Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистон-Ҳиндистон: азалий дўстлик ришталари давом этмоқда

Ўзбекистон-Ҳиндистон: азалий дўстлик ришталари давом этмоқда

Ҳиндистон маданий алоқалар Кенгаши раҳбари, Ҳиндистон парламенти юқори палатаси аъзоси Винай Сахасрабудхе бошчилигидаги делегация бир неча кун давомида мамлакатимизда меҳмон бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Равшанбек Алимов билан бўлган учрашувда мамлакатимизга илк бор ташриф буюрган Винай Сахасрабудхе ўзбек халқининг кўнгли очиқлиги, меҳрибонлиги ва ижодкорлиги, шу билан бирга Ҳиндистонга, ҳинд маданиятига нисбатан илиқ муносабати ва хайрихоҳлигини яққол ҳис этганини қайд этди. Мартабали меҳмон ҳиндистонликлар Ўзбекистонда барча жабҳаларда, жумладан, фуқаролик жамияти институтларини демократлаштириш ва мустаҳкамлаш жараёнида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни қизиқиш билан кузатиб боришаётганини билдирди. Унинг фикрича, мамлакатимизнинг бу борадаги ютуқлари халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Ҳиндистон Ўзбекистонни демократик ривожланиш йўлида доимо қўллаб-қувватлайди.

Томонлар ўртасидаги мулоқотда икки мамлакат тадбиркорлари ва маданият арбоблари ташрифини уюштиришни янада фаоллаштириш, савдо, инвестиция, таълим, тиббиёт, инновация, ахборот-коммуникация технологиялари ва сайёҳлик соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг мавжуд салоҳиятидан кенг фойдаланиш муҳимлиги ва зарурлиги ҳақида якдил фикр билдирилди.

Мулоқот давомида парламентлараро алоқалар истиқболи ҳам кўриб чиқилди. Мазкур йўналишдаги алоқаларни ривожлантиришга Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталарида Ҳиндистон парламентининг юқори ва қуйи палаталари билан ҳамкорлик қилиш мақсадида тузилган гуруҳлар салмоқли ҳисса қўшаётгани таъкидланди. Ҳиндистон маданий миссияси вакилларининг мамлакатимизга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим вазирлиги, Тошкент Давлат Шарқшунослик университети ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида, шунингдек, Самарқанд ва Бухоро шахарларидаги олий ўқув юртларида ҳам қатор учрашувлар бўлиб ўтди. Хусусан, Самарқанд давлат университетида Ҳиндистоннинг юртимиздаги элчиси Маниш Прабхат, Лаъл Баҳодир Шастри номидаги Ҳиндистон маданият маркази директори, профессор Чандер Шекхарлар ҳамроҳлигида келган делегация аъзолари дастлаб университетнинг халқаро таълим дастурлари факультетида ташкил этилган Ҳиндистон ўқув маркази фаолияти билан танишди.

Винай Сахасрабуддхе марказда фаолият юритаётган ҳиндистонлик мутахассислар билан мулоқот қилиб, марказ фаолиятини ривожлантириш, таълим дастурларида ахборот технологияларидан кенг фойдаланишни ташкил этиш бўйича фикрларини билдирди. Самарқанд давлат университети фаоллар залида ўтган учрашувда Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб бораётганини таъкидлаб, айнан таълим соҳасида амалга оширилаётган ҳамкорликка алоҳида тўхталиб ўтди. Жумладан, икки давлат ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари натижасида Самарқанд давлат университети Ҳиндистоннинг бир нечта олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда таълим дастурларини амалга ошираётганлигини таъкидлади. Айни пайтда ҳам университетда бир нечта ҳиндистонлик мутахассислар талабаларга таълим бермоқда. Ҳиндистон маданий алоқалар кенгаши президенти Винай Сахасрабуддхе ҳинд ва ўзбек халқларининг дўстлик, ҳамкорлик алоқаларининг тарихий илдизлари мавжудлиги, кейинги йилларда ижтимоий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида қайд этди.

Учрашувда Винай Сахасрабуддхега Самарқанд давлат университетининг фахрий профессори унвони топширилди. Шунингдек, Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов ва Ҳиндистоннинг юртимиздаги элчиси Маниш Прабхат ҳамкорлик меморандумини имзолади. Ташриф давомида меҳмонлар Самарқанднинг диққатга сазовор жойларида бўлиб, халқимизнинг бой маданий мероси билан яқиндан танишди. Ташриф давомида Тошкентда ўтказилган маданий тадбирда икки давлат ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантириш бўйича фикр-мулоҳазалар алмашилди.

Тадбирда Тошкентдаги Лал Баходир Шастри номидаги Хиндистон маданият маркази ансамбли ва “Havas” гуруҳи томонидан икки давлат куй-қўшиқлари ижро этилди.
Абдувоҳид АЧИЛОВ

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img