Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистон"... Мен ундан юз ўгираман"

“… Мен ундан юз ўгираман”

Қонунчилик палатасида “Давлат тили тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасида туғилган ҳолатни, умуман олганда, ижобий баҳолаган бўлардик. Негаки, биринчидан, шу баҳона ниҳоят ғалвир сувдан кўтарилди, ким-кимлиги ойдек равшан тортди. Мазкур даргоҳда йигирма йил умрини ўтказган, ўзидан ўтганини ўзи ва ўзи биладиган инсон сифатида бу кунни узоқ кутгандик. Пайти келиб, улар ўзларини билдириб қўйишларига ишонгандик.

Азамат ЗИЁ,
тарих фанлари доктори, профессор

Бироқ Давлат мустақиллигимизни тиклаганимизга 30 йил тўлаётган, давлат тили, миллатимиз ва давлатчилигимиз, ўзлигимиз ва маънавиятимизга муносабат – давлат сиёсати бутунлай ўзгариб, ўз азалий ўзанига тушиб олганига 5 йил бўлаётган, Учинчи Уйғониш босяқчи пойдевори қўйилаётган паллада 150 депутатдан (!) 65 тасининг (45+5+12) ёки 43.3 фоизининг шундай бўлиб чиқишини кутмагандик.

“Осмондан тушган” мазкур 65 нинг айримлари кимлигини биламиз. Шу билан бирга, уларнинг ҳар бири ҳақида ҳар биримиз билишга ҳақлимиз. Шуни талаб қиламиз. Ҳар бир партия улар бўйича ўз нашрида аниқ-тиниқ маълумот берсин. Керак бўлса, ўзини оқласин.

Иккинчидан, муҳокама натижасига оид кўрсаткичлар ҳукумат хизматчиси томонидан эълон қилинганини ҳам эътибордан қолдириб бўлмайди. Кўпчилик диққатидан четда қолаётган мазкур жиҳат ниҳоят бизда ҳам давлат ҳокимияти тармоқлари ўз сиёсий  қарашлари бўйича ажрала бошлаганларини кўрсатмоқда.

Деярли чорак аср ичида давлатимизнинг юқори тузилмаларида ишлаб келаётган киши сифатида айтар сўзимиз: ҳозирда Президент маъмурияти, ҳукуматдаги муҳит ҳар қачонгидан миллатсеварлиги, эл-ют куюнчаклиги билан яққол ажралиб туради. Бошқа тармоқлар борасида, афсуски, бундай дейишга асосимиз етарли эмас. Барча депутатлар сонидан санаганда ҳам, ё у ёқлик, ё бу ёқлик бўлиши муқаррар масалада 43.3 фоизлик кўрсаткич, кўпчилик юртдошларимиз ҳақли равишда баҳолаётганларидек, шармандаликдир! Ва бундан хулоса чиқаришимиз шарт. Бўлмаса, вақт-соати келиб баттарига йўлиқамиз.

Тўғри, бу – демократия! Бироқ демократия миллатим ва давлатим тилини кесиш ёки чучук қилишга хизмат қилса, мен ундан юз ўгираман.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img