Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонЎзбекистон энди диний эркинлик бўйича махсус кузатувда эмас

Ўзбекистон энди диний эркинлик бўйича махсус кузатувда эмас

Очиқлик, ошкоралик ва адолат – тараққиёт калити. Халқаро майдонда Ўзбекистон мана шундай тамойилларга риоя қилиб, обрў-эътибор топмоқда. Танланган демократик йўлдан қайтилмаслигини бот-бот такрорлаётган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотпарвар сиёсатчи сифатида эътироф этишаётган алоҳида эътиборга молик. Инсон ҳуқуқларининг ҳимояси, мажбурий меҳнатга қарши курашни давом эттириш, диний эркинликни таъминлаш каби йўналишларда ҳам Ўзбекистон тажрибаси муттасил тилга олинаётгани бежиз эмас, албатта. Бунинг яққол далили ўлароқ, АҚШ давлат котиби Майкл Помпео Ўзбекистон диний эркинлик бўйича «Махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати»дан (Special Watch List) чиқарилганини эълон қилди. Дунёнинг энг қудратли давлати – АҚШнинг Ўзбекистондаги ўзгаришларга бераётган эътибори ва эътирофи шубҳасиз, халқаро майдонда Ўзбекистонимизга бўлган ишончни яна ошириб юборди.

“Махсус кузатув остидаги давлатлар рўйхати” нимани англатади, деган савол туғилади. Гап шундаки, Қўшма Штатлар дунёда демократия ва инсон ҳуқуқлари ҳимоясини ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири деб билади. Шунинг учун АҚШда 1998-йилда қабул қилинган қонунга кўра, давлат диний ҳуқуқларни оёқ ости қилинадиган мамлакатлар билан ҳамкорликни чеклаши ва уларга нисбатан чора кўриши лозим. Диний ҳуқуқларни чеклаган давлатлар ёки ҳаракатлар билан Вашингтон ҳамкорликни чеклайди. Бу борада ҳар йили Давлат Департаменти дунё давлатларидаги диний эркинлик юзасидан ҳисобот тарқатади. АҚШ Давлат Департаментининг бундай рўйхатидан бир қатор нуфузли давлатлар қатори Аш-Шабаб, ал-Қоида, Боко Ҳарам, Толибон ва қатор гуруҳлар ва ҳаракатлар ҳам ўрин олган бўлиб, улар эътиқод эркинлигини поймол этиб келаётганликда қораланади.

АҚШ ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари ўз маърузасида АҚШ экстремист ва террорчи гуруҳларга инсонларни дини учун азоблашга йўл қўймаслигини эслатиб ўтди. “Вашингтоннинг бу борадаги ёндашуви ўзгармас. Ижобий ўзгаришлар ҳам бор. Судан ва Ўзбекистон махсус кузатувдаги давлатлар рўйхатидан чиқарилди, чунки ҳукуматлар ўтган йил давомида салмоқли ва конкрет ўзгаришларни амалга оширди”, – дея эълон қилди давлат котиби. Помпео таъбири билан айтганда, Ўзбекистонда ислоҳотлар давом этиб, қонунлар янгиланмоқда ва улар амалда сезилиб, бу жараёнлар бошқа давлатларга ҳам ўрнак бўла олади.

Инсон ҳуқуқлари бобида Ўзбекистон ва АҚШ ҳамкорлиги ўз самарасини берди. Ўзбекистон йиллар давомида алоҳида хавотирга молик давлат сифатида кўрилгани, кейинчалик бу рўйхатдан чиқарилиб, махсус кузатувга қўйилгани ва муайян шартлар асосида янги бир даврга қадам қўяётгани конструктив жараёнлар маҳсули. Хусусан, Ўзбекистонда диний ташкилотларнинг рўйхатга олиниши борасида янгиликлар кузатилган, шунингдек, диний сабаблар билан қамалган шахсларнинг ишлари қайта кўриб чиқилган ва чиқилмоқда, катта қисми афв этилган.

Аслида АҚШ Давлат департаментининг Халқаро диний эркинлик бўйича 2019-йилги ҳисоботи Ўзбекистон учун муҳим воқеа бўлганини бир ёдга олайлик. 2020 йилнинг июнида АҚШ Давлат котиби Майк Помпео нутқ сўзлаб, ўз фуқароларининг эътиқод эркинлигига қарши босим ва тўсиқларга барҳам бериш мақсадида дадил қадам ташлаган мамлакатларни санаб ўтди. Улар орасида, узоқ йиллар диний репрессия қўлланиб келинган собиқ совет иттифоқи таркибида бўлган Марказий Осиё давлатларидан Ўзбекистон ҳам бор эди. Дарҳақиқат, Ўзбекистон диний эркинлик борасидаги кўрсаткичларини яхшилаш учун зарур чораларни қўллади. 2019-йилда рўйхатдан ўтмаган диний гуруҳлар жамоатини таъқиб қилиш ҳолатлари қайд этилмади.

АҚШнинг Диний эркинлик бўйича махсус элчиси Самуэл Браунбек ҳам диний эркинликлар соҳасидаги Ўзбекистон ташлаган қадамларга юқори баҳо берди. “18 ёшдан кичиклар авваллари Ўзбекистонда масжидга киритилмас эди. Бу тақиқ олиб ташланди. Мамлакатда саккизта ибодатхона рўйхатга олинди. Биз шу пайтга қадар бажарилган ишлардан мамнунмиз”. Шубҳасиз, эътиқод эркинлигини таъминлаш билан мамлакатлар иқтисодий барқарорлик ва хавфсизликка эришади. Ўзбекистон шу мақсадда илгариламоқда. Бошқаларга яхши кўриниш учун эмас.

Боз устига Ўзбекистон ҳуқуқ ташкилотларининг тавсия ва хавотирларига бефарқ эмас. Ҳукумат Ўзбекистонда ҳам, жаҳон бўйлаб ҳам ҳуқуқ ва қонун устуворлиги билан боғлиқ вазият яхшиланишини хоҳлайди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг бу йилги 75-сессиясида сўзлаганида, мамлакатда ислоҳотлар давом этади, адолат ва тараққиёт томон қадам ташлашдан тўхтамайди ва ортга қайтмайди, дея бежиз таъкидламади. Энг аввало, халқаро саҳнадаги фаоллик Ўзбекистонда шу кунгача ҳуқуқ ва қонун устуворлиги борасида эришилган ютуқлар асраб-авайлаш учун имкон беради. Боз устига, давлат идораларида масъулиятни ошириш, очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, мажбурий меҳнатга қарши кураш, авф этиш ва оқлов, адлия ислоҳоти, суд мустақиллиги, уруш майдонларидан ватандошларни олиб келиш, қийноқларга баҳрам бериш, жазони ўташ муассасаларини мониторинг қилиш, диний эркинлик ва бошқа жабҳаларда ҳам ижобий ўзгаришларни амалга оширишни давом эттириш гарови ҳамдир. Қолаверса, Ўзбекистон ёпиқ жамиятдан очиқ жамиятга айланишни истайди. Мана шу трансформацион жараён фақат Ўзбекистон учун эмас, халқаро ҳамжамият учун ҳам аҳамиятлидир. Шу боис республика ўз тажрибасини дунё билан баҳам кўришдан тортинмайди.

Бу тажриба шундаки, қисқа вақт ичида мамлакатимизда мажбурий ва болалар меҳнати тўлиқ тугатилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия қабул қилинди. БМТнинг фуқаролиги бўлмаган инсонлар сонини камайтиришга қаратилган чақириғига жавобан жорий йилнинг ўзида 50 минг юртдошимизга Ўзбекистон фуқаролиги берилди. Миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик мустаҳкамланмоқда.

Судларнинг чинакам мустақиллиги ва қонун устуворлигини таъминлашга йўналтирилган кенг қамровли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Коррупцияга қарши муросасиз кураш янги босқичга кўтарилди. Ўзбекистон сўнгги йилларда эришган бу каби муҳим натижаларнинг барчаси Ўзбекистоннинг барча стратегик шериклари ва дунё давлатлари томонидан эътироф этилди.

Айтиш жоизки, республика ташқи дунё маслаҳатлари ва тавсияларини ҳеч қачон ҳозиргичалик инобатга олмаган. Туб муаммоларни тан олиб, уларга ечим излаш, ҳар жиҳатдан тараққий этиш, глобал меъёрларни тадбиқ этиш, ҳар бир соҳада жаҳон тажрибасини ўрганиш сари қадамлар ташлаётгани бунинг яққол исботи. Хорижий экспертларни ва ватандошларни жалб этиш, давлат идораларида уларнинг кўмагига таянган ҳолда ўзгаришлар қилиш, иқтисод, молий ва сармоя ҳамда давлат бошқаруви ва умуман, тизимли ислоҳотларда йирик халқаро ташкилотлардан маслаҳатчиларни таклиф этиш бугунги Ўзбекистон учун нормал ҳолга айлангани ҳам, айни ҳақиқат. Янги қонунлар устидан ишлашдан тортиб, уларни амалга ошириш ва назорат қилишгача, халқаро мутахассисларнинг тавсиялари кенг тарзда инобатга олинмоқда. Ҳозирда ҳар бир муҳим ҳужжат, ҳар бир стратегия халқаро ташкилотлар ва экспертлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилмоқда ва уларнинг таклифлари инобатга олинмоқда. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон 2017-йилда бошланган ислоҳотларни, адолат ва қонун устуворлиги томон йўлни кенгроқ очаверади, орқага қайтмайди.
А.Сайбназаров

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img