Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонНавалний заҳарланган: Россия яна босимлар остида қолди

Навалний заҳарланган: Россия яна босимлар остида қолди

Бундесвер (Германия ҳарбий кучлари) лабораторияси мутахассислари Россия мухолифати етакчиси Алексей Навалнй «Новичок» груҳига мансуб заҳарли модда билан заҳарланганини аниқладилар. Бу ҳафда ГФР ҳукумати маълум қилди.

Ҳарбий мутахассисларнинг айтишича, «Шарите» клиникаси сўрови билан ўтказилган токсикологик анализ натижалари Навалний оқибати шолга, юрак ва нафас тўхтатишига сабаб бўлувчи асаб ҳаракатларини тўхтатувчи «Новичок» синфига мансуб модда билан заҳарланганини тасдиқлаган.

Қайд этиш керак, ушбу модда 1970-1980-йилларда СССРда яратилган бўлиб, илк марта ундан ўтган асрнинг 90-йилларида фойдаланилган. Аниқ мисол билан айтганда, 1995 йил “Росбизнесбанк” раҳбари Иван Кивелидининг хизмат телефонига ушбу модда унинг ҳамкори Владимир Хуцишвилининг буюртмасига кўра суриб қўйилган. Заҳар Давлат органик кимё ва технологиялар тадқиқот институти ходимидан сотиб олинган. Бу фитна оқибатида нафақат банкир, балки кабинетнинг чангини артган унинг котибаси Зара Исмоилова ҳам вафот этган. Шунинг билан бирга қотил ҳам кучли заҳарланган.

2018 йилда «солсберлик сайёҳлар» Александр Петров ва Руслан Боширов (ҳақиқий исм-фамилиялари – Александр Мишкин ва Анатолий Чепига)нинг Буюк Британияга сафаридан сўнг «Новичок» ҳақида бутун дунё хабардор бўлди. Ўшанда рус махфий хизматининг ушбу икки жосуси айнан ушбу модда билан Бош жосуслик хизматининг собиқ полковниги 66 ёшли Сергей Скрипал ва унинг 33 ёшли қизи Юлияни заҳарлаганлар. Бундан ташқари, «Новичок» изи қолган буюмларни тасодифан қўлга олган Чарли Роули ва Дон Стёржесс ҳам заҳарланган.

Скрипалларга суиқасд уюштирилганидан сўнг Сурия ва Украинага қурол-аслаҳа юбориб турган болгариялик «қурол барони» Емелян Гебревнинг ўлими ёдга тушади. 2015 йилда Гебрев ўғли ва заводининг директори билан бирга заҳарланади. Заҳарланиш аломатлари жуда ўхшаш эди. Энг асосийси, ўша вақтда Болгарияда Сергей Федотов (Бош жосуслик бошқармаси зобити Денис Сергеев) саёҳат мақсадида бўлиб турганди.

«Шарите» клиникаси шифокорлари Гебревнинг заҳарланишига доир маълумотларни ўрганиш асносида, Навалний ҳам айнан ушбу модда билан заҳарланганига амин бўлдилар.

Германия федерал канцлери Ангела Меркел рус мухолифати етакчисининг заҳарлангани тўғрисидаги ахборотни жиддий ташвиш билан қабул қилганини маълум қилиб, Навалнийнинг организмида “Новичок” топилганига асло шубҳа бўлмаслигини, уни шунчаки овозини ўчиришга ҳаракат қилинганини билдирди.

ГФР ҳукмрон партияси Навалний билан боғлиқ ҳодиса туфайли Россияга нисбатан санкциялар жорий этилишини инкор этмаяпти. ГФР ҳукумати тегишли каналлар орқали ЕИ мамлакатларини ушбу воқеадан хабардор қилди. Ташқи ишлар вазирлигига рус элчиси чақиртирилиб, Германия Навалнийнинг заҳарланиши ҳодисаси бўйича Москвани холис ва шаффоф текширув ўтказишга чақираётганини маълум қилган.

Алексей Навалнийнинг аҳволи эса ҳамон оғир. У сунъий нафас олдириш аппаратига улаб қўйилган. Шифокорлар касаллик узоқ давом этишини, унинг асоратлари кейинчалик ҳам сиёсатчининг соғлигига таъсир кўрсатиши мумкинлигини истисно этмаяптилар.

Хўш, Россиянинг воқеага муносабати қандай? Айни пайтда Кремл Навалнийнинг заҳарланганидан бехабар эканини, Берлин бу борада бирон мужда етказмаётганини таъкидламоқда. Рус сиёсатчилари Навалнийнинг заҳарланиши воқеаси сиёсий ўйин эканига, у Германияга олиб кетилиб атайин заҳарланганига, Омскда даволанаётган пайтда унинг организмидан заҳарли моддалар топилмаганига ишонтиришга зўр бермоқдалар.

Ушбу воқеалар ортидан Россия рублининг долларга нисбатан қиймати кескин тушиб кетди. Янада ёмони, АҚШ ва Европанинг айрим давлатлари томонидан жорий этилган санкциялар туфайли хароб аҳволда қолаётган рус иқтисодиётига нисбатан янги чеклов чоралари қўлланилиши тобора аниқ бўлиб бормоқда. Буни Европа давлатлари ҳам, АҚШ ҳам яшириб ўтирмаяпти. Путин етакчилигидаги Россиянинг халқаро майдондаги шусиз ҳам омонат бўлиб турган обрўсига янада путур етмоқда. Бир сўз билан айтганда Навалний организмининг заҳарланиши Россия иқтисодиётининг жиддий қақшатилишига сабаб бўлади.

Россия одатдагидек, Ғарб томонидан илгари сурилган айбловларни кескин рад этиб, булар шунчаки сиёсий ўйин эканини таъкидламоқда. Скрипаллар заҳарланишини фош этган Англия жосуслик хизмати MI-6 бу борада ақлбовар қилмас ишни амалга ошириб, ўз қудратини намойиш этиш билан бирга, рус қотилларининг “Новичок”дан фойдаланиш имкониятларини ҳам кескин чеклаб қўйди.

Москва ҳозир қийин танлов қаршисида турибди: Навалнийни заҳарлаганларни топиб, бу ишга алоқадорларни қонуний жазога тортиши ёки мухолифатчи махсус тарзда заҳарланганини тан олмаслиги керак. Иккинчи қарорни қабул қилиш Москвага мисли кўрилмаган ташвишлар келтириши тахмин қилинмоқда. Халқаро арбитражларда ютқазиб, хориж ширкатларига миллиард-миллиард долларлаб товон тўлаётган Россия иқтисодиётининг бурни ерга ишқалади. Мухолифатчининг заҳарланишига алоқадор деб топилган расмийлар, махсус хизмат ходимларига нисбатан шахсий санкциялар жорий этилади.

Бундан ташқари, Россия халқаро майдонда янада яккаланиб қолади. Америкалик сиёсатчиларнинг айримлари эса ҳозирданоқ Россияни нишонга олиш билан бирга, Навалнийнинг заҳарланиши ҳолати бўйича Россияга нисбатан юмшоқлик қилаётгани учун Қўшма Штатлар етакчиси Доналд Трампни танқид қамчилари билан савалашни бошлаб юбордилар. Хуллас, Кремлга ёқмайдиган “овоз”ни даф этишга бўлган уриниш Россияга шараф эмас, кулфат ва иснод келтириши аниқ бўлиб турибди.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img