди ҳамда “Аккредитация маркази” ДУК ва «OʼzMMI» ДМ Андижон филиали ўртасида жойида баҳолаш учун шартнома изоланди. 2021 йилнинг 25-26 октябр кунларида Метрология бўлимида ташкил этилган калибрлаш хизматлари лабораторияси O`zDSt ISO/IEC 17025:2019 «Синов ва калибрлаш лабораториялари компетентлигига умумий талаблар» стандартига асосан баҳоланди ва аниқланган номувофиқликлар тўғрисида ҳисобот олинди.

Номувофиқликлар ўз вақтида бартараф этилиб, 2021 йилнинг 28 декабрида “Аккредитация маркази” ДУК томонидан «OʼzMMI» ДМ Андижон филиалининг «Ўлчаш воситалари устидан давлат метрологик текшируви бўлими»да ташкил этилаётган калибрлаш хизматлари лабораторияси O`zDSt ISO/IEC 17025:2019 «Синов ва калибрлаш лабораториялари компетентлигига умумий талаблар» стандартига мувофиқ баҳоланганлиги ва аккредитация қилинганлигини тасдиқловчи O`ZAK.KL.0010 рақам билан давлат реестрига рўйхатга олинди ва «Аккредитация тўғрисида гувоҳнома» тақдим этилди.
Эндиликда, Андижон филиалида, нафақат қиёслаш ва метрологик аттестатлаш хизматларини, балки, вилоятда, шунингдек бутун водийда фаолият олиб бораётган ташкилот ва корхоналарга, тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган геометрик ва масса катталиклари ўлчаш воситаларини аккредитация доирасига мувофиқ калибрлаш хизматлари йўлга қўйилди.
Соҳа бўйича давлатимиз томонидан яратилаётган шарт-шароитлар ва амалга оширилаётган ислоҳотлар республикамизнинг барча вилоятларидаги синов лабораторияларининг аккредитациядан ўтишида ва халқаро ваколатли ташкилотлар томонидан тан олинишида, глобал иқтисодиётда мамлакатимизнинг ишончли ва барқарор ўрин эгаллашида, самарали натижаларга эришишида ўз таъсирини кўрсатмоқда.
Гавҳарой Шертойлоқова,
Дилноза Солиева,
Ўзбекистон миллий метрология институти ДМ
Андижон филиали мутахассислари

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img