Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонМеҳнат муҳожирларидан нафақат уларнинг ватанлари, балки Россия ҳам бирдек манфаатдор

Меҳнат муҳожирларидан нафақат уларнинг ватанлари, балки Россия ҳам бирдек манфаатдор

Бироқ, бу очиқ ҳақиқатни Москва ҳар доим ҳам тан олавермайди. Аксинча, Кремлдагилар, Думадаги сиёсатчилар мамлакат меҳнат бозоридаги ресурслар тақчиллигини бартараф этаётган Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирларини турли сунъий чекловлар ва куракда турмас талаблар билан сиқиштирмасликка ҳаракат қилади. Айрим пайтларда иш ҳатто шу даражага борадики, Кремл Марказий Осиё давлатлари билан бирон масалада тил топишолмаса (аниқроғи, йўриғига сололмаса) ўша мамлакатга мансуб бегуноҳ меҳнат муҳожирларидан аламини олади. Рус сиёсатчилари ушбу минтақа меҳнат муҳожирлари учун Россия оилани тебратиш манбаи эканини бот-бот такрорлашдан чарчамагани ҳолда, мамлакатлари учун бу фуқаролар кўплаб соҳаларда етишмаётган ресурсларни тўлдириб келаётган арзон ишчи кучи эканини эътироф этишни “унутиб” қўядилар.

Коронавирус пандемияси туфайли бу ҳақиқатни энди Москва очиқчасига тан оляпти. Жумладан, Россия Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, 2020 йилда меҳнат муҳожирлари оқими хизмат кўрсатиш соҳасида 33,5 фоизни, уй-жой коммунал хўжалигида 25,8 фоизни ва қурилиш соҳасида 22,2 фоизни ташкил этган. Россия Қурувчилар миллий уюшмаси эса ишчилар етишмаслиги сабабли кўплаб объектларда қуриб фойдаланишга топшириш муддатлари кечикаётгани кузатилганини маълум қилди. Қурилиш вазирлиги вазиятни бартараф этиш учун иш берувчиларга мурожаат қилиб, хорижлик меҳнат муҳожирлари учун расмий иш тақдим этишни, уларнинг яшаш ва ишлашлари учун тўлақонли шароитлар яратиб беришга чақирди. Бироқ, қурилиш ширкатларининг атиги 36 фоизигина вазирликнинг тавсиясини амалга оширишга розилик билдирган.

Қайд этилишича, хорижлик ишчилар сони ҳудудлар кесимида 20 дан 50 фоизгача қисқариб кетган. ИИВ ҳисоботига кўра ноябр ойида Россиядаги меҳнат муҳожирлари сони расман 1,798 нафарни ташкил этган. Ваҳоланки, ўтган йилда бу рақам 2,353 нафардан кўпроққа етган эди. Бугунги кунда меҳнат муҳожирлари етишмаслигидан энг кўп азият чекаётган ҳудудлар сифатида Москва шаҳри ва вилояти, Санкт-Петербург, Ленинград вилояти ҳамда Краснодар улкаси қайд этилган.

Қурилиш соҳасида асосан пардозлаш, монолит конструкцияларни тиклаш ишларини бажариб келган муҳожир ишчиларга талаб ҳозирда жуда юқори. Бу соҳада кадрлар етишмаслиги Россия минтақаларида 50 фоизни ташкил этмоқда. Айниқса, Узоқ Шарқ, Волгабўйи ва Урал федерал округларида бу борадаги муаммо ўткирлигича қолмоқда. Натижада қурилиши 2018-2019 йилларда бошланган, аллақачон топширилиши керак бўлган объектларда ишлар халта бўлиб ётибди. Бунинг ортидан мамлакатда уй-жойлар қурилиши ҳажми 30 фоизга тушиб кетди.

Қурилиш вазирлиги соҳадаги мавжуд аҳволдан келиб чиққан ҳолда ҳукуматдан соҳа учун сув ва ҳаводек зарур бўлаётган меҳнат муҳожирларининг мамлакатга келишларини соддалаштириш борасида чора-тадбир кўришни сўради. Вазирлик бу кетишда вазият янада жиддий тус олишини, агар биз қабул қилмасак, улар Европа давлатларига йўл олишади, деб ҳам огоҳлантирди. Аммо ҳозирча Мишустин раҳбарлигидаги ҳукуматдан жавоб бўлгани йўқ.

Медалнинг иккинчи томони ҳам бор деганларидек, қурилиш ва талаб юқори бўлган соҳаларда иш кучи етишмаслиги туфайли меҳнат муҳожирларига тўланадиган ҳақ миқдори 2–2,5 каррага ошди. Бу, албатта, меҳнат уларга адолатлироқ иш ҳақи тўланишига имконият яратмоқда.

Қурилиш ширкатлари, маҳаллий ҳокимиятлар иш кучи етишмаслиги билан боғлиқ муаммони бартараф этиш учун ишсиз туб аҳолини меҳнатга жалб этишга ҳаракат қилмоқда. Бироқ, бу йўл муаммонинг ечими эмаслиги Москва шаҳри мисолида кўриниб қолди. Хусусан, пойтахт мэри Сергей Собянин бош шаҳардаги уй-жой хўжалиги соҳасидаги ишчи етишмаслиги масаласи мамлакатнинг бошқа ҳудудларидаги бекорчи аҳолини жалб этиш орқали ҳал этамиз, деганди. Лекин гап гаплигича қолиб кетди, бу йўналишда бирон ижобий ўзгариш кузатилмади. Мисол учун, Москвада ноябр ойида 4000 нафар кўча тозаловчига эҳтиёж сезилган бўлса, декабрга келиб бу рақам 3693 нафарни ташкил этган. Биргина пойтахтнинг Таганск тумани учун 230 нафар шундай иши керак бўлгани ҳолда, икки ой давомида атиги бир нафар одам шу ишга олинган. Хуллас, ҳукумат меҳнат муҳожирлари етишмаётганини рўй-рост очиқламаётган бўлса-да, ҳақиқий аҳвол бу борадаги вазиятни кўзгудагидек акс эттириб турибди.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img