Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонЎзбекистон Бадиий академиясида журналист ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди

Ўзбекистон Бадиий академиясида журналист ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди

Бадиий академия мамлакатимизда тасвирий ва амалий санъат, дизайн йўналишларини ривожлантириш, академик бадиий таълимнинг изчиллигини таъминлаш билан боғлиқ вазифаларни  ҳал этишга ваколатли бўлган давлат муассасаси ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2017 йил 16 августдаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси 2017 йил 13 ноябрда қабул қилган 1265-Ф-сон фармойишда  Бадиий академия биносини мукаммал  таъмирлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва унда рассомлар учун тажриба  устахонасини ташкил этиш белгиланган эди. Шунга мувофиқ Ўзбекистон Бадиий академияси биноси тўлиқ таъмирдан  чиқарилиб,  том маънода ижодий муассасага хос  янги қиёфа касб этди, меҳнат шароити, моддий-техника таъминоти тубдан яхшиланди. Таъмирлаш жараёнида Бадиий академиянинг санъат галереяси қуриб битказилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Бадиий академияси ҳақиқий аъзолари (академиклар) сони 38 нафарни ташкил қилади. Санъатни юксак, ёрқин ижодий ва илмий ютуқлар билан бойитиш, ҳар икки йилда бир маротаба ҳисобот кўргазмасини ташкил этиш академикларнинг мажбуриятлари сирасига киради. Ушбу галерея нафақат академикларимиз ҳисобот кўргазмасини ташкил қилиш, балки  Бадиий академиянинг фахрий хорижий аъзолари ижодини танитишда ҳам хизмат қилади.

 70 кишига мўлжалланган конференц-зал Бадиий академиянинг тадбирларидан ташқари, бошқа ташкилот ва муассасаларнинг анжуманларини ўтказиш шароитига эга. Ижодий муҳитни қарор топтириш учун  ҳар бир қаватда ўзбек тасвирий санъатининг йирик намояндалари мўйқаламига мансуб асарлар ўрин олди, кутубхона бунёд этилди, маданий хордиқ ва спорт билан шуғулланиш учун жой ажратилди, бинога қарашли ҳудуд янгидан кўкаламзорлаштирилди, манзарали дарахтлар ўтқазилди.

2020 йил 21 апрелда Президентимизнинг  «Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида» Қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжат  ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузурида Рассомлик маҳорат устахонаси (олий рассомлик курси) фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 15 декабрдаги 786-сон қарорига мувофиқ 2022/2023 ўқув йилидан Бадиий академия ҳузурида Рассомлик маҳорат  устахонаси (олий рассомлик курси) фаолият бошлайди.

Қарорда  2022 йил 1 февралга қадар  Рассомлик маҳорат устахонаси (РМУ)га  Ўзбекистон Бадиий академияси биносидан хоналар ажратиш ва зарур шарт-шароитлар яратиш чораларини амалга ошириш белгилаб қўйилган. Бугунги кунда РМУ фаолиятини самарали ташкил этиш (моддий-техника базасини шакллантириш, асбоб-ускуна ва бошқа анжомлар билан жиҳозлаш) юзасидан тегишли ишлар олиб борилмоқда. Рассомлик маҳорат устахонасига  икки йилда бир маротаба сараланган 10 нафар стажёр-тадқиқотчилар қабул қилинади ҳамда ўқиш муддати соҳа хусусиятидан келиб чиққан ҳолда икки йил давом этади.  Маҳорат устахонасига шунингдек, тасвирий санъатнинг дастгоҳли ранг тасвир, графика, маҳобатли рангтасвир, миниатюра ва ҳайкалтарошлик каби йўналишларига ихтисослашган истеъдодли ёшларни саралаб олиш вазифаси юклатилган.

Таълим жараёнида чет эллардаги кўргазма ва музейларида сақланаётган ноёб асарлар билан яқиндан танишиш, нусха кўчириш ҳамда тажриба алмашиш мақсадида хорижий мамлакатларга ижодий сафарлар ташкил этилади. Маҳорат устахонасининг асосий вазифаларидан яна бири, юртимиз музейлари фондларини юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий санъат асарлари билан мунтазам бойитиб боришга кўмаклашишдан ҳам иборатдир. Бу билан нафақат мамлакатимизнинг тарихий ва маданий меросини сақлаш, балки аҳолининг барча қатламлари учун миллий ва жаҳон саъати асарларидан кенг фойдаланиш имконияти кенгаяди.

Бир сўз билан айтганда Ўзбекистон Бадиий академияси миллий тасвирий санъатимизнинг йирик марказига айланди. Ҳар йили ўнлаб република, халқаро миқёсда тематик, шахсий ва ижодий кўргазмалар ташкил этиб келинмоқда. Бу борада Бадиий академия тизимдаги Марказий кўргазмалар зали, Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройи, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи, Тошкент фотосуратлар уйи каби санъат масканлари ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img