Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳон«Мендирман Жалолиддин» сериали ижодкорлари иштирокида матбуот аунжумани бўлиб ўтди

«Мендирман Жалолиддин» сериали ижодкорлари иштирокида матбуот аунжумани бўлиб ўтди

Тошкентдаги «Hilton» меҳмонхонасида Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ташаббуси билан икки давлат ўртасидаги қўшма лойиха хисобланган «Мендирман Жалолиддин» сериали ижодкорлари хамда журналистлар иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирда бош ва асосий ролларни ижро этаётган ижодкорлар сериални суратга олиш жараёни билан боғлиқ қизиқарли воқеалар хамда эътиборга лойиқ маълумотларни гапириб ўтдилар.

Айтиш лозимки, Хоразмшоҳлар сулоласининг сўнгги вакили – Жалолиддин Мангуберди ҳаётидан ҳикоя қилувчи сериал Туркиянинг «Bozdag‘ film» кинокомпанияси томонидан суратга олинмоқда.  «Мендирман Жалолиддин» сериали продюсери Меҳмет Бўздағнинг қайд этишича, лойиҳани бошлаш учун салкам бир йил давомида ҳозирлик кўрилди. Тарихий давр манзарасини тасвирлаш учун қадимий манбалар ўрганиб чиқилди. Хозирда Туркиядаги бир неча ўн гектар майдонда XIII аср муҳити жонлантирилган улкан павильон – шаҳарча барпо этилган. Хусусан, бир неча минг квадрат майдонда қўш ошиёнли Хоразмшоҳ саройи қад кўтарган. Гурганж кўчалари, уйлар ва катта бозор ҳам даврга уйғун тарзда бунёд этилди. Биргина либослар устида 200дан зиёд киши ишламоқда. Актёрлар чавандозлик ва қиличбозлик бўйича махсус тайёргарликдан ўтди. Ўзбекистонлик актёрлар, шу билан бирга, турк тили бўйича сабоқлар олди. Сериалда Жалолиддин тимсолини гавдалантирган Эмре Кивилжим ушбу тарихий шахсни жонлантириш улкан масъулият ва шараф эканини қайд этди.

Айни пайтда Ўзбекистонда сериал намойиши бошлаб юборилган. Айрим мутахассислар унда бадиий тўқима меъёрдан ошиб кетганига эътироз билдирмоқда. Матбуот анжумани давомида ушбу жиҳатга ҳам ойдинлик киритилди.  Сценарий муаллифларидан бири Бобохон Шариф хамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбековларнинг айтганидек, «Мендирман Жалолиддин» жанрига кўра тарихий эмас, балки бадиий фильм ҳисобланади. Лекин шунга қарамай, тарихий воқеликни тўлақонли ифодалашга жиддий эътибор қаратилмоқда.Сценарий муттасил равишда такомиллаштириб, бойитиб борилаяпти. Сериалнинг биринчи фасли 13 сериядан иборат бўлиб, унга 1ярим минг саҳифали сценарий ёзилди. Айни пайтда сериалнинг кейинги фаслларини суратга олиш бўйича хомийлар билан музокаралар олиб борилмоқда. Чунки сериал маблағи учун бюджетдан эмас балки, хомийлар маблағлари жалб этиб келинмоқда.

Туркия элчихонасининг маданият ва туризм масалалари маслаҳатчиси Алпарслон Акимжи ҳам икки қардош мамлакат ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорлик изчил ривожланаётгани, мазкур кинолойиҳа ўзаро робиталарни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этди.

Матбуот анжуманида сериалда роль ижро этган Жавоҳир Зокиров, Райҳон Уласенова, Раъно Шодиева, Юлдуз Ражабова каби актёр ва актрисаларимиз ҳам ўз таассуротлари билан ўртоқлашди. Анжумандан сўнг журналистлар учун интервью олиш ва расмга тушиш вақти ажратилди.

Абдувоҳид Ачилов

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img