Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонМосквада минглаб фаоллар Путиннинг хоҳишига қарши намойишга чиқдилар

Москвада минглаб фаоллар Путиннинг хоҳишига қарши намойишга чиқдилар

1 июл – Россия Федерацияси Конституциясига ўзгартишлар киритишга овоз беришнинг охирги куни мамлакатнинг Москва ва Санкт-Петербург каби йирик шаҳарларида бу сиёсий жараёнга қарши норозилик юришлари бўлиб ўтганди. Айни кунларда ушбу шаҳарларда норозилик намойишлари яна авж олди. Митинг иштирокчилари бу жараёнга нисбатан жамоавий даъво билан мурожаат этиш учун имзо тўпламоқдалар.

Хусусан, ёмғир ёғаётганига қарамасдан, Москванинг Пушкин майдонида 300 дан ортиқ пойтахтлик митинг ўтказиш учун тўпланган. Петербургда эса шу ният билан 200 дан ортиқ инсон кўчага чиққан.

Конституцияга тузатишлар киритиш бўйича овоз бериш жараёни 7 кун давом этди ва 1 июлда тугади. Фуқароларга таклиф этилган тузатишлар ичида энг зиддиятлиси ва аҳолининг айрим қатламлари норозилигига сабаб бўлаётгани амалдаги давлат раҳбари Владимир Путиннинг ўтган президентлик муддатларини бекор қилиш орқали унга янги президентлик сайловларида қатнашиш ҳуқуқи берилишидир.

2 июл куни Марказий сайлов комиссияси сайловда иштирокчиларнинг 65 фоизи қатнашганини ва Асосий қонунга киритиладиган ўзгартишларни уларнинг 77,92 фоизи ёқлаб, 21,27 фоизи эса қарши овоз берганини маълум қилган эди.

Конституцияга ўзгартиш киртилишига қарши бўлаётганлар Асосий қонунни ислоҳ этиш жараёнида, хусусан овоз бериш пайтида кўплаб қонунбузарликларга йўл қўйилганини таъкидламоқдалар. Бу борада интернетда ва ижтимоий тармоқларда овоз бериш жараёнида бюллетенларни сохталаштириш билан боғлиқ кўплаб видеолавҳалар эълон қилинди. Ушбу муҳим жараённи ўрганган тадқиқотчи Сергей Шпилкиннинг айтишича, аслида овоз беришда иштирок этганлар 44 фоизни, тузатишни ёқлаб овоз берганлар эса тахминан 65 фоизни ташкил этган.

Кеча Москвада ва Петерда бўлиб ўтган намойишларда полиция уларнинг иштирокчиларига нисбатан қаттиқ чораларни кўришни бошлади. Юзлаб одамлар, хусусан, журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари қамоққа олинди. Юзларини ниқоблар билан беркитган ҳуқуқ-тартибот ходимлари фаолларни тарқатиш учун жисмоний куч ва бошқа техник воситаларни ишга солмоқдалар. Одамлар эса «Шармандалик», «Полиция халқ билан» деб қичқирганлар.

Айниқса, Москвада норозилик юриши иштирокчилари сони кескин кўпайиб, 1000 нафардан ортиб кетгани ҳукуматни ташвишга солмоқда. Пушкин майдонида тўпланган фаоллар Гуллар хиёбони томон йўл олган.

Санкт-Петербургда Конституцияга киритилаётган ўзгартишларга қарши жамоавий даъвога имзо қўйиш учун навбатда турганлар сони бир неча километрга чўзилиб кетган.

Президент В.Путин Конституцияга ўзгартиш киритилишига қарши овоз берганларни ҳам ҳурмат қилишини маълум қилган эди. Бу сўзлар унутилди ёки расмиятчилик учун айтилган. Сабаби, айнан ушбу кайфиятидаги одамларни қамоққа олиш бошланди.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img