Бош саҳифаДолзарбМавҳум келажак остонасидаги Афғонистон

Мавҳум келажак остонасидаги Афғонистон

Афғонистонни АҚШ ва унинг иттифоқчилари ҳарбийлари ҳали буткул тарк этмасидан туриб, вазият чигаллашиб бормоқда. Айни пайтда мамлакатнинг 34 та вилоятидан 18 тасида ҳукумат кучлари ва «Толибон» жангарилари ўртасида шиддатли тўқнашувлар кетмоқда. Иккинчи томондан, масъулиятни ҳеч ким зиммасига олишни  истамаётган қўпорувчилик ҳаракатлари сезиларли даражада кўпайди ва бунинг оқибатида бегуноҳ одамлар ҳалок бўлмоқда.

Мамлакатдаги хунрезликларда хориж ҳарбийларини айблаб келаётган «Толибон» ҳаракати яқинда қўшни давлатларга мурожаат қилиб, америкаликларнинг ҳарбий базасини ҳудудларига жойлаштирмасликка чақирди. Бу даъват Покистон, Қирғзистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматига қаратилгани таъкидланмоқда. «Биз қўшни мамлакатлардан бу борада бирон-бир имконият тақдим этмасликни ва бундай қадам ташламасликни сўраймиз. Худо кўрсатмасин, агар бунга йўл қўйилса, бу тарихий хато ва шармандалик бўлади», — дейди толиблар вакилидан бири.

Ўз навбатида Афғонистон ҳукумати Покистон раҳбариятига мурожаат қилиб, Исломободни мамлакат ҳудудидаги «Толибон» базасини ёпиш борасида «амалий қадам» ташлашга ҳамда АҚШ ва НАТО кучлари мамлакатдан чиқиб кетганидан сўнг жангариларни қўллаб-қувватламасликка чақирди.

«Мамлакатимизнинг талаби ҳаммага аё. Биз биламизки, террорчиларнинг Покистонда базаси бор ва улар ушбу давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда», — дейди бу ҳақда афғон ҳукумати вакили Дава Хон Менапал. Унга кўра, президент Ашраф Ғани таъкидлаганидек, Исломобод террорчиларга молиявий ёрдам кўрсатмоқда ва моддий-техник таъминот жиҳатдан қўллаб-қувватламоқда.

Покистон томони бу айбловларни кескин рад этиб келмоқда. Май ойининг ўрталарида расмий Исломобод вакили баёнот билан чиқиб, Афғонистон ҳукуматининг бу каби асоссиз айблари икки қардош мамлакат ўртасидаги ишонч ва алоқаларга путур етказиши мумкинлигини маълум қилди.

Расмий Кабул эса сиёсий ислоҳотларни давом эттирмоқда. Хусусан, июн ойининг биринчи ҳафтасида Афғонистон Олий давлат кенгаши ўз фаолиятини бошлайди. Кенгаш мамлакатнинг нафақат ички, балки ташқи энг долзарб муаммоларига ечим топиш билан шуғулланади. Шунинг билан бирга, унинг қарори билан юқори лавозимга мансабдор шахслар тайинланади. Кенгаш таркиби камида 21 сиёсатчидан иборат бўлиши ҳамда улардан 4 ўрин аёлларга берилиши таъкидланмоқда.

Британиянинг “The Sun” нашрига кўра, иттифоқчилар қўшини Афғонистонни буткул тарк этмайди. Жумладан, НАТОнинг бир неча юз ҳарбий хизматчилари афғон заминида тинчликни сақлаш борасидаги ишларини давом эттираверади. Шунингдек, Кабул аэропортини қўриқлаш  ва хавфсизликни таъминлаш Туркия гарнизони зиммасига юкланиши, 600  нафардан иборат Америка денгиз пиёдалари Вашингтоннинг Афғонистон пойтахтидаги элчихонасини қўриқлаш учун қолдирилади.

Австралия эса афғон заминидан НАТО ва АҚШ ҳарбийлари чиқиб кетганидан сўнг фуқаролари ҳаёти хавф остида қолишидан хавотир олиб, Кабулдаги элчихонасини ёпишга қарор қилди. Австралия ҳукумати бу вақтинчалик чора эканини маълум қилган бўлса, Афғонистон ҳукумати Канберрани ташвишга тушмасликка чақириб, миллий армия «Толибон» жангариларини пойтахтга йўлатмасликка қодир эканига ишонтиришга уринган.

Хуллас, қўшни Афғонистонни эртага нима кутаётганини ҳеч ким аниқ айта олмаяпти. Энг асосий тахмин сифатида, ҳукумат ва «Толибон» ўртасида катта кўламдаги уруш бошланиб кетиши, бу вазиятдан мамлакат ҳудудидаги бошқа террорчи гуруҳлар ҳам фойдаланиб қолишга уринишлари, натижада, жафокаш афғон замини яна олов ичида қолиши таъкидланмоқда. Расмий Кабулнинг вазият назоратда бўлиши ҳақидаги баёнотларига ҳатто АҚШ ва НАТО бўйича унинг иттифоқчилари ҳам тўлиқ ишонмаяпти. Минг-минглаб мазлум афғонлар эса айни пайтда бомба ва миналар ёмғири остида қолган уйларини ташлаб бошқа ҳудудлардан бошпана излаб чиқиб кетмоқда…

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img