Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонЎзбек ва озарбайжон халқларининг маданияти умуминсоний қадриятларга таянади

Ўзбек ва озарбайжон халқларининг маданияти умуминсоний қадриятларга таянади

Ўзбек ва озарбайжон халқларининг маданияти умуминсоний қадриятларга таянади

Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номли Озарбайжон Маданият маркази директори Самир Аббасовнинг interpress.uz сайтига эксклюзив интервьюси

Самир Аббасов

Жаноб Самир Аббасов. 2021 йил Озарбайжонда Низомий Ганжавий йили деб эълон қилинган. Шу муносабат билан қандай асосий тадбирларни ўтказиш кўзда тутилган ва улар ўсиб келаётган авлодни тарбиялашда қандай аҳамиятга эга?

Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази ушбу муҳим сана муносабати билан қатор тадбирлар ва лойиҳаларни ўтказмоқда. Ушбу тадбир турли хусусиятга эга. Биз Ўзбекистон ёзувчи ва шоирлари билан бирга семинарлар, конференциялар, очиқ дарслар ўтказишни режалаштираяпмиз.   

Президент Илҳом Алиев томонидан йилнинг “Низомий Ганжавий йили” деб эълон қилиниши муносабати билан феврал ойида Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев маданият марказида буюк шоирга бағишланган қатор тадбирларнинг расмий очилиш маросими ўтказилди. 

Уларда маданият, санъат, таълим, фан арбоблари, Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университети ўқитувчи ва талабалари, бошқа олий ўқув юртларининг олимлари, Ўзбекистон фанлар академияси, Ёзувчилар уюшмаси, “Ўзбекистон-Озарбайжон” дўстлик жамияти раҳбарлари, журналистлар қатнашди. Бизнинг Маданият маркази буюк шоирга бағишланган кўргазма ва композицияларни ўтказишди. 

Қайд этиш керакки, адабий муносабатларимиз тарихида илк бор Низомий Ганжавийнинг “Ҳамса” асари Марказимиз лойиҳаси асосида тўлиқ ҳажмда ўзбек тилига ўгирилди. Адабиётдаги бу тарихий воқелик халқларимизни янада яқинлаштиради. 

Айтмоқчиманки, олий таълим даргоҳлари ва мактабларининг ўқитувчилари Низомий Ганжавий ва унинг ижодига бағишланган очиқ дарслар ўтиб бериш илтимоси билан мурожаат этишади. Бу дарслар одатда, музей ва ахборот кутубхона марказида ўтказилади. 

Ёш авлод — бу мамлакатларимиз жамиятларининг келажаги, уларни дўстлик ва қардошлик руҳида тарбиялаш биз учун муҳим. 

Сиз Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Марказининг директорисиз. Марказ бу йил Ўзбекистонда қандай лойиҳаларни режалаштирмоқда?

 Маданият Марказимиз томонидан Ўзбекистонда “Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий ижоди: Турк оламининг фахри манбаи, жаҳон адабиётининг марвариди” номи остида халқаро танлов ўтказиш назарда тутилмоқда. 

Озарбайжон Маданият маркази, Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика Университети ва “Ўзбекистон-Озарбайжон” дўстлик жамияти биргаликда ўтказадиган халқаро танловнинг бош мақсади – ҳар икки мутафаккир ва шоир асарларини оммалаштириш, ёш авлод ўртасидаги дўстлик, тарихий ва адабий алоқаларни мустаҳкамлаш, Ганжавий ва Навоий адабий меросини ўрганиш ва тадқиқ қилишдан иборат бўлиб, бу ўз навбатида, бизнинг миллий маданиятларимиз, адабиёт ва санъатимизга янги улуш бўлиб қўшилади. 

Танловда ҳар икки мамлакат университетлари, илмий ва маданий муассасалари, олимлар ва тадқиқотчилар, рассомлар ва журналистларнинг иштирок этиши режалаштирилган. 

Танлов қуйидаги номинациялар бўйича ўтказилади:

1.“Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий ижоди: Турк оламининг фахри манбаи, жаҳон адабиётининг марвариди”мавзуида илмий монография ва тадқиқот иши“;

2. «Низомий Ганжавий ва Алишер Навоийнинг жаҳон маданияти ва адабиётига қўшган ҳиссаси, туркий халқлар нега уларнинг ижоди билан фархланиши керак»? мавзуида энг яхши эссе ёзиш;

3. Тасвирий санъатда Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий оид асарлар ва миниатюралар – энг яхши чизилган асар (картина).

4. Озарбайжон ва ўзбек матбуоти (сайт, газета, журнали) ва телеканалларда “Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий: шоирларимиз учун илҳом манбаи, адабиётларимизнинг тикланиши, адабий алоқаларимизнинг чўққиси” мавзуидаги энг қизиқарли мақола ва теледастурлар.

Танлов ташкилий қўмитасига ҳар икки мамлакатнинг таниқли ёзувчи ва адабиётшунослари киради. 

4 май куни Тошкент тиббёт Академиясида очиқ ҳавода “Озарбайжон-Кавказ марвариди” номли жуда катта тадбир ўтказилади, унда кўргазмалар, композициялар, концерт номерлари, Озарбайжон маданияти ва санъатини акс эттирувчи мода чиқишлари тақдим этилади. 

Шунингдек, 31 майдан 2 июнгача Маданият марказимиз томонидан Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Низомий йилига бағишланган “Маданият ва санъат кунлари”ни ўтказиш режалаштирилган. Тадбир доирасида Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида “Низомий – фахр манбаи” номли конференция бўлиб ўтади. 

Бундан ташқари, пандемия сабабли Қорақалпоғистон Республикасида “Озарбайжон ва Ўзбекистон дўстлиги ришталари” маданият ва адабиёт кунларини ўтказиш жорий йилга кўчирилган. 

 Яқин вақтларда Маданият марказимизда жойлашадиган “Озарбайжон ва Ўзбекистон дўстлиги музейи”нинг кенг миқёсли тартибда очилиши режалаштирилган, унда халқларимиз дўстлиги даври ва асосий босқичи акс этган, тақдим этиладиган экспонат ва композициялар, ишонаманки, музей меҳмонлари ва ташриф буюрувчилари учун қизиқарли бўлади. 

 3. Халқларимизнинг маданий ва адабий соҳалари бир-бири билан чамбарчас боғланган. Бу икки миллатнинг дўстона муносабатлари мустаҳкамланишига қанчалик таъсир кўрсатади, деб ўйлайсиз?

Тарихий алоқалар ва халқларимиз ўртасидаги муносабатлар чуқур тарихга бориб тақалади. Бизнинг чамбарчас алоқалар ҳеч қачон узилмаган. Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий давридан бери, сўнгра бирмунча кейинги даврларда, Совет даврида Озарбайжонда ўзбек маданияти ва адабиёти декадаси, Ўзбекистонда Озарбайжон маданияти кунлари ўтказилган, Мустақилликка эришилгач, бу алоқа ва муносабатлар анча юқори даражага кўтарилди ва бугун бугун муваффақиятли давом этмоқда. Бу муносабатлар қардошлик, яхши қўшничилик, ҳамкорлик, фаровонлик, тараққиёт пойдеворини мустаҳкамлайди. 

– Озарбайжон ўзига тегишли тарихий ҳудудни қайтариб олганидан жудаям хурсандмиз. Тоғли Қорабоғни қайта тиклаш юзасидан амалга ошириш учун кўзда тутилган тадбирлар ҳақида марҳамат қилиб гапириб берсангиз.

Ҳа, тарихий ҳақиқат қарор топди, Олий Бош қўмондон Илҳом Алиев бошчилигидаги шонли Озарбайжон армияси ота-боболаримиз ва аждодларимизнинг тарихий ерларини озод қилиб, қайтариб олди. Афсуски, нафақат турар жойлар, маданият ёдгорликлари – мусулмонлар ва насронийларнинг муқаддас қадамжолари, тарихий архитектура ёдгорликлари ҳам вайрон қилинди. Урушдан кейинги тарихий ерларимиз — бу мисоли иккинчи Хиросима. Аммо биз яхши биламиз, халқимимиз бу ўлкани замонавий обод шаҳар ва қишлоқларга айлантиради, диний қадамжолар, музейлар, кутубхона ва бошқа маданий муассасалар қурилади, қайта тикланади, бетакрор боғлар пайдо бўлади, сайёҳларни ўзига чорлайди. Бунинг учун барча имкониятларимиз етарли, энг муҳими, халқимизнинг жонажон ерига қайтиш истаги бор. 

 Озарбайжон урбанизация соҳасидаги энг замонавий тенденцияларни ҳисобга олиб озод қилган мамлакат ҳудудларини қайта тиклаш бўйича комплекс дастурларни ишлаб чиқади. 

Республиканинг Қорабоғ минтақасидаги 30 йиллик босқиндан кейин озод этилган ерларда янги аҳоли пунктлари қурилади, йирик лойиҳалар амалга оширилади. 

Босқиндан озод этилган аҳоли пунктларининг катта қисми, шу жумладан, Агдам, Физули, Жабраил, Зангилан, Келбажар, Лочин ер юзидан супуриб ташланган, “арвоҳ шаҳарга” айлантирилган эди.  Бу билан босқинчилар Қорабоғнинг тарихий меросини йўқ қилишга уринишган. 

Президент Илҳом Алиев таъкидлаганидек, озод қилинган туманларни тиклаш жараёнида минтақанинг тарихий анъаналари ҳисобга олинади. 

Озарбайжоннинг қайта тикланган шаҳар ва қишлоқлари “яшил энергия” зонасига айланади, сув ресурслари, қуёш ва шамол энергиялари кенг қўлланилади. Бир вақтнинг ўзида йирик транспорт ва инфратузилмавий лойиҳалар амалга оширилади. Бу йўналишда дастлабки қадамлар ташланди: Физулидан Шушага автотрасса қурилиши бошланди, шунингдек, Физули шаҳри аэропортининг пойдевори қўйилди. Жабраил, Зангилан туманлари ва Шуша шаҳрининг реконструкцияси олиб борилмоқда. 

Кўплаб мамлакатлар вакиллари Озарбайжоннинг озод қилинган ҳудудларига экскурсияларда иштирок этди. Президент Илҳом Алиев ўзининг интервьюларидан бирида айтганидек, оккупация оқибатида арман вандаллари миқёси бўйича Люксембургдан тўрт марта катта улкан ҳудудларни вайрон этишди. 

Биз бу ҳудудларни – 10000 қишлоқ, 10 та шаҳар, минглаб ёдгорликларни қайта тиклашимиз зарур, афсуски, буларга кўплаб йиллар вақт кетади. 

Қайд этмоқчиманки, бугунги кунгача Арманистон халқаро ҳуқуққа зид равишда, Озарбайжоннинг миналаштирилган майдонлари харитасини топширмади.  Бизга дўст мамлакатлар вайроналарни тиклашда фаол иштирок этмоқда. 

Катта қониқиш билан айтмоқчиманки, яқинда, ўзбек делегациясининг Озарбайжонга ташрифи чоғида Ўзбекистон томони бу ўлкалар инфратузилмасини тиклашда ўз ёрдамини таклиф этди. Қорабоғда мактаб қуриш тўғрисида келишув бор, унга кўра, мактаб озарбайжон халқига Ўзбекистондан ҳадя сифатида топширилади. 

Ўзбеклар ва озарбайжонлар миллий табиатида сизни қониқтирмайдиган жиҳатлар борми? Агар шундай жиҳатлар бўлса, бу салбий жиҳатларни бартараф этиш учун нима қилишимиз керак? 

Менинг назаримда ўзбеклар ва озарбайжонларнинг миллий табиати катта ўхшашликка эга. Бу ўзбек халқи ва Озарбайжон халқлининг маданияти умуминсоний қадриятларга таянади. Инсонпарварлик, адолат, анъаналарга садоқат, бағрикенглик, тараққиёт ва фаронликка интилиш. 

Тилларимиз умумий илдизли, бизнинг муқаддас динимиз ислом – тинчлик ва яхшилик дини. Менталитетларимиз ҳам ўхшаш. Оиладаги муносабат, онага, Ватанга муҳаббат, жамият олдида қарздорлик ҳисси ва бошқалар. 

Мамлакатларимиз кўп миллатли, бу ерда турли этнослар, халқлар ва диний конфессиялар вакиллари истиқомат қилади. 

Ўйлашимча, келажак авлод фаровонлиги йўлида икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришимиз керак. Халқларимиз бир-бири ҳақида кўпроқ нарса билишлари учун қўлимиздан келганини қиламиз. Буни асосий вазифа сифатида кўриб, бу хайрли иш йўлида бор кучимизни берамиз. 

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img