Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонЎзбекистондаги олий таълим муассасалари рейтинги эълон қилинди

Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари рейтинги эълон қилинди

Мамлакатимизда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан сўнгги уч йилдан буён олий таълим муассасаларининг Миллий рейтинги эълон қилиб борилмоқда.

Қайд этиш керак, мамлакатимиз олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида республикадаги камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган агентликлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education ёки Academic Ranking of World Universities) рейтингининг биринчи 1000 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига, шу жумладан, Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетини биринчи 500 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш белгиланган.

Халқаро тажрибага мувофиқ такомиллаштирилган индикаторлар асосида жорий йилнинг февраль-июнь ойларида Республиканинг 57 та олий таълим муассасалари (филиаллари билан бирга) фаолияти таҳлил қилинди ва 2020 йил 1 январь ҳолатига уларнинг рейтинг натижалари тайёрланди. Унга кўра:

  1. Гуманитар ва иқтисодий соҳада Ўзбекистон миллий университети, Самарқанд давлат университети, Тошкент молия институти, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети етакчи ўринларни эгаллади.

Нукус давлат педагогика институти, Қўқон давлат педагогика институти, Гулистон давлат университети, Жиззах давлат педагогика институти кабилар эса сўнгги ўринларни эгаллади.

Шунингдек, ушбу соҳада Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети аввалги йилга нисбатан юқори поғоналарга кўтарилган.

  1. Техника ва қишлоқ хўжалиги соҳасида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Тошкент ахборот технологиялар университети, Тошкент давлат аграр университети, Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институти етакчи ўринларни эгаллади.

Андижон машинасозлик институти, Бухоро муҳандислик технология институти, Самарқанд ветеринария тиббиёт институти, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти қуйи ўринларни эгаллади.

Ушбу соҳада Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти фаол ҳаракат қилиб миллий рейтингда биринчи ўринни яна ўзида сақлаб қолди. Шунингдек, Тошкент давлат аграр университети, Тошкент давлат техника университети, Тошкент архитектура-қурилиш институти каби ОТМлар аввалги йилга нисбатан юқори поғоналарга кўтарилган.

  1. Тиббиёт соҳасида Тошкент стоматология институти, Тошкент тиббиёт академияси, Бухоро давлат тиббиёт институти етакчи ўринларни эгаллади. Бухоро давлат тиббиёт институти ўтган йилги рейтингдаги 16-ўриндан юқорига кўтарилиб 12-ўринга чиқди.

Тошкент фармацевтика институти, Андижон давлат тиббиёт институти эса сўнгги ўринларни эгаллади.

  1. Маданият, санъат ва спорт соҳасида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти етакчи ўринларни эгаллашди. Ушбу ОТМлар дастлабки рейтингларда энг охирги 10 таликка тушган эди. Жорий рейтингда ушбу олий таълим муассасалари фаолиятида ижобий ўзгаришлар бўлиб мос равишда 29- ва 32-ўринларга кўтарилган.
    Ўзбекистон давлат хореография академияси соҳада сўнгги ўринни эгаллади.

Умумий рейтингда Ўзбекистон миллий университети, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Самарқанд давлат университети, Тошкент ахборот технологиялар университети, Тошкент давлат аграр университети етакчи ўринларни эгаллашди.

Нукус давлат педагогика институти, Қўқон давлат педагогика институти, Гулистон давлат университети, Жиззах давлат педагогика институти сўнгги ўринлардан олди.

Илмий салоҳияти бўйича Ўзбекистон миллий университети, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Самарқанд давлат университети, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти етакчи ўринларда қайд этилди.

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, Самарқанд давлат чет тиллар институти, Термиз давлат университети, Қўқон давлат педагогика институти, Фарғона политехника институти сўнгги ўринларни эгаллади.

Дунёнинг нуфузли 1000 талигига кирувчи ОТМларда фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражасини олган профессор-ўқитувчиларнинг сони бўйича Тошкент ахборот технологиялар университети, Самарқанд давлат университети, Ўзбекистон миллий университети, Тошкент давлат аграр университетлари етакчилик қилмоқдалар. 7 та ОТМда бундай профессор-ўқитувчилар мавжуд эмас.

Энг кўп хорижий профессор-ўқитувчилар Тошкент тиббиёт академияси, Ўзбекистон миллий университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Бухоро давлат тиббиёт институтида фаолият олиб бормоқда.

Энг кўп иш берувчилар баҳосини тўплаган ОТМларга Ўзбекистон миллий университети, Самарқанд давлат университети, Тошкент ахборот технологиялар университети, Тошкент тиббиёт академияси, Самарқанд давлат тиббиёт институтлари қайд этилди.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img