Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонМашинани ҳайдаш учун бир қоп ҳужжат олиб юриш ўтмишга айланмоқда

Машинани ҳайдаш учун бир қоп ҳужжат олиб юриш ўтмишга айланмоқда

Яқинда “Euler Hermes” халқаро суғурта ташкилоти томонидан рақамлаштириш бўйича дунё давлатларининг 2020 йил рейтинги эълон қилинди. Рейтинг билан танишиб, етакчи давлатларни қўя турайлик, қўшни мамлакатлар – Қозоғистон ва Қирғизистон ҳам рақамлаштириш борасида биздан анча илгарилаб кетганига амин бўлдим. Бу борада мамлакатимиздаги аҳвол ҳаммамизга маълум. Ваҳоланки, бир неча йиллардан буён рақамлаштириш мавзусида тўхтовсиз гапириб келинаётган бўлсада, сезиларли ўзгаришлар кузатилмаяпти.

Очиғини айтиш керак, кўп соҳаларда рақамлаштиришнинг афзаллиги, самарадорлигидан аҳоли бехабарлиги учун бу борадаги дастур ва лойиҳаларга шубҳа билан қараш, уларни жорий этишдан мақсад бюджетга қўшимча маблағ ундириш, деган тушунчалар мавжуд. Хусусан, жорий йилнинг 19 майдан бошлаб «ID карта»лари мавжуд бўлган ҳайдовчиларнинг транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси, ҳайдовчилик гувоҳномаси, ишончнома ва суғурта полисларини «ID карта» ёрдамида текшириш амалиёти Тошкент шаҳрида синов тариқасида жорий этилганига ижтимоий тармоқларда шундай муносабатлар билдириш кузатиляпти. Бу каби нотўғри тасаввурлар рақамлаштиришнинг афзаллиги ва қулайликларини одамлар ўз ҳаётлари мисолида ҳис этсалар йўққа чиқади.

Жумладан, ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан «e-Protokol» ахборот тизими такомиллаштирилиши натижасида ҳайдовчининг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи билан боғлиқ ҳужжатларни ёнида олиб юриш талаб этилмайди ва бу учун ҳеч қандай жавобгарликка тортилмайди. Ушбу тартибга кўра, ҳайдовчининг ёнида ID-картаси бўлса кифоя. ЙПХ ходими ҳайдовчининг ID-картаси орқали ўз планшетидан фойдаланган ҳолда, фуқарода ҳайдовчилик гувоҳномаси, транспорт воситаларини бошқариш учун берилган ёки олган ишончномалари, суғурта полислари тўғрисидаги маълумотларни аниқлаб олади.

Ҳукуматнинг бу хусусидаги тегишли қарорида мазкур амалиётни жорий йилнинг 1 сентябридан мамлакатимизнинг барча ҳудудида жорий этиш белгиланган. Бу билан ID-картасига эга бўлган барча ҳайдовчиларга қулайликлар яратилади. Бизнингча, давлат хизматларидан фойдаланиш ва бошқа муносабатларда барча соҳаларда рақамлаштириш жараёнини жадаллаштириш лозим. Сабаби, шаффофликни таъминлаш, коррупциянинг олдини олиш, беҳуда сарф-харажатларга, ортиқча қоғозбозликларга чек қўйишнинг ягона йўли рақамлаштиришдир.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img