Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонНаманганда ҳинд хаттотлик экспозицияси очилди

Наманганда ҳинд хаттотлик экспозицияси очилди

Наманган вилояти Бадиий ижодкорлар уюшмаси бадиий галереясида Ўзбекистон Бадиий академияси ва Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида “Ҳиндистоннинг ёзма мероси: ҳинд-ислом хаттотлигида ёзиш санъати” мавзусида кўргазма очилди. Шу муносабат билан бўлиб ўтган тадбирда Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш Прабҳат, Тошкентда жойлашган Лал Баҳодур Шастри номидаги Ҳиндистон маданият маркази директори Чандер Шекхар, Ҳиндистон маданий алоқалар кенгаши президенти Винай Саҳасрабуддҳе, Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов сўзга чиқиб, мазкур кўргазма Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, икки халқнинг асрлар оша сайқаллашиб келаётган бой маънавий меросини асраб авайлаш ва кенг оммалаштиришга хизмат қилишини таъкидлади.

“Ҳиндистон ўзининг бой маданий мероси ва тасвирий санъати билан машҳур, – дейди Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш Прабҳат Узбекистон Миллий Ахборот агентлиги мухбирига берган интервьюсида. – Ўлкамизнинг ривожланиши турли хил маданий қатламларга асосланган бўлиб, бу ерда деярли барча дунё динлари мавжуд, улар санъатда аксини топган. Ислом санъати ҳам бундан мустасно эмас. Ислом дини дунёнинг турли бурчакларида пайдо бўлиши ва тарқалиши билан араб ёзувлари нафақат мамлакатлар ўртасида ёзма алоқа воситасига айланди, балки Ислом китоб графикасидаги бутун тенденциянинг асосини ташкил этди. Одамларни тасвирлаш тақиқланганлиги сабабли хаттотлик ҳақиқий санъат даражасига кўтарилди”.

“Давлатимиз раҳбари томонидан хаттотлик санъатини тиклаш ва уни ривожлантириш вазифаси қўйилган, – дейди Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нур. – Шундан келиб чиқиб биз Ҳиндистон маданияти маркази билан ҳамкорликда ушбу кўргазмани ташкил этдик. Барча вилоятларда ўтказиш режалаштирилган ушбу тадбирни айнан Намангандан бошлашимиз бежизга эмас. Чунки, бу азим масканда ўтмишда ҳам, ҳозирги кунда ҳам ислом хаттотлик санъати ихлосмандлари, билимдонлари кўп”.

Кейинги йилларда ўзбек-ҳинд халқлари ўртасидаги маданият ва санъат асарларини кенг тарғиб қилиш, улар ўртасида турли соҳалардаги алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораётганлигини таъкидлаш жоиз. 10 июнга қадар Наманган шаҳрида давом этадиган галереяда Ҳиндистоннинг юзга яқин хат, сурат, нақш ва фалсафа мужассам этган араб ва форс тилларидаги санъат асарлари намойиш этилмоқда.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img