Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонЎзбекистон ва ҳиндистон: барқарор ривожланиш ва эко-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик

Ўзбекистон ва ҳиндистон: барқарор ривожланиш ва эко-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик

Пойтахтимизда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги стратегик аҳамиятга молик ўзаро муносабатлар ривожига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Матбуот анжумани Ҳиндистон элчихонаси томонидан ташкил этилди. Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Маниш Прабхат (Manish Prabhat) ўтган йиллар мобайнида Ҳиндистон ва Ўзбекистон муносабатларида турли соҳаларда эришилган самарали ҳамкорлик, ўзаро дўстона мулоқот ва амалий натижалар юзасидан тақдимот қилди.

Анжуманда таъкидланганидек, пандемия билан боғлиқ вазиятга қарамасдан, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги икки томонлама муносабатлар ривожи йўлида бир қатор ишлар амалга оширилди. Ҳар икки давлат ўртасида юқори даражадаги ўзаро ҳамкорлик янада тараққий этиб бормоқда.

2020 йил 11 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди иштирокида виртуал саммит бўлиб ўтди. Саммитда ҳар икки давлат ўртасидаги муҳим стратегик ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди. Сиёсий-иқтисодий, инвестициявий, хавфсизлик, фазовий тадқиқотлар, таълим ва маданият, барқарор ривожланиш мақсадларидаги ҳамкорлик, шунингдек, тараққиёт лойиҳалари, шу жумладан, минтақадаги хавфсизлик, COVID–19 пандемияси давридаги ўзаро ёрдам ва ҳамкорлик борасида сўз юритилди.
Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси, қайта тикланувчи энергия манбалари борасидаги ҳамкорлик, экоинновацион технологиялар юзасидан ёрдам масалаларига алоҳида урғу берилди.

Мазкур саммит давомида Ҳиндистон томони Ўзбекистонда йўл қурилиши, оқава сувларни тозалаш ва ахборот технологиялари соҳасидаги 4 та тараққиёт лойиҳаси учун 448 млн АҚШ доллари миқдорида кредит маблағлари ажратилганлигини тасдиқлади. Ҳиндистон томони барқарор ривожланиш мақсадларида, шу жумладан, “Ҳиндистон – Марказий Осиё” мулоқоти доирасида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳамкорликни бундан кейин ҳам янада ривожлантириш тарафдори эканлигини баён этди.
– Ҳар икки томон фуқаролик ва тинчлик мақсадларида атом энергетикаси соҳасида ҳамкорлик муносабатларини янада чуқурлаштириш истагида эканликларини билдирдилар, – дея таъкидлади Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Маниш Прабхат ўз тақдимотида.

Хўш, икки давлат ўртасида имзоланган энергетика соҳасидаги ҳамкорлик нималарни ўз ичига олади ва қайси йўналишларда амалга оширилади? Айнан шу масалада Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Маниш Прабхатга мурожаат қилдик ва кўплаб масалаларга ойдинлик киритишга эришдик.

Анжуманда хабар берилганидек, Ядро энергетикаси соҳасида Ҳиндистон Глобал ҳамкорлик маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги ўртасида битим тузилди. Бундан ташқари, Ҳиндистон Ҳукуматининг Янги ва тикланувчи энергия вазирлиги тасарруфидаги Қуёш энергияси миллий институти ҳамда Қуёш энергияси бўйича Ўзбекистон Халқаро институти ўртасида ўзаро келишув Меморандуми имзоланди.

Энергетика соҳасидаги бу ҳамкорлик доирасида икки йўналишда ҳар икки томон учун манфаатли лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Биринчи йўналишда Ҳиндистон томони Ўзбекистоннинг тинч мақсадларда атом энергетикасидан фойдаланиш салоҳиятини ошириш, технологик янгиликлар, мутахассисларни тайёрлаш борасида ва бошқа масалаларда ёрдам беради.
– Ўзбекистон ҳукумати энергетика соҳасини ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда, – дея фикр билдирди элчи жаноб Маниш Прабхат. – Ўз навбатида, Ўзбекистон энергетика тизими салоҳиятини ошириш йўлида, қайд этиш жоизки, энергия ишлаб чиқаришнинг мамлакат учун ҳали янги йўналишларини ўзлаштириб бормоқда. Мисол учун, аҳолининг электр ва иссиқлик энергиясига бўлган талаб ва эҳтиёжини қондириш мақсадларида атом энергетикасидан фойдаланиш йўллари изланмоқда. Қайд этиш жоизки, атом энергетикасидан фойдаланилганда, атроф-муҳитга нефть ёки газ ёқилғиси воситасида энергия олинганда чиқадиган зарарли ташланмалар чиқарилмайди. Комил ишонч билан айтиш мумкинки, бу атроф-муҳит учун безарар, экологик жиҳатдан тоза энергия ҳисобланади. Мазкур битим доирасида кўзда тутилган лойиҳаларни амалга ошириш орқали атроф-муҳит муҳофазасига сезиларли ҳисса қўшиш мумкин, – дея ўз муносабатини билдирди элчи жаноблари.

Энергетика соҳасидаги ҳамкорликнинг иккинчи йўналиши қуёш энергетикасидан кенг фойдаланишни йўлга қўйишдир.

Маълумки, Ҳиндистон Франция билан ҳамкорликда Қуёш энергетикаси бўйича Халқаро альянс International Solar Alliance (ISA) ташаббускори ҳисобланади.

Маълумот ўрнида:
Қуёш энергетикаси бўйича Халқаро альянс 121 давлатни ўз таркибига олган йирик халқаро ташкилот ҳисобланиб, асосан, иссиқ иқлимга эга тропик мамлакатлар уюшмасидир. Альянснинг асосий мақсади – қуёш энергиясидан самарали фойдаланиш борасида фаолият олиб бориш орқали қазиб олинадиган ёқилғи манбаларига бўлган эҳтиёждан қутулиш, шундоқ ҳам сарф этиб бўлинган, деб ҳисобланаётган, табиатда захиралари кам қолган ресурсларни сақлаб қолишга ҳисса қўшишдан иборат. Мазкур ташаббус илк бор Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди томонидан юқори даражадаги бир нечта халқаро учрашувлар мобайнида илгари сурилган. 2015 йил ноябрь ойида БМТнинг Парижда бўлиб ўтган Иқлим ўзгариши бўйича халқаро конференцияси олдидан ўтказилган аъзо мамлакатлар раҳбарларининг юқори даражадаги учрашуви чоғида ҳам бу масала кун тартибидаги асосий масала бўлган. Франция ҳам бу ташаббусни қўллаб-қувватлаган ҳамда айнан шу конференцияда Альянс тузиш ҳақидаги битим имзоланган. 2016 йилнинг ноябрь ойида Марокашда ўтган анжуманда эса бу Альянсга 200 та мамлакат аъзо бўлган.

Альянс давлатлар имзолаган шартномаларга асосан фаолият юритадиган ҳукуматлараро ташкилот ҳисобланади. Тропик иқлимли минтақаларда жойлашмаган давлатлар ҳам мазкур альянсга қўшилишлари ва ташкилотга аъзо барча давлатлар каби (овоз бериш ҳуқуқидан ташқари) барча имтиёзлардан фойдаланишлари мумкин. Мазкур ташкилот дунё давлатларини ўзаро бирлаштирган (БМТ дан кейин иккинчи ўринда турувчи) йирик уюшма ҳисобланади.

Айнан Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида йўлга қўйилаётган энергетика соҳасидаги ҳамкорлик юзасидан берилган саволларга жавоб берар экан, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Маниш Прабхат, Ҳиндистоннинг Қуёш энергетикаси бўйича Халқаро альянс ташаббускори эканини бир неча бор таъкидлади.
– Альянснинг асосий мақсади – 1000 Гвт қуёш энергияси ишлаб чиқаришга эришиш ҳамда бу мақсад учун 1 триллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратишга қаратилган. Бу эса альянсга аъзо давлатларнинг ҳар бири учун қуёш энергиясидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади, – дея маълумот берди жаноб Маниш Прабхат.

Қуёш энергетикаси бўйича Халқаро альянснинг штаб-квартираси ҳам Ҳиндистоннинг Гуруграм шаҳрида жойлашган. Альянсга аъзолик шартларига кўра, Ҳиндистон 2022 йилга бориб қуёш энергиясидан фойдаланиш кўламини 100 ГВт га етказиш мажбуриятини олган. Бунинг натижаси ўлароқ, 2030 йилга бориб атроф-муҳитга чиқарилаётган углерод оксиди ташланмалари 33–35 фоизга қисқаради. Бу даврга келиб Ҳиндистон қуёш энергияси билан таъминланмаган бирорта қишлоқ ёки жамият қолмаслиги, шунингдек, сайёрамизни ўраб турган ҳаво қобиғи тозаланиши учун замин яратиш мақсадларини кўзда тутган. Ҳиндистон Париж саммитида ўз зиммасига олган мажбуриятларга мувофиқ, электр энергияси ишлаб чиқаришга қаратилган қувватларини 2030 йилгача 40 фоизга етказиши ҳамда шу қувватларнинг барчасини қазиб олинадиган энергия манбаларидан эмас, балки қайта тикланувчи энергия манбалари, йирик гидроэлектростанциялар ва атом энергетикаси иштирокида олишни режалаштирган.

– 2020 йил 11 декабрда ўтказилган виртуал саммитда Ўзбекистон томони ҳам мазкур альянсга қўшилиш истагини билдирди. Ҳиндистон томони бу истакни қўллаб-қувватлашини билдирди. Альянсга аъзо бўлиш мақсадларига эришишда Ўзбекистонда халқаро тендер эълон қилганлигини алоҳида таъкидлашни истардим, – деди элчи жаноб Маниш Прабхат. – Унда иштирок этиш истагини билдирганлар орасида йирик ҳинд компанияларидан бири NTPC компанияси ҳам бор. Компания вакилларидан бир гуруҳи Ўзбекистонга ташриф буюриб, шарт-шароитлар билан танишиб ҳам кетдилар.

Маълумот ўрнида:
NTPC (National Thermal Power Corporation) Ҳиндистоннинг электр энергияси ишлаб чиқарувчи ва бошқа шу каби фаолият турлари билан шуғулланувчи давлат сектори тасарруфидаги йирик корхона ҳисобланади. Компания 1965 йилда Ҳиндистон қонунчилигига мувофиқ ҳолда ташкил этилган. Ҳиндистон Энергетика вазирлигига қарашли компания асосан электр энергияси ишлаб чиқариш ва тақсимловчи корхоналарга сотиш билан шуғулланади. Компания, шунингдек, шартнома асосида электр станциялари бўйича муҳандислик, лойиҳа, қурилиш, эксплуатация ва бошқарув сингари фаолият турларини ҳам “зиммасига олади”.
Бундан ташқари, нефть, газ конлари разведкаси ва кўмир ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Бу йирик ҳинд компаниясининг ишлаб чиқариш қуввати 62 086 МВт га тенг. Айни пайтда NTPC ойига 25 миллиард кВт/с электр энергияси ишлаб чиқармоқда. Компания 55 та электр станциясини бошқаради. Уларнинг 24 таси кўмир, 7 таси газ ва суюқ ёнилғи комбинацияси асосида ишлайдиган станциялар бўлса, 2 таси гидроэлектростанция, 1 та шамол ва 11 таси қуёш генераторларига асосланган станциялардир.

Ҳиндистоннинг ўзи бугунги кунда умумий ҳисобда 75 Гвт қуёш энергияси ишлаб чиқаради. Бу соҳа мамлакатда жадал суръатларда ривожланиб бормоқда. Айни пайтда Ҳиндистоннинг бу борадаги ютуқлари унинг юксак технологик ва кадрлар билан боғлиқ салоҳиятида кўзга ташланмоқда.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистонинг Ҳиндистон билан бу борадаги ҳамкорлиги келгусида яхши самара беради ва мамлакатда тез-тез юз бериб турадиган (айниқса, қиш мавсумида!) энергетик инқирозларни бартараф этишга кўмаклашади.
Матбуот анжуманида шунингдек, икки томонлама ҳамкорликнинг бошқа жиҳатлари ҳам муҳокама этилди.
Нодира АБДУЛЛАЕВА

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img