Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонЎзбекистон қовуни жаҳон брендига айланиши мумкин

Ўзбекистон қовуни жаҳон брендига айланиши мумкин

Жорий йилнинг январ-октябр ойларида юртимиздан хорижга қарийб 34 млн. долларлик 104 минг тонна қовун-тарвуз экспорт қилинган. Бу йилги экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан умумий қиймат ва миқдор жиҳатидан деярли 3 баробар кўп бўлди. Мамлакатимизда етиштирилган тарвузлар 16 та давлатга экспорт қилинган бўлса, қовун экспорти географияси 27 мамлакатни қамраб олди. Қовун экспорти географияси тарвузга нисбатан 1,7 баробар кенг эканлигининг ўзига яраша сабаби бор. Зеро, Ўзбекистонда етиштирилган қовунлар таъми тилни ёрар даражада ширин. Бу ҳақда uzanalytics.com таҳлилчилари томонидан тайёрланган мақолада сўз юритилади.

Қайд этиш керак, полиз маҳсулотлари бошқа мамлакатлар, хусусан, Туркия ва Россиянинг жанубий ҳудудларида ҳам етиштирилади. Аммо, табиий ширин таъми, ўткир ҳиди ва витаминларга бой хусусияти билан Ўзбекистон қовунлари алоҳида ажралиб туради. Мақолада айтилишича, жаҳондаги энг тотли қовунлар эса Ўзбекистонда етиштирилади! Халқ селекциясида унинг 150 дан ортиқ навлари мавжуд. Оқуруғ, Бўрикалла, Кўкча, маҳаллий сариқ ҳандалак, Оби новвот, Шакарпалак, Гурлан кабилар энг кўп экиладиган навлардир. Шундай бўлса-да, экспорт ҳажми бўйича Ўзбекистон жаҳондаги йирик экспортчи мамлакатларнинг биринчи ўнталигига кирмайди. Бу йилги экспорт ҳажмининг рекорд даражада эканини ҳисобга олсак, мазкур миқдор жаҳон бозоридаги жами экспорт ҳажмининг тахминан 2 фоизини ташкил қилади, холос. Ваҳоланки, табиати, иқлим шароити, маҳаллий деҳқонларнинг қовун етиштириш ва уни сақлаш борасидаги асрий анъаналари жиҳатидан Ўзбекистон қовун экспорти бўйича жаҳон бозорида етакчи ўринларни эгаллаш салоҳиятига эга. Мисол учун, жаҳон бозорида энг йирик қовун экспортёрлари ҳисобланмиш Испания ва Гватемала давлатлари йилига тахминан 350 млн. долларлик маҳсулот – 400-450 минг тонна қовун экспорт қилади.

“Ўзбекистонда етиштирилган қовунлар жаҳон миқёсида чинакам бестселлерга айланиши мумкин”, – дейди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти иқтисодчиси Андрей Ярмак UzAnalytics мухбири билан суҳбатда.

“IndexBox” таҳлилий агентлиги маълумотларига кўра, 2018 йили жаҳон бўйича 33 миллион тонна қовун етиштирилган ва бу натижа 2017 йилга нисбатан 1,6 фоиз кўпдир. Қиймат жиҳатидан жаҳон бозоридаги қовун савдосининг умумий ҳажми $27,4 млрд.дан иборат бўлди (аввалги йилга нисбатан 2,2 фоиз кўп). Қиймат ифодасида бозорнинг умумий ҳажми логистик чиқимлар, чакана маркетинг ҳаражатлари ва ритейлерларнинг фойдаларини ҳисобга олмаган ҳолда акс эттирилган.

2007 йилдан 2018 йилгача жаҳон бозорида қовун савдосининг умумий қиймати йилига ўртача 2,1 фоиз ўсиб борди.

Таҳлилчилар прогнозига кўра, яқин ўн йилликда қовунга эҳтиёжнинг ошиб бориши истеъмол ҳажми ўсишига олиб келади. Ўсиш динамикаси йилига +0.9% даражасида башорат қилинмоқда. Бу дегани, 2030 йил охирига бориб, жаҳон миқёсида қовун етиштириш ҳажми 36 млн. тоннага етади.

Жаҳонда қовун етиштириш ва истеъмол қилиш. Энг кўп қовун истеъмол қилувчи мамлакат Хитой ҳисобланади. Бу ерда йилига 13 млн.дан 17 млн. тоннагача қовун харид қилинар экан. Қовунхўрликда иккинчи ўринни Туркия (1,7 млн. тонна), учинчи ўринни Эрон (1,6 млн. тонна), 4-ўринни Ҳиндистон (1,2 млн. тонна) эгаллайди.

Айни пайтда бу мамлакатлар жаҳон миқёсидаги энг йирик қовун етиштирувчи давлатлар ҳам ҳисобланади. Хусусан, жаҳонда етиштириладиган қовунларнинг деярли ярми Хитой ҳиссасига тўғри келади, қолган уч мамлакатдан ҳар бирига 4%дан 6% гача ҳисса тўғри келади. Ва мазкур мамлакатлар маҳсулотининг жуда кам қисми экспорт қилинади, улар жаҳондаги энг йирик қовун экспортчилари рўйхатига кирмайди.

Жаҳон миқёсида етиштирилган қовунлар умумий ҳажмининг 85 фоизи 14 мамлакат, яъни Хитой, Туркия, Эрон, Ҳиндистон, Қозоғистон, АҚШ, Ўзбекистон, Миср, Испания, Гватемала, Италия, Мексика, Бразилия ва Марокаш ҳиссасига тўғри келади.

2018 йили жаҳондаги 1,2 млн. гектар ер майдонида қовун етиштирилган, ўртача ҳосилдорлик – гектарига 27 тоннани ташкил этди. Ҳосилдорлик кўрсаткичи эса 2007 йилдан 2018 йилгача ўртача 1,3% ўсди.

Жаҳон экспорти ва импорти. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти маълумотларига кўра, 2018 йили жаҳон миқёсида умумий қиймати $1,8 млрд.га тенг 2,4 млн. тонна қовун экспорт қилинган. Энг йирик қовун экспортчилари Испания, Гватемала, Бразилия, Гондурас, АҚШ, Голландия, Мексика ва Коста-Рика ҳисобланади. Мазкур саккиз мамлакатнинг жаҳон бозоридаги қовун экспорти бўйича умумий улуши тахминан 80 фоизни ташкил қилади. Жаҳон бўйича қовун экспортининг учдан бир қисми икки мамлакат –Испания ва Гватемала ҳиссасига тўғри келади.

2018 йили қовуннинг ўртача экспорт нархи бир тонна ҳисобига $800 ни ташкил қилди. Ҳар бир мамлакатнинг экспорт нархи бир-биридан кескин фарқ қилади. 2018 йили қовунни энг юқори нархларда Голландия экспорт қилган бўлса (бир тоннаси $1155), энг паст нарх Гватемала экспортида кузатилган (тоннаси $594).

Жаҳонда қовун импорт қилувчи мамлакатлар орасида энг йириклари – АҚШ, Голландия, Франция, Англия, Канада, Германия ва Ироқдир. Қовун импортининг 65-70%га яқини бу етти мамлакатниг умумий ҳиссасига тўғри келади. Голландия энг йирик экспортчи ҳамда импортчилар рўйхатидан ўрин олгани унинг йирик реэкспортёр эканлиги билан изоҳланади.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти иқтисодчиси Андрей Ярмак Ўзбекистон қовунларининг жаҳон бозорида муносиб мавқени эгаллаши ва экспорт ҳажмини оширишда мавжуд потенциал ҳамда истиқболлар тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларини билдирди.

“Анъанавий ўзбек қовуни истеъмолчи нуқтаи назари билан қараганда, қатор камчиликларга эга эканини ҳам ҳисобга олиш лозим. Биринчидан, ўзбек қовунининг ўзига хос ҳиди ва ширин таъми – бир вақтнинг ўзида ҳам устунлик, ҳам камчиликдир. Негаки, Европа Иттифоқи мамлакатларидаги истеъмолчилар бутунлай бошқача қовун таъмига ўрганган. Албатта, “ширин таъм бозори”ни шакллантириш мумкин. Бироқ бу муайян сарф-харажатларни талаб этади ва қатор ташкилий ишларни бажаришга тўғри келади.

Иккинчи масала – Ўзбекистон қовунларининг ҳажми ва ўлчами. Бундай қовун Евроиттифоқ мамлакатлари бозорида доналаб сотилиши қийин. Чунки, мазкур бозорлар учун у жуда катта ҳисобланади. Шу боис йирик қовунни тилимлаб сотадиган ёки қайта ишлайдиган импортчилар харид қилишлари мумкин. Албатта, бу юқорида айтилган биринчи масала бўйича ҳаммаси кўнгилдагидек бўлган ҳолатда амалга оширилади.

Учинчидан, Ўзбекистонда қовунлар ғарқ пишганидан сўнг териб олинади, шунинг учун узоқ масофага транспортировка қилинганда улар истеъмолга яроқли ҳолда етиб бориши муҳим. Албатта, ЕИ мамлакатларига экспорт қилишда маълум бир тажриба орттирилди. Бироқ айнан экспортбоп қовун етиштириш борасида кўп муаммолар ечимини топиши керак. Бунда мен уруғ, нав, калибрлаш, пишиш босқичидан тортиб, қадоқлаш ва маркетинггача бўлган жараённи назарда тутяпман.

Умуман олганда, менинг фикримча, Ўзбекистон қовунлари жаҳон миқёсида бестселлер бўлиши мумкин. Бу маҳсулотни нафақат сархиллигича, балки музлатилган ҳолатда ҳам қандолатчилик ёки бошқа турдаги қайта ишлаш учун бутун йил давомида сотиш мумкин. Ва бу борада мен анча катта потенциални кўрмоқдаман”, – деган эксперт.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img