Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонМолдова: демократиянинг узоқ йўли

Молдова: демократиянинг узоқ йўли

Молдовадаги сайловлар халқаро сиёсат учун билинмай ўтди, чунки мамлакат кўп ҳам танилмаган. Молдова Қора денгиз соҳилида Руминия ва Украина ўртасида жойлашган кичик мамлакат. Бу давлат мураккаб тарих, курашлар, ишғол, талофатлар натижасида бунёд бўлган мамлакат. Молдавия ҳар доим турли қиролликлар ва империялар ўртасида турган, бу унинг маданияти ва жамиятнинг қутблашувида акс этади.

Бир томондан, у 300 йилдан зиёд вақт Усмонийлар империясининг бир қисми бўлиб келди, мустақил вассал давлат бўлиб қолиш учун ўлпон тўлади. Бугун Гагаузия мухтор минтақаси мавжуд бўлиб, унда аксарият аҳоли этник туркий гагаузлардир. Бошқа томондан, Совет Иттифоқининг ҳукмронлиги ва таъсири йилларида мамлакатда маданиятни руслаштириш бўйича оммавий сиёсат юритилди. Ушбу таъсир мамлакат шимоли-шарқидаги ярим мухтор минтақа Днестрбўйида сақланиб қолмоқда. Молдованинг сиёсий саҳнаси Украинаникига ўхшаб кетади, у ерда ҳам бойлар ва олигархлар таъсир ва назорат учун кураш олиб боради. Ўнг қанот партиялар одатда Европа интеграцияси ғояси билан боғланган, айни пайтда сўллар Россия билан муносабатларни афзал кўради.

Европапараст номзод, “Ҳаракат ва бирдамлик” партияси вакиласи Майя Санду кўплаб молдованлар учун коррупциядан ҳоли ва эскирган тузумдан юз ўгирадиган сиёсатчи рамзига айланган.  Майя Сандунинг коррупция ва олигархлар томонидан эгаллаб олинган заиф институтларни қаттиқ танқид остига олган овози аҳолининг катта қисмини ишонтира олди. У ислоҳотлар ўтказишга, эски сиёсий синфни ўртадан кўтариб ташлашга ва мамлакатни ЕИ билан интеграциясини бошлашга ваъда берди. Бу модернизация ва тараққиётга муҳтож Молдова келажаги учун муҳим қадамлар. ЕИ ва қўшни олти мамлакатни яъни Украина, Молдова, Беларус, Грузия, Арманистон ва Озарбайжонни биролаштириб турувчи “Шарқий шерикчилик” ташаббуси доирасида Молдова, Украина ва Грузия бирмунча европапараст.

Сўнгги 10 йил ичида Молдавия Европа билан муносабатларини қайта қуришга муваффақ бўлди, ўз савдоси ва энергетик ўзаро алоқаларини Европага кўчирди. Мамлакат Руминия билан газ қувурларини очди, шундай қилиб Россия газига муқобил манба топилди. Мамлакат бошқарувида Европапараст кайфиятда бўлмаган етакчилар турган пайтда ҳам жамият ва бизнес ЕИ билан муносабатлар ҳисобига гуллаб-яшнади. 

Шунинг учун ҳудди шундай вазият мавжуд Украина билан таққослаганда, гибрид можаролар ва жамият ҳамон тарқоқ бўлганига қарамай, Молдова норозилик ва давлат тўнтаришлари ёрдамида эмас, демократик сайловлар орқали ўзгараётган мамлакат. Масалан, Белорусь норозилик чиқишлари давом этаётган бўлсада, ЕИ билан эмас, балки Россия билан кучли боғланган мамлакатлигича қолмоқда. Аммо аҳоли орасида таълимнинг юқори даражаси ва ўзгаришларга чанқоқлик сабабли вақт ўтиши билан Беларус ҳам Европа билан ўз алоқаларини мустаҳкамлаши эҳтимоли юқори. Бу ҳол юз бериши учун Молдова, Украина ва Беларус каби авторитаризмга мойил ва боғлиқ давлатлар ЕИ дастагига муҳтож бўлиб қолмоқда. Шу нуқтаи назардан Майя Сандунинг президентлик сайловидаги ғалабаси оёққа туриш босқичидаги мамлакатда демократиянинг тантанаси сифатида кўрилади. Аммо чуқур тузилмавий ўзгаришларга оид йўл мураккаб кечади, зеро, бунинг учун парламентда кўпчилик ўринларни қўлга киритишга порахўрликка чўмган каркидонлар ҳалал бериши муқаррар.

Айнан бўлғуси президент ва амалдаги президент тарафдорлари кўпчиликни ташкил этган парламент ўртасида кучли қарама-қаршилик пайдо бўлган. Буни кўпчилик кичик инқилоб деб аташга ҳам улгурди. Парламент президентнинг шундоқ ҳам катта бўлмаган ваколатларидан маҳрум қилувчи қатор қонунларни қабул қилди. Бундан ташқари, яқинда президентлик сайловини бой берган Игор Додон қистаган рус тилининг ҳуқуқлари кенгайтирилди. 

Натижада Санду хоним тарафдорларини кўчага олиб чиқдиЎн минглаб одам якшанба куни пойтахт Кишинёвдаги Буюк Миллий Мажлис майдонига йиғилди.

Мамлакатнинг янги сайланган президенти тарафдорлари парламентнинг зудлик билан тарқатилиши, муддатидан илгари парламент сайлови чақирилиши ва ҳукуматнинг истеъфосини талаб қилишди. 3 декабрь куни Молдова парламенти Ахборот ва хавфсизлик хизматини президент назоратидан чиқарган, бир маънода унинг ваколатини чеклашга қарор қилган. Сўнгги президент сайловидаги ғалабасига қадар Майя Санду Молдова Бош вазири бўлиб ишлаган. “Игорь Додон ўз мағлубиятини тан олишни истамаётир. У ҳозир мамлакатга ўт қўйиш, тартибсизликларни келтириб чиқариш, Молдовани дунёдан иҳоталашни хоҳламоқда! Бунинг учун у парламентда ўғри ва коррупционерларни ишга солади”, – дея баён қилган Санду. Майя Санду 24 декабр куни Молдованинг янги президенти сифатида иш бошлаши керак. Аммо унинг Додонга мойил парламент билан ишлашига тўғри келади.

Парламент ўтган ҳафта пайшанба куни фавқулодда йиғилган, президент ваколатларини чеклайдиган қатор қонунларни маъқуллаган. Хусусан, Ахборот ва хавфсизлик хизматини президент назоратидан чиқарган. Бундан ташқари, парламент Россия телеканалларининг трансляциясини чеклаш тўғрисидаги тақиқни бекор қилган ва рус тилига махсус мақомини ҳам қайтарганди. Оммавий норозилик акцияси иштирокчиларига кўра, “парламент қонунийлигини буткул йўқотган ва ортиқ Молдова фуқаролари манфаатларини намоён этмайди”. Сандунинг “Ҳаракат ва бирдамлик” партияси раиси муовини Игорь Гросу Додон ва молдовалик қувғиндаги тадбиркор Илан Шорни ғалабани ўғирламоқчи бўлганликда айблади. Ташкилотчиларининг айтишларича, якшанба кунги оммавий намойишда 50 мингдан ортиқ одам иштирок этган. Хабарларга кўра, ҳатто шунда ҳам кўпчилик унда қатнаша олмаган, полиция пойтахтга элтувчи йўлларни ёпиб қўйган. Оқибатда юзлаб фермерлар Кишинёв сарҳадларида йиғилишган, ҳукуматнинг келаси йил бюджетида қўшимча қиймат солиғини ошириш режасига ўз норозиликларини билдиришган.

Бир сўз билан айтганда, социалистлар ва Шор партиясидан иборат депутатлар Майя Сандуга қарши исён кўтарди. Рус тили мақомини кўтаришдан ташқари, АҚШнинг янги элчихонаси қурилиши режалаштирилган ер участкасини давлат ихтиёрига қайтариш учун ҳам овоз беришди. Шор партияси асосчиси Игор Шор у ерда спорт саройи ва кўнгилочар MoldovaLand паркини қурмоқчи. Бу қадамни Ғарбга ва Сандуни дастаклайдиган соросчиларга қарши очиқ чақириқ сифатида баҳолашмоқда. Бундан ташқари, Туркия ва Россиянинг жиддий таъсири кузатиладиган Гагаузиянинг ҳуқуқлари кенгайтирилди, энди унинг мақомини фақат гагаузларнинг розилиги билангина ўзгартириш мумкин. Навбатда – қочоқ олигарх Влад Плахотнюкнинг бошқаруви йиллари тайинланган амалдорларнинг люстрацияси ҳақидаги қонун лойиҳасига келди. Қонун лойиҳаларининг бир қисми қабул қилинди, айримлари биринчи ўқишда маъқулланди. 

“Молдова социалистик партияси ва “Шор” менинг мамлакатда тартиб ўрнатишимга имкон берадиган ваколатларни кесишни хоҳлайди. Бу йўл билан улар сайлов натижаларини бекор қилмоқчи. Мен сизларни кўчаларга чиқиб, ўз овозингизни ҳимоя қилишингизни сўрайман”, — деди Санду. Унга кўра, агар хавфсизлик хизмати президент ихтиёридан чиқиб кетса, давлат раҳбарида коррупцияни тергов қилиш учун керакли воситалар қолмайди. Хавфсизлик хизмати ўтган йили президентга бўйсундирилган, аммо сайловларни бой берган социалист депутатлар эски вариантга қайтишга қарор қилишган. 

Европа Иттифоқи дарров Молдова ички ишларига аралашишга ўтди. Иттифоқ қабул қилинган қонунлардан хафсаласи пир бўлганини, улар регламентни бузган ҳолда овоз беришганини таъкидлади. Бу билан Ғарб Санду қўлидан ҳокимиятнинг чиқиб бораётганидан ташвишга тушган. Албатта, Сандуда “Б” режа – муддатидан илгари сайлов ўтказиш режаси бор. Аммо шунда ҳам парламентда кўпчилик ўринларни қўлга киритиши осон бўлмайди.

Санду олдин ҳам муддатидан илгари сайлов ўтказиш зарурати ҳақида гапирган. Чунки у ислоҳотларни яна икки йилга кечиктиролмайди. Қизиғи, қарама-қарши лагерда ҳам муддатидан илгари сайловларга қарши эмаслар. Балки бу оғизда бўлса ҳам. Бу амалга кўчадими ёки йўқ, номаълум. Ваҳоланки, Додон ниҳоят парламентда коалицияни шакллантиришга муваффақ бўлди. 101 ўринли парламентда Додоннинг социалистлари билан бирга Шор партиясининг 8 нафар депутати овоз бермоқда. Унинг етакчиси, олигарх Илан Шор шов-шувли “миллиард иши” дан кейин хорижга чиқиб кетди, унинг назорати остидаги банклардан 6 йил илгари 1 миллиард доллар олиб чиқилганидан кейин ишнинг пачаваси чиққан эди. Илгари Додон Шор партияси билан жиноий ўтмиши туфайли бирлашишни истамаганди, аммо Санду билан зиддиятдан кейин унинг бошқа йўли қолмади. Плахотнюкнинг Демократик партиясидан воз кечган “Пентру Молдова” ва “Про Молдова” гуруҳи билан бирлашгач, “олтин акция” Шор партияси қўлига ўтди. Энди истаса Додон билан, хоҳласа Санду билан савдолашиши мумкин.  Аммо парламентдаги мураккаб вазият туфайли Додон ҳам, Санду ҳам муддатидан илгари сайлов ўтказиш қарорига келиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Ҳар икки томон пиар тайёргарликни бошлаб юборди. Парламентда рус тили мақомининг илгари сурилиши, Сандунинг Рус қўшинларини Днестрбўйидан олиб чиқиш чақириқлари сайловолди баёнотларидан бошқа нарса эмас деб баҳолашмоқда. Сандунинг чақириғи ғарбпараст сайловчи ва диаспорага қаратилган. Аммо ҳозир шундай бир вазият юзага келдики, Санду ваколатсиз британия қироличасига айланиб қолмоқда, бош жанг эса парламент учун авж оладиган кўринади. Яқин вақтларда Молдовада ҳар икки томондан яна оммавий норозиликлар юз берса ажабмас. 

Афсуски бир томондан сиёсатчилар ҳокимият учун жанг бошлаган бўлса, иккинчи томонда оддий халқ қашшоқлашиб бормоқда. Ижтимоий сўровларга қараганда, Молдованинг ҳар олтинчи фуқароси яхши иш ва маош илинжида мамлакатдан чиқиб кетишга ҳозирлик кўрмоқда. Сурункали ишсизлик туфайли эртанги кунига ишончини йўқотган қишлоқ ёшлари бу ҳақда кўп гапиришмоқда. 45 ёшдан юқори молдова фуқароларининг 40 фоизи ҳам ижтимоий истиқболларнинг йўқлиги ва давлат хизматлари сифатининг пастлигидан мамлакатни тарк этиш истагини билдиришган. Ўзига тўқ фуқароларнинг 40 фоизи ҳам муносиб тиббий хизмат ва таълим илинжида муҳожиратга юз тутишга тайёр. Молдова Шарқий Европанинг энг қашшоқ мамлакатларидан бири бўлиб, иқтисодиётнинг пасайиши суръатлари бўйича фақат Украина билан рақобатлаша олади. 2020 йилнинг 31 июл ҳолатига кўра, давлат қарзи салдоси 2019 йил якуни кўрсаткичларидан 8 миллиард левга ошган, 2020 йилнинг 9 ойи мобайнида Кишинёв халқаро тузилмалар ва хорижий мамлакатлардан ўтган уч йилдан кўра тўрт баробар кўп қарз олган. Аҳоли сонининг камлиги ва тўлов қобилиятининг пастлиги сабабидан Молдова хорижий капитални жалб этолмаяпти. Хорижликлар молдова корхоналарига пул ётқизишга шошилмаяпти.

Абдували Сайбназаров  

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img