Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонМДҲ – ҳаётий зарурат эканлигини исботлади

МДҲ – ҳаётий зарурат эканлигини исботлади

Бугун дунёда юз бераётган мураккаб жараёнлар, жаҳон иқтисодиётида коронавирус пандемияси сабаб кечаётган оғир давр, Ҳамдўстликка яқин ва узоқ давлатлардаги вазият ва зиддиятларнинг кескин тус олаётгани Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг зарур институт сифатидаги роли ва ўрнини белгилайди. Ўтган йиллар мобайнида Ҳамдўстлик унга аъзо бўлган ҳар бир давлат учун муҳим ўрин тутиб келди. Бундай дейиш учун барча асослар бор. Ҳамдўстлик унга аъзо давлатларнинг изчил ривожланиши, барқарорлиги ва хавфсизлигига рахна солиши мумкин бўлган таҳдид ва хатарларга ўз вақтида, муносиб жавоб қайтариш, баҳс ва низоларни ҳал этишга қаратилган, пировард натижада собиқ иттифоқ ҳудудида фуқароларнинг ўзаро мулоқот қилиши учун мақбул ёндашув ва мувофиқлаштирилган амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш борасида кенг имкониятлар яратмоқда. 

Дунёда рўй бераётган жадал ўзгаришлар, тобора авж олиб бораётган глобал таҳдид ва хатарлар шароитида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги кўп қиррали муносабатларни мустаҳкамлаш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилмоқда ва ўзининг зарур тузилма эканини тасдиқламоқда. Ўтган 3 йил  мамлакатимизнинг МДҲ доирасидаги фаолиятида мутлақо янги босқични бошлаб бергани билан ажралиб туришини  алоҳида қайд этиш зарур. Ўзбекистон иқтисодиёт, энергетика, илм-фан ва инновация, жиноятчиликка қарши кураш каби соҳаларни қамраб олган ўндан зиёд тармоқ бўйича ҳамкорликка қўшилди. Жаҳон иқтисодиётидаги мураккаб жараёнлар, “савдо урушлари” кескинлашиб, протекционизм кучайиб бораётган бугунги шароитда МДҲ эркин савдо зонасининг тўлақонли фаолият юритиши ва ўзаро бозорларни шакллантириш ҳал қилувчи масалаларга айланиши мамлакатимиз манфаатларига жавоб беради. Фақат 2020 йилнинг бошидан буён Ўзбекистон ва Ҳамдўстликнинг кўпчилик мамлакатлари ўртасидаги савдо ҳажми 20 фоизга ўсди. Аммо ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг юқори даражадаги ўсиш суръатларини таъминлаш мақсадида божхона тартиб-таомилларини имкон қадар соддалаштириш, савдо соҳасидаги мавжуд барча тўсиқ ва чекловлар, жумладан, техник ғовларга барҳам бериш, Ҳамдўстлик маконида хизматлар бўйича эркин савдо зонасини тезроқ яратиш мақсадга мувофиқ. 

Ўзбекистон машинасозлик, энергетика, электротехника, тўқимачилик, фармацевтика саноати, қишлоқ хўжалиги соҳаларида кооперацияни янада кучайтириш тарафдори. Шубҳасиз, бундай ҳамкорлик Ҳамдўстликнинг барча мамлакатлари билан фаол ривожлантирилмоқда. Боз устига, ўзаро маҳсулот етказиб беришда “яшил йўлаклар”ни кенг жорий этиш қишлоқ хўжалиги соҳасидаги самарали ҳамкорликка хизмат қилади.  

Ҳамдўстлик мамлакатларида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасининг роли тобора ортиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда, МДҲ доирасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича узоқ истиқболга мўлжалланган дастурни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ҳам муҳим масала. 
Шу тариқа саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳалари, молия секторида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида илғор рақамли технологияларни жорий этиш, шунингдек, аҳоли ва бизнес субъектларининг қулай электрон хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш мумкин. Ҳудудлараро ва чегараларга яқин минтақалар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга.

Хавфсизликни таъминлаш, юзага келаётган таҳдидларга ўз вақтида жавоб қайтариш мамлакатларимиз барқарор тараққиётининг ҳал қилувчи шартидир. Афғонистонда ҳануз давом этаётган қуролли можаро Ҳамдўстликка аъзо мамлакатларнинг аксарияти учун умумий таҳдид бўлиб қолмоқда. МДҲ Афғонистон муаммосини сиёсий йўл билан тезроқ ҳал этишга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатларда муҳим роль ўйнашга қодир. Халқаро терроризм хавфининг тобора ортиб бораётгани жиддий ташвиш уйғотмоқда. Бугунги террорчилик тузилмалари катта молиявий ресурсларга, энг янги ахборот ва техника воситаларига эга, юқори даражада ҳаракатчан ва тезкордир. Ҳозирги пайтда уларнинг Яқин Шарқдан Афғонистонга, МДҲ чегаралари яқинига кўчиб ўтиш тенденцияси кучаймоқда. Мамлакатларимиз терроризм хавфини ўз вақтида ва самарали қайтариш учун ўзаро келишилган, аввало, олдиндан зарба беришга қаратилган ҳаракатларга тайёр туриши лозим.
МДҲ маконида юзага келаётган хавфсизликка қарши таҳдидларнинг ўз вақтида олдини олиш учун таҳлилий ва тезкор ахборот билан мунтазам алмашишнинг амалдаги механизмлари доирасида самарали ҳамкорликни таъминлаган ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва махсус хизматлар фаолиятини мувофиқлаштиришни кучайтириш муҳим. Ёшлар ўртасида радикаллашув муаммоси эътибор марказида бўлиб қолиши лозим. Шу муносабат билан таълим-тарбия, илм-маърифат, ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳаётда ўз ўрнини топиши учун зарур шароитлар яратиш борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш зарур. ПРезидентимиз юқори санаб ўтилган барча масалалар бўйича ўз ташаббусларини илгари сурган.  

Яна бир масалага алоҳида тўхталиш жоиз. Бу МДҲ маконида мамлакатлар ўртасида амалдаги савдо режимига салбий таъсир кўрсатмайдиган принципларга асосланган тўлақонли эркин савдо зонасини шакллантиришдир. Бунда товар оқимлари тузилмасини диверсификация қилиш, ўзаро етказиб берилаётган товарлар турларини кенгайтириш ва энг муҳими, мувофиқлаштирилган ва самарали транспорт-коммуникация ҳамда тариф сиёсатини амалга ошириш улкан аҳамиятга эга. Ўзбекистоннинг  изчил ривожланаётган бозори ва жадал ўсиб бораётган иқтисодиёти билан ушбу муҳим интеграция лойиҳасида иштирок этиши Шартноманинг барча қатнашчиларига ўзаро фойда ва манфаат келтириши муқаррар. 

МДҲ истиқболи ва келажаги кўп жиҳатдан бизга, яъни Ҳамдўстликка аъзо мамлакатларга ва, албатта, ҳеч бир муболағасиз биринчи навбатда, Россияга боғлиқ эканини ҳаммамиз яхши тушунамиз. Собиқ иттифоқ ҳудудидаги ҳар бир мамлакат учун Россиянинг улкан салоҳияти ва бозор имкониятлари эътиборга олинган ҳолда, бу давлат билан йўлга қўйилаётган муносабатлар ва муҳими – умумий тарихимиз, қадриятларимиз, интилишларимиз ва керак бўлса, узоқ йиллар мобайнида биз биргаликда яшаган макон алоҳида аҳамият касб этиши бугун ҳеч кимга сир эмас.

Энг муҳими, Россия Федерациясининг принципиал позицияси туфайли МДҲга зарурат бор-йўқлиги тўғрисидаги мунозараларга “якуний нуқта” қўйилди. Ҳамдўстлик ўзининг долзарблиги ва аҳамиятини тўлиқ исботлади. Бугунги кунда Ташкилотни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, унинг халқаро нуфузини муттасил ошириб бориш зарурлиги ҳақида аниқ тасаввур мавжуд. Бу Россия МДҲ фаолиятида, сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли муносабатларни кенгайтиришда муҳим ва асосий ўрин эгаллашини яна бир бор тасдиқлайди.

Бугун ҳаётнинг ўзи эскича ёндашувлар самарасиз эканини яққол тасдиқламоқда. Асосий эътиборни конструктив амалий ҳамкорликка қаратиш лозим. Бу борада Ўзбекистон ўз ёндашувларини жиддий мақбуллаштириш ва МДҲ фаолиятидаги иштирокига сифат жиҳатидан янги суръат бағишлашни мақсад қилиб қўйган. МДҲ Ўзбекистон учун шунчаки мулоқот, фикр алмашиш ва қарашларни солиштириш “майдони” эмас. Бу тузилма биз учун устувор соҳаларда амалий ҳамкорлик қилишнинг ғоят муҳим институтидир, Ҳамдўстликка аъзо мамлакатлар эса бизнинг доимий шерикларимиз, қўшниларимиз ва дўстларимиздир. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси миллий координатори мақомини ташқи ишлар вазири ўринбосаридан Бош вазир ўринбосари даражасига кўтарди.   Шунингдек, Ўзбекистон МДҲ Иқтисодий кенгашидаги иштирокини қайта тиклади. Мамлакатимиз бир қатор устувор йўналишлар бўйича, аввало, савдо, инвестиция, транспорт, туризм, таълим ва илм-фан, шунингдек, хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни фаоллаштиришдан манфаатдор. Шу мақсадда 2021 йили “МДҲ саломатлик марафони”ни,   МДҲ ижодий ва фан зиёлиларининг навбатдаги форуми доирасида “Ҳамдўстлик мамлакатлари маданий мероси” конференциясини, Мафкуравий ва ахборот соҳаларида хавфсизликни таъминлаш мавзуидаги аввал қолдирилган Халқаро экспертлар форумини,  МДҲ Парламентлараро ассамблеясининг йиғилишларидан бирини Ўзбекистонда ўтказиш таклифи Президентимиз томонидан илгари сурилди.

Бир сўз билан айтганда, Собиқ иттифоқ қулашидан постсовет интеграциясигача бўлган ўтиш даврини расмийлаштирган ташкилот – Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг 30 йиллик юбилейигача салкам икки йил қолди. Умумий маконимизда содир бўлган ижобий ўзгаришларни кўриш учун махсус “оптика”дан фойдаланиш шарт эмас. Ҳамдўстлик формати очиқ-ойдин сиёсий-иқтисодий ва янада кескин можароларнинг ва ҳатто у пайтда эндигина шаклланган ёш миллий давлатлар ўртасидаги ҳарбий соҳадаги келишмовчиликлар салоҳиятини камайтириш орқали собиқ иттифоқ республикалари ўртасидаги аввалги алоқалар тўхтатилишини, кутилгандек бўлмаса-да, расмийлаштириб берди.

Умумий совет уйи югослав сценарийсидан-да кучлироқ қулаши мумкин эди. Ҳарбий можароларнинг тўртта йирик ўчоғи (Молдова, Грузия, Озарбайжон ва Тожикистондаги фуқаролар уруши) мавжудлигига қарамай, ташкилот ҳаётий муҳим иқтисодий алоқаларни сақлаб қолиб, сиёсий буфер ролини ўтаб берди. Қолаверса, айнан МДҲда илгариги иқтисодий-хўжалик алоқаларни қўллаган ва шунинг баробарида, янги ҳуқуқий макон ва суверенитетни тасдиқлаган янги иккитомонлама шартномалар амалда тадбиқ этилди. Бундан МДҲнинг иккинчи роли келиб чиқади: мавжуд асосий макон ва эркинликларни сақлаб қолиш. Энг аввало, ҳаракатланиш эркинлиги – МДҲ ичида визасиз сафар қилиш, ҳеч шубҳасиз, янги меҳнат бозорларини вужудга келтирди ва иқтисодиёти энг суст бўлган мамлакатларни ўз вақтида қўллади.  

Абдували СОЙИБНАЗАРОВ

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img