Бош саҳифаДолзарб“Москва” яксон этилди

“Москва” яксон этилди

Кеча Россия мудофаа вазирлиги Қора денгиз ҳарбий кучларининг байроқдори, рус флотининг ифтихори бўлган “Москва” крейсери сув тубига ғарқ бўлганини маълум қилди. Таъкидланишича, жиддий зарарланган крейсер Севастопол бандаргоҳига таъмирлаш мақсадида олиб кетилаётганда, денгиз довулига дош беролмай чўкиб кетган.

Рус ҳарбий қўмондонлиги кеманинг шикастланишини ундаги ўқ-дориларнинг ўз-ўзидан портлаб кетгани билан изоҳламоқда. Украиналик мудофаачиларнинг эса бу борада фикри бошқача. Уларга кўра, Одесса мудофаачилари томонидан “Москва”га кемаларга қарши қўлланиладиган замонавий “Нептун” ракетаси билан 2 марта зарба берилган. Оқибатда 510-730 экипажга эга бўлган кемага катта талофат етиб, яроқсиз ҳолга келган.

Москва Қора денгиздаги флотига етказилган бу қадар оғир талофтни тан олгани ажабланарли. Одатда, рус қўмондонлиги армияси жиддий йўқотишларга учраса, лом-мим демайди, бу борада тарқалган хабарларни изоҳсиз қолдиради. Хусусан, ўтган ойнинг охирларида Қора денгиз флотининг яна бир фахри – “Саратов” катта десант кемаси бандаргоҳда турган жойида украин кучлари томонидан яксон этилиб, юзга яқин экипажи, бортидаги 40 та танк ва бир неча ўнлаб зирҳли пиёдалар машинаси билан сувга ғарқ бўлганида, чурқ этиб оғиз очмаганди.

Ҳозир денгиз тубида ётган «Москва» ракета крейсери Грузия (2008) ва Суриядаги ҳарбий низоларда фаол иштирок этган (2015). Украина босқинида ҳам ундан отилган ракеталар ҳарбий иншоотлар қаторида бир қанча шаҳарлардаги тураржой бинолари, инфраструктура тизимларини издан чиқарган. Айрим маълумотларга кўра, «Москва» крейсери бортида ядро каллакли ракеталар мавжуд.

“Forbes”га кўра, «Москва» крейсерининг баҳоси тахминан 750 млн доллар бўлиб, бу Россиянинг Украинага қарши босқинчилик урушидаги энг катта йўқотишларидан биридир. У 1982 йилда сувга туширилган, товушдан тез учувчи 16 та кемаларга қарши П-1000 «Вулкан» ракетаси, мина-торпедоли  қуроллар, артиллерия, С-300 муқобили бўлган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими билан жиҳозланган.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Қора денгиз флоти қўмондони Игор Осипов  қамоққа олинган. «Москва» крейсеридаги денгизчилардан 289 нафари ҳалок бўлган.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img