Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонМедиация институти: унинг айрим элементларини Жиноят ва Жиноят процессуал қонунчилигига киритишни айрим...

Медиация институти: унинг айрим элементларини Жиноят ва Жиноят процессуал қонунчилигига киритишни айрим масалалари ва хорижий тажриба

Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жадаллик билан амалга оширилаётган мамлакатимизда иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва бошқа муҳим соҳаларида жаҳон стандартларига мувофиқ келадиган янги-янги қонунлар қабул қилинмоқда. Шундай қонунлардан бири 2018 йил 3 июлда қабул қилиниб, 2019 йил 1 январдан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги қонунидир. Мазкур қонун қабул қилиниши муносабат билан, Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази ўтган йил сентябрь ойидан бошлаб мамлакатимизда биринчи бўлиб профессионал медиаторлар тайёрлаш курсларини ўқитиш жараёнини йўлга қўйди. Бугунги кунгача ушбу курсларда 70 дан ортиқ профессионал медиаторлар тайёрланди ва бу жараён, кароновирус пандемияси муносабати билан эълон қилинган карантин шароитида ҳам давом эттирилмоқда.

Умуман олганда, сўнги ўн йилликда дунё миқёсида низоларни ҳал этишнинг муқобил кўринишининг бири сифатида, медиация глобал тенденция кўринишда кўплаб мамлакатлар амалиётида турли шаклларда самарали қўлланилиб келинмоқда. Шу муносабат билан, ҳозирда миллий жиноий процессуал қонун ҳужжатларида медиация процедураларини жорий қилиш ёки қилмаслик масаласи очиқ бўлиб қолмоқда. Бизнинг фикримизча, ушбу масалани ҳал қилиш учун халқаро тажрибани синчковлик билан ўрганиш лозим.

Қайд этиш керак, айрим давлатларда (масалан, Aвстрия, Германия, Финляндия ва Польшада) медиация тартиблари балоғатга етмаган болаларга нисбатан одил судловга оид алоҳида қонунлар билан тартибга солинади. Бундай ҳолда, медиация жараёни судья ёки прокурор томонидан бошланади ва судга муқобил ҳисобланади.

Жабрланувчи ва вояга етмаган ҳуқуқбузар ўртасидаги воситачилик тўғрисидаги қоидалар Aвстрия, Франция, Бельгия, Финляндия Жиноят-процессуал қонунчиликларида ҳам, шунингдек Германия, Финляндия, Польша каби мамлакатлар Жиноят кодексларида акс эттирилган.

Норвегияда эса медиация процедуралари асосан полиция ёки прокурорга юборилган жиноий ишларда олиб борилади. Бироқ, бошқа ижтимоий хизматлар, мактаблар ёки манфаатдор томонлар процедурани муниципал хизматлар хизматидан талаб қилишлари мумкин. Aгар келишувга эришилса, унда прокурор томонидан жиноят иши тўхтатилиши кафолатланади. Жабрланувчи ва ҳуқуқбузар ўртасида медиация процедуралари аксарият ҳолларда мулкка нисбатан майда жиноятлар ёки енгил зўравонлик хатти-ҳаракатлари бўйича, қоида тариқасида, биринчи марта вояга етмаган ҳуқуқбузарлар томонидан амалга оширилади.

Буюк Британияда суд медиацияси барча тоифадаги ишларда қўлланилади. Шу билан бирга, жиноий ишнинг иккита муҳим масаласини кўриб чиқиш ўртасидага вақтда –яъни айбдорлик ва жазо тайинлашгача бўлган даврда жиноятчининг шахси тўғрисида маълумот тўплаш учун етарлича муддат бор. Ушбу босқичда, синов хизмати жабрланувчи ва маҳкум ўртасида медиатор бўлиб, зарарни қоплаш зарурлигига ишонтиради. Медиация медиатив келишув имзоланиши билан якунланса, судья одатда жазо тайинлашда, уни енгиллаштиришда буни инобатга олади. Натижада икала томон ҳам манфаатдор бўлади.

МДҲ мамлакатларидан Молдова Парламенти 2007 йилда “Медиация тўғрисида”ги қонунни қабул қилди. Молдова Республикасида алоҳида қонунга эҳтиёж пайдо бўлишига сабаб Жиноят-процессуал кодексининг фақат биргина 276-моддасида жиноят процессида медиация тўғрисида қуйидаги: “Томонларнинг ярашиши медиация ёрдамида ҳам амалга оширилиши мумкин”-деган эслатма бор эди холос.

Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексида тарафларнинг ярашиши ҳуқуқи назарда тутилган. Жиноятчи, жавобгарликдан озод қилинади, агарда жабрланувчи соғлиғига жиддий зарар етказилмаган бўлса ёки унча оғир бўлмаган ва биринчи марта ўртача оғирликдаги жиноятни содир қилган бўлиб уни оқибатида соғликка ўртача оғирликдаги шикаст ёҳуд ўлим каби оқибат келиб чиқмаган бўлса ҳамда етказилган зарар тўлиқ қопланган бўлса жавобгарликдан озод қилинади (Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 67-моддаси). 2011 йил 28 январда Қозоғистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги ва “Медиация институтини жорий қилиниши муносабати билан Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киртиш тўғрисида”ги қонунлари қабул қилинди. Ушбу қонунларнинг қабул қилиниши Қозоғистонда низоларни ҳал этиш медиацияни тадбиқ этиш орқали келишувга эришиш механизмини жорий қилинишига олиб келди. Шунингдек, Қозоғистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 88-1-моддасида медиаторнинг мақоми белгилаб қўйилган.

Юқорида келтириб ўтилган хорижий мамлакатларнинг медиация соҳасидаги бой тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят ва Жиноят-процессуал қонунчилигига медиация билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда. Хусусан, мамлакатнинг амалдаги Жиноят кодекси Умумий қисмининг 661-моддаси (Ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш), 87-моддаси (Вояга етмаган шахсларни мажбурлов чораларини қўллаган ҳолда жавобгарликдан ёки жазодан озод қилиш) ва бир қатор одам ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларни келтириб чиқармаган эхтиётсизлик орқасидан содир этиладиган (масалан, транспорт соҳасидаги жиноятлар) жиноят турларига, шунингдек, амалдаги Жиноят-процессуал кодексига медиаторларни процессуал мақомини белгилаб берадиган янги 531-модда (Медиаторнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари), 5641-модда (Медиация амалиётини қўлланиши муносабати билан жавобгарликдан озод қилиш), билан тўлдиришни, ҳамда ушбу кодексдаги 304 (Мулкий зиённи қоплаш ҳажми), 582-модданинг номи ва матнидаги “Ярашилганлиги” сўзидан кейин “медиация келишувига эришилганлиги”, 583-моддаси номи ва матнидаги “ярашув” сўзларидан кейин “ва медиатив келишув” деган сўзлар билан, 586-моддасини (Суд ажрими) 2-қисмидаги “Суд ажримининг тавсиф қисмида ярашув” деган жумладан кейин “медиация келишуви” деган сўзлар билан тўлдириш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Г. АЛИМОВ,
Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар
малакасини ошириш маркази
Жиноят-ҳуқуқий фанлар кафедраси
мудири, ю.ф.н., доцент

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img