Бош саҳифаТаҳлилМиграция муаммолари тартибга солинмоқда

Миграция муаммолари тартибга солинмоқда

Охирги ўн йилликларда глобализация ва интеграцион жараёнларининг жадал ривожланиши халқаро меҳнат алмашинувида ҳам ўз аксини топди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Жаҳон иқтисодий форуми маълумотларига кўра, 2015-2020 йиллар оралиғида халқаро меҳнат муҳожирлари сони 11,5%га кўпайган. 2019 йилда муҳожирлар сони жаҳон аҳолисининг 3,5 фоизини ташкил қилган ва ушбу кўрсаткич 2000 йилга нисбатан 25%га ошган. Муҳожирларнинг аксарияти (60%) ўз минтақасидаги қўшни мамлакатларга кўчиб ўтган. Хусусан, 2015 йилда 59 миллионга яқин осиёлик ўз юртидан минтақадаги бошқа мамлакатга кўчиб ўтган бўлса, 40 миллион европалик Европанинг бошқа давлатларида қўним топган.

Аксарият меҳнат муҳожирлари иқтисодиётнинг норасмий секторида вақтинча ва ҳуқуқлари ҳимояланмаган ишларда фаолият юритишади. Кўпгина мамлакатларда ушбу тоифадаги инсонлар ўша давлатдаги миллий меҳнат қонунчилигига амал қилмаганлиги сабабли, пандемия каби фавқулодда вазиятларда уларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳимоя чораларидан фойдалана олмаслик хавфи юқори бўлиб қолди. Хусусан, КОВИД-19 билан боғлиқ инқироз шароитида баъзи мамлакатларда меҳнат муҳожирларига нисбатан дискриминация, ишдан бўшатиш, меҳнат шароитининг ёмонлашиши ва бошқа шу каби салбий ҳолатларнинг ошиши кузатилди.

Аксарият муҳожирларнинг турли сабабларга кўра соғлиқни сақлаш тизимидан фойдалана олмаслиги, вируснинг янада кенг ва жадал суръатларда тарқалишига олиб келмоқда. Аксинча, тиббий хизматлардан фойдаланган тақдирда, бу уларнинг молиявий аҳволини янада ёмонлаштириб, камбағаллик қопқонига тушиш эҳтимолини кўпайтиради. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, иқтисодий инқироздан олдинги даврда дунё бўйлаб йилига 100 миллион нафар аҳоли соғлиқни сақлаш учун сарфланган харажатлар туфайли камбағаллик даражасига тушиб қолар эди. Шунингдек, қаттиқ карантин чораларининг жорий қилингани ва давлатлараро транспорт қатновларининг чеклангани туфайли муҳожирлар меҳнат бозоридаги иш ўринларнинг кескин камайиши ва иш хақи миқдорининг тушиши каби қийинчиликларга дуч келинди.

Муҳожирлар томонидан чет элда ишлаб топилган пул маблағлари ватанга қайтганида кредит чекловларини енгиб ўтиш ва бизнесни йўлга қўйиш имкониятини яратади. Шунингдек, инсон капиталига сармоя киритган муҳожирлар ички меҳнат бозори талабларини ўзгартириши мумкин. Таъкидлаш жоизки, меҳнат миграциясини ташкил этишнинг етарли даражада тартибга солинмаганлиги, ишчиларни ишга олишдан (ёллашдан) тортиб, меҳнат шартномаларини тузишгача “меҳнат қуллари” савдосининг кучайишига олиб келмоқда. Бугунги кунда мигрантлар нисбатан уюшқоқлик билан фақат Россия Федерацияси, Жанубий Корея, Польша ва бошқа айрим давлатларга юборилмоқда. Баъзи маълумотларга кўра, Россия, Қозоғистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва Жанубий Кореяда уч миллиондан беш миллионгача Ўзбекистон фуқаролари меҳнат қилмоқда. Қонунчилик ташаббусларига қарамай, самарали тезкор назорат ва меҳнат муҳожирларини жалб қилишни тизимли ташкил этишнинг мавжуд эмаслиги мигрантларни алдов йўллари билан айрим шахсларга алданиб қолишларига шароит яратмоқда. Шунинг учун соҳада қонунларимизни такомиллаштиришга тўғри келади.

Ўзбекистонда фуқароларнинг меҳнат миграцияси масалалари билан 2016 йилдан бошлаб жиддий шуғулланила бошланди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ва унинг ҳудудлардаги филиаллари ҳамда Ўзбекистондан ташқаридаги ваколатхоналари ташкил этилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилди. Агентликнинг меҳнат мигрантларини хорижга уюшган ҳолда жалб этиш ва ишлашга йўналтиришига қарамай, меҳнат мигрантларининг асосий қисми мустақил равишда хорижга ишлашга бормоқда. Яна бир долзарб муаммо шундаки, чет элда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ягона маълумотлар базаси ҳамда ишончли хорижий иш берувчилар реестрининг мавжуд эмаслигидадир. Бу – мамлакат фуқароларида ишга ёлловчилар фирмаларнинг таклифлари нисбатан ишончсизликка олиб келади. Натижада ўзбекистонлик муҳожирларнинг алданиши, меҳнат ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари тез-тез учраб туришига сабаб бўлади.

Ўзбекистон меҳнат бозорида ҳар йили меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 700 минг кишигача ошиб бораётгани ҳамда расман тан олинган ишсизларнинг умумий сони эса 2 миллион кишини ташкил этишини ҳисобга олсак, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги чет элда ишламоқчи бўлган барча фуқаролар истакларини қамраб ололмайди.Мамлакатимизда хусусий меҳнат агентликлари фаолиятига рухсат берилган. Аммо уларнинг кўпчилиги аҳолида ишонч уйғотмайди, айримлари эса фирибгар тузилмалардир.

Умуман олганда, тадқиқот натижаларига кўра, ташқи меҳнат миграциясининг бошқа муаммолари ҳам аниқланган бўлиб, улар орасида иш қидираётганларни ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш масалалари, чет элда ишга жойлашиш учун ишчиларга кредит бериш (ссуда) тизимининг йўқлиги, шунингдек, чет элда ишга жойлашиш, малакали мутахассислар тайёрлашдаги камчиликларни қайд этиш мумкин. Бундан ташқари, Россия Федерацияси ва Қозоғистонда ишлайдиган ёшларнинг радикаллашув хавфининг юқори даражаси жиддий муаммога айланмоқда.
Маълумотларга кўра, экстремистик гуруҳларга қўшилиб қолувчилар орасида мигрантлар ҳамон юқори ўринда. Бу уларнинг кайфияти, оиласидан узоқдалиги, ижтимоий, иқтисодий муаммоларига ҳам бевосита боғлиқдир. Миграция сони эса йилдан йилга ўсиб бормоқда. Кейинги 10-15 йил ичида 70 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилувчи Марказий Осиёда миграциянинг ўсиш тенденцияси кузатилмоқда. Баъзи маълумотларга кўра, биргина ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг сони 3 миллиондан ошиб кетган. Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг катта қисми Россияда бўлса (2,2 миллион киши), кейинги ўринда Қозоғистон (450 мингдан зиёд), Туркия (100 минг), АҚШ (60 минг) ва ҳоказо.

Бугун дунёда ёшларнинг виртуал ҳаёт, муносабатлар, жараёнларга боғланиб қолаётгани сир эмас. Ушбу оламда эса жанговар, агрессив хулқ нормал ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан экстремист гуруҳларнинг назариялари ва чақириқлари ёшлар учун жозибали кўринади. Улар ўзлари танлаган йўлнинг, ваъдаларининг натижасини дарҳол бажариши, агрессив хатти-ҳаракатларини амалда кўрсатиш имконини бериши ҳам ёшларнинг қизиқишини оширади. Ижтимоий тармоқларда эктремистларнинг саҳифалари тўхтатилишига қарамай, ҳамон улар ёшларда ўзини ҳимоялаш инстинктини йўқ қилишга қаратилган, итоатсизликка, ҳукумат тузилмасини ўзгартиришга, қонунлар, умумқабул қилинган қоидаларга итоат этмасликка чорловчи ахборотларни тарқатишга уринмоқда. Бундай ахборотлар ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан муаммолари бор ёшларга ўз таъсирини ўтказади. Баъзи ёшлар ўз ҳаётлари давомида дуч келган муаммолари, ноҳақликлари туфайли бундай ахборотларга эргашиб, нотўғри қарорга келади. Ватанидан олисда ҳижратни амалга ошириб, жиҳодга қўшилишга қарор қилади.

Ҳозирда чет элда меҳнат мигрантлари сифатида меҳнат қилаётган ва узоқ муддатга чет элга чиқиб кетган, хорижий давлатга кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмасликларига қаратилган ишлар ҳам амалга оширилмоқда. Аксилтарғибот ва тарғибот материалларини ўз ичига олган буклетлар, инфографикалар, турли ижтимоий роликлар тайёрланиб жойларга етказилмоқда. Шуниси эътиборга лойиқки, мана бир неча йилдирки, хорижий мамлакатларнинг таклифига кўра, етук салоҳиятга эга дин уламоларимиз, имом-хатибларимиз мазкур мамлакатлар ҳудудида бўлиб, у ерда меҳнат муҳожири сифатида фаолият юритаётган Ўзбекистон фуқаролари ва маҳаллий аҳоли вакилларининг диний-маънавий иммунитетини ошириш, уларни деструктив оқимларнинг бузғунчи ғояларига қарши раддиялар билан қуроллантиришга қаратилган тадбирларни амалга ошириб қайтмоқдалар.

Бундан ташқари, турли адашган ақидавий фирқалар, сиёсий-террорчи ташкилотларнинг асл қиёфасини фош этувчи ҳамда соф исломий ақида ва бунёдкор таълимотларни ўз ичига олган юртимизда нашр этилаётган ўзбек ва рус тилларидаги диний-маърифий адабиётларни МДҲ давлатлари, хусусан Россия, Қозоғистон, Қирғизистонга мунтазам экспорт қилиш ишлари йўлга қўйилган. Бу каби ишлар меҳнат мигрантлари орасида турли экстремистик йўналишлар ва секталарга қўшилиб қолишларини баратараф этишда ўзининг ижобий самарасиин бериб келмоқда десак муболаға бўлмайди. Ижтимоий-сиёсий вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш, ёшларни турли экстремистик оқимлар ва бошқа деструктив гуруҳларга кириб қолишининг олдини олиш бўйича тадбирларни давлат ва жамоат ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштирган ҳолда амалга оширилса, самарали натижаларга эришиш мумкин.

Бугун Ўзбекистонимизда фуқароларнинг ўз юртимизда ишлаб меҳнат қилиши, даромад орттириши, фаровон яшаши учун барча шароитларни яратиш устида фаол иш олиб борилмоқда. Биринчидан, мамлакатда кўплаб янги иш ўринларини яратиш устувор аҳамият касб этмоқда. Муаммонинг ечими сифатида давлат кичик ва хусусий тадиркорликка кенг йўл очиб бериш, унга имтиёзлар бериш, қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришнинг тезкор чораларини кўриш сиёсатини тутди. Иккинчидан, аҳолига бошқа мамлакатларга чиқиб, тирикчилик қилишлари, оиласини боқиш учун имконият яратиб бериш, аниқроғи меҳнат миграциясига йўл очиб беришдан иборат йўл эди. Республикамиз учун бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида ана шундай машаққатли ва беқарор вазиятда ишсиз қолганларнинг бир қисми, аниқроғи номигагина бандликда бўлиб, маош олиб юрганлар ёки ишдан бўшаб, ишсизлар тоифасига мансуб бўлганлар мана шу иккинчи йўлни танлашга мажбур бўлишди. Меҳнат миграциясининг келиб чиқиш сабаблари қанчалик мураккаб, унинг илдизлари қанчалик чуқур бўлмасин, давлатимизнинг меҳнат миграциясини камайтиришга қудрати етади. Янгидан-янги корхоналарнинг очилиши, энергетика, транспорт-коммуникация, нефть, кимё ва бошқа соҳаларда яратилаётган иш ўринлари албаттта яқин орада ўз самарасини беради.

Шуниси қувонарлики, кейинги вақтларда меҳнат миграцияси билан боғлиқ масалаларга давлатимиз, шахсан давлат раҳбари, катта эътибор қаратмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорнинг имзоланиши фикримизнинг ёрқин далилидир. Ушбу қарор, Президент раҳбарлигида давлатимиз томонидан халқ фаровонлигини ошириш, давлатимизнинг халқаро нуфузини кўтариш, мамлакатни нотўғри шакллантирилган ва бизга яхши самара бермаётган меҳнат миграцияси иллат ва камчиликларидан холос этишга қаратилган дадил қадам.

Энг муҳими, тараққиётга бир кишининг кучи билан эриша олмаймиз. Давлатимиз раҳбари атрофида бирлашиб, барчамиз ҳамжиҳатликда иш олиб бормоғимиз лозим. Президентимиз кўтариб чиққан Ўзбекистонни янада ривожлантириш, уни ривожланган 50 та мамлакат қаторидан ўрин олишига эришиш, халқнинг ҳаёт фаровонлигини юксалтириш, тадбиркорликни ривожлантириш, бандлик даражасини ошириш, таълим сифатини такомиллаштириш, камбағалликка барҳам бериш, инновацион иқтисодиётни шакллантириш борасидаги ташаббусларининг ҳаётга тадбиқ этишнинг фаол иштирокчилари бўлайлик. Ана шундагина ҳамюртларимизнинг ўзининг жонажон ватанига қайтишига кўмаклашишда ҳиссамизни қўшган бўламиз. Барчамиз биргаликда, бир тан биржон бўлиб ҳаракат қилсак, Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий юксалишнинг равон йўлига бошлаб чиқишимиз муқаррар. Ўзбекистон 2030 йилга бориб нафақат тараққий этган 50 та мамлакат сафига киришга эришади, балки 2040 йилларга бориб кучли 20 талик мамлакат сафидан муносиб ўрин эгаллаши мумкин бўлади. Шундагина биз ўтмишда қудратли давлатни шакллантирган буюк авлод-аждодларимизнинг шаънига муносиб иш тутган бўламиз.
Тошпўлат МАТИБАЕВ,
социология фанлари доктори, профессор,
халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари

 

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img