Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонЎзбекистон яна бир муҳим халқаро ҳужжатга қўшилиш арафасида

Ўзбекистон яна бир муҳим халқаро ҳужжатга қўшилиш арафасида

Ўзбекистон Республикаси томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасида 70 дан ортиқ халқаро-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг 17 та конвенцияси (8 та асосий ва 4 та устувор конвенциядан 1 таси) ратификация қилинган. Айни жараёнда яна бир халқаро ҳужжат — “Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашиш асослари тўғрисида”ги 187-сонли конвенциясини ратификация қилиш устида иш олиб борилмоқда.

Мамлакатимизнинг 2006 йил 31 майда Халқаро Меҳнат Ташкилоти Бош конференциясининг 95-сессиясида қабул қилинган ва 2006 йил 15 июнда кучга кирган мазкур Конвенцияга қўшилиш масаласи ҳукуматнинг Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорлиги доирасида энг кўп муҳокама қилинадиган масалалардан бири бўлиб, қисқа муддатда кўриб чиқилиши керак бўлган халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхатига киритилган. Конвенциянинг асосий мақсади ишлаб чиқаришда шикастланишлар, касбий касалликлар ва инсонлар ўлимининг олдини олиш учун доимий равишда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини такомиллаштиришдан иборатдир.

– Ҳозирги кунга қадар, ушбу Конвенцияни 49 та давлат, шу жумладан МДҲ мамлакатларидан Қозоғистон Республикаси ва Россия Федерацияси ратификация қилган. Ҳужжат қоидаларининг аксарияти миллий қонунчилигимизга имплементация қилинган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 211-моддасига биноан барча корхоналарда хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитлари яратилган бўлиши кераклиги белгиланган бўлса, бундай шароитларни яратиб бериш иш берувчининг мажбуриятига юклатилган. “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддасида иш берувчининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгилаб берилган.

Эътиборли жиҳати, мазкур масала бўйича давлатимиз сиёсатининг йўналишлари биз сўз юритаётган Конвенция талабларига мос келади, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг миллий қонунчилиги меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тамойилларини тўлиқ акс эттиради ва Конвенция қоидаларига жавоб беради, – дейди Қонунчилик палатаси депутати Фирдавс Шарипов.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img