Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонМянма фуқаролик уруши арафасида

Мянма фуқаролик уруши арафасида

Давлат тўнтариши ортидан ҳокимиятни эгаллаб олган ҳарбийларга қарши норозилик намойишлари Мянмада тобора авж олмоқда. Душанба куни мамлакатнинг йирик шаҳарларидан бири Янгонгда бўлиб ўтган норозилик юриши иштирокчилари Марказий банк ходимларини намойишга қўшилишга даъват этганлар. Бу ҳақда “Nikkei Asian Review” нашри хабар берди.

Душанба кунги намойишларни тарқатиш учун армия жалб этилган. Пойтахт ва мамлакатнинг йирик шаҳарларидаги кўчаларга аскарлар бронетехникалар жойлаштирилган. Зўравон ҳукумат вазиятни назоратдан чиқармаслик учун энг кескин чораларни қўллашгача бормоқда.

Маълумотларга кўра, хунта душанба куни Су Чжи етакчилигидаги партиянинг штаб-квартирасида тинтув ўтказган. Бу жараён бошланишидан олдин полиция бир қанча кўчаларни ёпиб қўйган, бинога яқин жойда аскарлар билан лиқ тўла юк машиналари пайдо бўлган.

Янгонда эса ҳозирда 77-енгил пиёдалар дивизияси жойлаштирилган бўлиб, у маҳаллий этник гуруҳларга қарши курашда шафқатсизликлари билан танилган. “Reuters”нинг хабар беришича, ушбу бўлинма 2007 йилдаги демократик ҳаракатни бостиришда ҳам иштирок этган.

Кеча бўлиб ўтган намойишлар кўлами аввалгиларидан анча катта экани айтилмоқда. Янгоннинг турли бурчакларида бошланган норозилик юришларига иштирокчиларнинг даъватларидан сўнг Марказий банк ходимлари ҳам қўшилишган. Кўплаб хусусий банк ходимлари эса аллақачон намойишларга қўшилиб, фаолият кўрсатишни тўхтатган.

Норозилик юришлари иштирокчилари аскарларга ҳам мурожаат қилиб, ҳарбий ҳукуматга қарши бошланиб кетган намойишларда иштирок этишга чақирмоқда. Мянмадаги мавжуд давлат шифохоналари ходимлари ва давлат хизматчилари бойкотга қўшилиб, иш ташлаганлар. Ҳарбийлар уларни ишга чиқишга буюриб, акс ҳолда қаттиқ жазолаш билан таҳдид қилмоқда.

Вазият кескинлашиб бораётганидан хавотирга тушган ҳарбий ҳукумат душанба куни пойтахт Нейпидо ва бошқа йирик шаҳарлардаги асосий йўллар ва ҳукумат иморатлари яқинига ҳарбий техника ва аскарлар жойлаштиришда давом этган. Қайд этилишича, эндиликда тартибсизликларга қарши турган полиция ходимларининг ўрнини аскарлар эгаллайди. Уларга бу борада ўт ўчириш хизмати ходимлари ҳам ёрдам бериши айтилган.

Ўтган шанба куни хунта мамлакат аҳолисига мурожаат қилиб, намойишларда иштирок этганлар суднинг рухсатисиз қамоққа олинишини эълон қилган эди. Эртаси куни, 20 нафар иштирокчи, жумладан мактаб ўқувчилари ҳибсга олинган. Экспертлар хунта ҳар қандай йўл билан бўлмасин, намойишларни бостиришга аҳд қилганини айтмоқда. Жумладан, кейинга кунларда ноозилик юриши иштирокчиларига қарши кўздан ёш сиздирувчи газлар, кучли босимда сув сепиш техникалари қўлланилган. Бундан ташқари, интернет тармоғига намойишлар ҳақида жойлаштирилган видеолавҳаларда ўқ овозлари янграганини ҳам эшитиш мумкин. Душанба куни соат 1:00 дан 9:00 га қадар бутун мамлакатда интернет ўчириб қўйилган.

Мянмадаги воқеаларни кузатиб бораётган халқаро экспертлар ва айрим давлатлар мамлакатда фуқаролик уруши хавфи жуда яқин эканини таъкидламоқдалар.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img