Муҳим тарихий жараён

Дунёда мавжуд ҳар қандай давлатнинг бош қонуни, унинг асосий ҳуқуқий химоячиси Конституция ҳисобланади. Конституция сўзи луғавий жиҳатдан “Низом”, “Қоидалар тўплами” деган маънони англатсада, лекин мазмун-моҳиятига кўра, ушбу ҳужжат мамлакат, унинг фуқаролари ҳаётида жуда муҳим ва катта аҳамиятга эга эканлигини алоҳида эътироф этиш лозим. Чунки, уни ҳар бир давлат ўз ўтмишидан сабоқ олиб, ўз давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таяниб ҳамда фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйиб қабул қилади.

Ҳар бир давлат конституциясининг ўз яратилиш тарихи ва ривожланиш босқичлари бор. Ўзбекистон Республикасининг амалдаги конституцияси ҳам ўз яратилиш тарихига эга ва бугунги кунга қадар унга 15 маротаба ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Давлатимиз раҳбари 6 ноябрь 2021 йил куни инаугурация маросимида сўзлаган нутқиларида Асосий қонунимизни такомиллаштириш масалаларига алоҳида тўҳталиб: “Барча номзодларнинг сайловолди учрашувларида электорат вакиллари томонидан бугунги кунда ҳаётнинг ўзи, ислоҳотларимиз мантиғи талаб этаётган яна бир муҳим таклиф илгари сурилди. У ҳам бўлса, мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларни амалга оширишдан иборат. Агар дунё тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, туб бурилиш даврида кўпгина давлатларда конституциявий ислоҳотлар амалга оширилганини кўрамиз. Шу сабабли, аввало, сенатор ва депутатларимиз, кенг жамоатчилигимиз, халқимиз билан яна бир бор маслаҳат қилиб, жаҳон конституциявий тажрибасини ўрганиб, пухта ўйлаган ҳолда бугунги ва келгуси тараққиётимизни белгилаб берадиган Асосий қонунимизни такомиллаштириш масаласини ҳам кўриб чиқишимиз керак”,  деб таъкидлаган эди.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш билан боғлиқ масала кенг жамоатчилик муҳокамаси марказида бўлиб турибди. Буни 14 июнь ҳолатига кўра фуқаролардан Конституцияни ўзгартишга қаратилган 21 минг 500 дан ортиқ таклифлар келиб тушганидан ҳам кўришимиз мумкин. Мустақил Ўзбекистон учун Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш янгилик бўлмаса-да, навбатдаги ўзгартиш ва қўшимчалар аввалгиларидан буткул фарқ қилиши кутилмоқда. Буни 46 нафар аъзолардан иборат Конституциявий комиссия тузилганидан ҳам кўришимиз мумкин. Ушбу комиссия “фаолиятини қандай амалга оширяпти, таклифлар билан қандай ишланяпти?

Конституция бўйича ҳар бир таклифлар махсус платформа, ижтимоий тармоқлар, телеграм бот ёки анъанавий почта орқали келиб тушмоқда. Бунда комиссия ҳузурида биринчи бўлиб таклифларни қабул қилиб олиш ва умумлаштириш гуруҳи ташкил этилган. Бу гуруҳ ўша таклифларни олиб, умумлаштириб, ҳудудлар ва соҳалар кесимида ажратиб, кейин комиссияга узатади. Буларнинг ҳаммаси соатбай ишлайдиган гуруҳлар ҳисобланади. Кейинги гуруҳ – таклифларни таҳлил қилиш гуруҳи. Таклифларни таҳлил қилиш гуруҳи таклифни Конституция моддалари, бобларига қанчалик мослиги ва шунга йўналтирилганига қараб, таҳлил қилиб чиқади ва шу таҳлил қилинган маълумотларни Конституциявий комиссияга тақдим қилади. Комиссия эса буларни муҳокама қилиб, қайсилари лойиҳага қабул қилинади ёки қайсилари бошқа қонунларнинг предмети шаклида таклиф қилиниши бўйича хулосага келади. Комиссиянинг иш тартиби шу зайлда давом этади.

Ҳозирга қадар конституцияга жуда кўплаб таклифлар келиб тушган бўлиб, улар ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларига алоқадор ҳисобланади. Замон кундан кунга ривожланиб ўзгариб бораётган бир пайтда ҳаётнинг турли жабхаларида туб ислоҳотлар амалга ошириш давр талаби эканлиги айни ҳақиқатдир. Жумладан сўнги пайтларда миллатимиз ва динимизга ёт бўлган ўз жинсини ўзгартириш ва бир жинслилар никоҳини тарғиб қилиш ҳолатлари ҳам афсуски жамиятимизда учраб турганлиги ҳеч кимга сир эмас. Оила муқаддас тушунча эканлиги, уни асраб авайлаш ҳамда жамиятнинг асосий бўғини бўлган ҳолда давлат мухофазаси остида бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган. Никоҳ масаласида эса томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши белгиланган. Шу ўринда томонларнинг сўзи бу ерда бир жинсдаги 2 нафар шахсга ҳам қўлланилиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда бу моддага ўзгартиш киритиш керак деган фикрга келдик. Уни қуйидаги таҳрирда баён қилинса бизнинг фикримизча мақсадга мувофиқ бўлади:

Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ эркак ва аёлнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилиги асосида қурилади. Бир жинсдаги шахсларнинг никоҳи таъкикланади.
Шерзодбек Ахмедов,
Жамоат хавфсизлиги университети офицери

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img