Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонНазрул Ислом хотираси ёдга олинди

Назрул Ислом хотираси ёдга олинди

Бангладеш Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси Бангладешнинг миллий шоири Қози Назрул Исломнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган тадбир ўтказди ва унинг доирасида ҳужжатли фильм намойиш этилди. Меҳмонларни халқ шоирининг кўтаринки кайфият бағишловчи «Чол Чол Чол» қўшиғи билан кутиб олишди.

Бангладешнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Масуд Маннан ўз сўзида Қози Назрул Ислом таркибида диний эътиқод, севги-муҳаббат, ватанпарварлик ва ҳар қандай таъқибга қарши маънавий исён каби мавзуларни қамраб олган минглаб қўшиқ ва кўплаб шеърий асарлар битганини қайд этди. Қолаверса, унинг асарлари, айниқса, шеърлари 1971 йилги Озодлик уруши чоғида Бангладеш мустақиллиги учун курашаётган халқни илҳомлантирган восита бўлган.

Қози Назрул Ислом Бангладеш тарихининг олтин қисми ҳисобланади. Унинг замонавий фикрлари ва фалсафаси бенгал адабиётини бойитди. Қози Назрул Ислом шоиргина эмас, балки мусиқачи ва файласуф ҳам бўлган. Ўз асарларида эркинлик, озодлик, инсонийлик, севги ва инқилоб каби мавзуларни тараннум қилган. Назрулнинг 4000 га яқин қўшиқлари бўлиб, улар Бангладеш ва Ҳиндистон халқлари орасида жуда машҳур. Элчи Масуд Маннаннинг айтишича, 1971 йили Бангладеш мустақиликка эришганидан кейин миллат отаси Шайх Мужибур Рахмон шоир Назрул Исломни Калькуттадан Дакка келтиради ва унга фуқаролик бериб, Даккадан гўзал қароргоҳ ажратади. Шоирга Бангладеш миллий шоири унвони берилади. Тадбирда таъкидланганидек, дунёда зўравонлик ва тоқатсизлик ўсиб бораётган ҳозирги вақтда Назрулнинг адабий асарлари долзарб аҳамият касб этади.

Ижодий кечада Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг Қози Назрул Исломга бағишланган шеъри ўқиб эшиттирилди.

Ўзбекистон Республикаси собиқ Маданият вазири, таниқли рассом Турсунали Қўзиев шоир Қози Назрул Ислом ва Бангладеш мустақиллиги йўлида жон фидо қилган барча марҳумлар руҳига ҳурмат бажо келтирди. У шунингдек, ёш авлод тарбиясида шеъриятнинг алоҳида ролини эътироф этди.
Абдували САЙИБНАЗАРОВ

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img