Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонМаҳаллада ахборот хавфсизлиги муҳим масала

Маҳаллада ахборот хавфсизлиги муҳим масала

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан маҳалла институтининг жамиятда барқарорлик ва тотувликни таъминлаш, оилаларни мустахкамлаш, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-кувватлаш ишларида ролини янада оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 2 мартдаги қонуни билан 22 март — Маҳалла тизими ходимлари куни этиб белгилани бунинг яққол исботи.

 Шу билан бирга «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган ҳамда тадбиркорлик билан шуғулланиш учун кредит ажратиладиган фуқаролар рўйхатини шакллантириш устувор вазифа этиб белгиланди. Мазкур дафтарларга  киритилганлар, шунингдек, ҳар бир туман (шаҳар)дан камида 10 нафардан кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож кексалар, Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари ва фронторти фахрийлари учун «Муқаддас қадамжолар бўйлаб» имтиёзли саёҳатлари ташкил этилди.

Тошпўлат МАТИБАЕВ

 Ўзбекистонда маҳалланинг миллий қадриятлар ва эзгу амаллар маскани эканини яхши биламиз. Миллий, ахлоқий ва маиший тартиб-қоидаларга риоя қилиш, тўй-маърака ва яхши-ёмон кунларни бирга ўтказиш айнан ўзбек маҳалласига хос анъаналар эканлиги бошқа халқлар учун намуна бўла олади. Бундан ташқари, сўнгги йилларда Ўзбекистонда оила институтини ҳар томонлама мустаҳкамлаш борасида давлат сиёсати самарали амалга оширилмоқда. Мақсад энг қуйи бўғин – маҳалла ва ҳар бир оилага қадар кириб борадиган тизим яратиш. Шу билан бирга маҳаллада ахборот хавфсизлигини таъминлаш устувор вазифага айланган. Ҳар биримиз яхши биламиз, бугунги кунда ижтимоий тармоқлар орқали турли бўҳтонлар, фитна фасодлар кенг тарқалмоқда.  Қолаверса, бугун кўз ўнгимизда содир бўлаётган ҳодисаларнинг ўзи ҳаётнинг аччиқ ҳақиқатидан сабоқ чиқаришга ундайди.

Бу аччиқ ҳақиқат шундан иборатки, катта давлатлар ўртасида дунёни, табиий ресурс­ларга бой ўлкаларни тақсимлаш «ўйин»лари тинганича йўқ. Ҳар бир тўнтариш, ҳар бир низо ва можаро ортида у ёки бу давлатни мутеликка қайтариш интилиши ётганини мутахассислар бежиз таъкидламаяпти. Энг ёмони, ёш мустақил давлатларни танлаб олган тараққиёт йўлидан, орзу-мақсадларига эришиш,  янги жамият қуриш йўлидан қайтармоқчи бўлса, аввало, мустақил дунёқараши шаклланиб улгурмаган ёшларнинг қалби ва онгининг мўртлигидан фойдаланишга, уларни бегона ғоялар билан чалғитиб, ўзининг ғаразли ниятларини амалга ошириш йўлида қурол қилиб олишга уринаётганини сезиш учун катта сиёсатчи бўлиш шарт эмас. Европа мамлакатларида мухожирликка қарши руҳдаги ирқчи ва миллатчи ёшлар ҳаракатининг урчиб бораётгани, улар дастидан катта ёшлиларнинг кўчаларга чиқишга қўрқиб қолгани, Шарқ мамлакатлари ёшлари ҳаётига фаҳш, зўравонлик, номуссизлик, андишасизлик каби ёт қусурларнинг кириб келаётгани маънавият масаласига эътиборни ҳар қачонгидан кўра кучайтиришни талаб этади.

Давлатимиз хавфсизлигини таъминлашнинг асоси — мамлакатимиз ёшлари. Ёшлар — бизнинг таянчимиз, эртанги кундан умидимиз, савоб ишларимизнинг давомчилари деб кўп гапирамиз. Нафақат хавфсизлигимиз, давлатимизнинг келажакда барқарор бўлиши ҳам ёшларимиз дунёқараши қандай шаклланишига бевосита боғлиқ. Иморатнинг пойдевор қанчалик бақувват бўлса, иморат ҳам шунчалик умрбоқий туради. Заиф пойдевор устига қурилган ҳар қандай бино қулаб тушиши тайин.Мамлакатимиз пойдевори, шубҳасиз, аҳолининг 60 фоиздан кўпроғини ташкил этган ёшлардир.

Шу сабабдан ҳам бугун дунёда кечаётган мураккаб жараёнларни таҳлил қилишда уларга, энг аввало,  маънавият кўзи билан қараш, ҳаётимизга кириб келаётган, аҳлоқимизга, менталитетимизга зид ғояларни аниқлаш, аҳоли турли қатламларига таъсирини ўрганиш, миллий манфаатларимизга, ҳаёт тарзимизга мос келмайдиган жиҳатларини очиб бериш, ва, табиийки, зарур чоралар кўриш муҳим аҳамият касб этади. Хўш, менталитетимизга зид ғоялар, ахборот хуружлари қаердан кириб келаяпти? Одамларни ҳокимиятдан норози бўлишга чорлаётган, қилдан қийиқ қидиришга интилаётган кучлар қандай иш кўраяпти? Ахир, туппа-тузук барқарор давлатларни беқарор давлатларга айлантирган, “инсон ҳуқуқлари ва демократия ниқоби” остида хонавайрон қилганлар Интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланмадими?

Шунинг учун Интернет тармоғида ахборот хавфсизлигини таъминлаш масаласи тобора долзарб аҳамият касб этаётир. Яъни, глобал ахборот маконига теран кўз билан қарасак, унда мавжуд барча ахборотларни ҳам фойдали ва безиён деб бўлмайди. Хусусан, айни пайтда интернет тармоғида ўз жонига қасд қилишнинг осон йўлларини тарғиб қилувчи тўққиз минг, порнографик мазмунга эга тўрт мингдан зиёд сайтлар, шунингдек, зўравонлик ва ёвузлик руҳидаги компьютер ўйинлари борки, улар миллий қадриятларимизга зид ва ёш авлод тарбиясига тўғридан-тўғри салбий таъсир кўрсатиши эҳтимолдан холи эмас. Интернетни чеклаб қўйиш ёки ахборот олишни тақиқлаш билан муаммо ҳал бўлмаслиги барчамизга аён. Шундай экан, онги ва дунёқараши эндигина шаклланаётган ёш авлоднинг маънавий олами дахлсизлигини асраш олдимизда турган энг муҳим масалалардан биридир.

Бугун кимда ахборотни биринчи бўлиб тарқатиш, уни истеъмолчига етказиш имкони бўлса, ўша ҳақ, ўшанинг айтгани тўғри бўлиб чиқаяпти. Ана шундай бир шароитда эса ахборот хуружларига қарши иммунитет шакллантирилмаган ёки шаклланмаган давлатларда “Демократия ва инсон ҳуқуқлари бузилмоқда” қабилидаги арзон сафсаталар тарқатилмоқдаки, оқибатда замири пуч турфа инқилобларни уюштириш мумкин бўлиб қолди. Агар маълум бир муддат ўтгач, ана шу давлатлар аҳолисининг турмуш тарзи, иқтисодиёти ва халқ фаровонлиги бир баҳя бўлса-да, ижобий томонга ўзгарганида эди, бундай инқилобларнинг жабрини тортаётган халқлар норозилиги кучаймаган бўлар эди. 

Эрамиздан аввалги VI асрда яшаган Хитой файласуфи Сун Цзи қўлланмаларида ахборот хуружларининг бошқачароқ тури, яъни психологик урушларда фойдаланиш мумкин бўлган услублар баён қилинади. Файласуфнинг фикрича, ўз ғанимини енгиш учун, энг аввало, “душманингиз мамлакатидаги ҳамма яхши нарсаларни пароканда қилинг, раҳбарлари обрўини тўкинг ва ўрни келганда уларни жамоатчилик олдида изза қилинг, шу мақсадда энг қабиҳ ва разил кишилар билан ҳамкорликдан фойдаланинг, фуқаролари орасида низо ва тўқнашувлар келтириб чиқаринг, ахборот ва шериклар сотиб олиш учун таклиф ва совғаларга сахий бўлинг, ёшларни кексаларга гиж-гижланг, умуман, пулни ҳам, ваъдаларни ҳам аяманг, чунки улар ажойиб натижалар беради” қабилидаги маслаҳатлар берилади.Биз бугун дунё деб аталмиш улкан саҳнада ана шундай сценарийлар кун сайин сайқалланаётганига, ривожлантирилаётганига, Сун Цзи айтганидек, совға-саломлар тортиқ қилинаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. 

Демак, дунёда ахборот хуружлари ҳалигача тинмаётган, аксинча, ҳам шаклан, ҳам мазмунан ривожланаётган экан, миллий матбуотнинг ҳам жамият олдидаги масъулияти, жавобгарлиги масаласи энг муҳим масалалардан бири бўлиб қолаверади.Бу шуни ҳам кўрсатадики, XXI аср матбуоти учун айни пайтда катта ёки кичик, аҳамиятли ёки аҳамиятсиз мавзунинг ўзи қолмаганини кўрсатаяпти. Дунёда ягона ахборот макони шаклланиб улгургани, бирор-бир давлат бу макондан ажралган ҳолда яшай олмаслигини инобатга олсак, ўзига хос тараққиёт йўлини танлаган Ўзбекистонимиз учун, унинг матбуоти учун ҳам маънавий масалалар тарғиботи ўз аҳамиятини йўқотмайди.

“Сиёсатда “Сен ухлаганингда душманинг уйғоқ бўлади” деган нақл бекорга қўлланилмайди. Маънавий жиҳатдан  ғофилликка ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Лоқайдликни бас қилиш, мудроқ ҳолатидан уйғониш керак. Бунинг учун эса энг аввало илм сари ҳаракат қилиш, оила, боғча, мактаб, олий таълим, маҳалла, мутасадди ташкилотлар ҳамда жамоат ташкилотлари мунтазам равишда ҳамкорликда иш олиб бориши зарур. Маҳаллаларда “маҳаллабай”, “фуқаробай” ишлаш тизимини кенг йўлга қўйиш зарур. Ана шунда таълим-тарбияда узилиш, маънавиятда бўшлиқ юзага келмайди.

Президентимизнинг 2021 йил 26 мартда қабул қилинган “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”га қарорида устувор йўналишлар сифатида, биринчи навбатда, “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғоясини умуммиллий ҳаракатга айлантириш, оила, таълим ташкилотлари ва маҳаллаларда маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлаш вазифаси қўйилди.

Бунда маънавий тарбия билан боғлиқ ишлар маълум ҳудудларда эмас, бутун мамлакатда яхлит олиб борилиши ва ҳамма жойда талаб даражасидаги самарага эришилиши кўзда тутилади. Шундан келиб чиқиб, маънавий тарбия билан боғлиқ тарғибот-ташвиқот ишлари қандай самара бераётгани билан шуғулланувчи  доимий мониторинг тизими жорий этилади.

Дунё яхлит ахборот майдонига айланиб бормоқда. Табиийки давлатларинингқудрати, уларнинг салоҳияти нечоғлик кўп ахборотга эга эканлигига боғлиқ бўлиб қоляпти. Энг муҳим жиҳати, ахборотга эгалик қилиш атрофида маънавият, иқтисодиёт, сиёсат  каби барча йўналишларда рақобат ҳар қачонгидан кучайиб бормоқда. Ана шундай ахборотлашув шароитида  ахборотга бўлган муносабат тубдан ўзгаради, уни шаклланишида ахборотни олиш, қабул қилиш маданиятининг ўрни тобора ортиб боради. Шуларни ҳисобга олган ҳолда Қарорда аниқ белгиланган вазифалар қаторида  олий таълим тизимининг магистратура таълим босқичида “PR-менежер” мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш белгиланди. 

Шу билан бирга, Қарорда олиб борилаётган кенг кўламли тадбир-чораларга қарамасдан маънавий-маърифий ислоҳотларнинг самарасига  тўсиқ бўлаётган тизимли муаммолар сақланиб қолаётгани сабаблари аниқ-равшан кўрсатиб берилди. Чунончи, маънавий-маърифий тарбия ишини ташкил этишда яхлит самарали, таъсирчан тизим мавжуд эмас, миллий тараққиёт билан бевосита боғлиқ бу жараёнга дахлдор илмий-тадқиқот ишлари суст олиб борилмоқда, ҳокимликлар, фуқаролик жамияти ва маҳалла институтлари, хусусий сектор ҳамда оммавий ахборот воситаларининг ижтимоий ҳамкорлиги  йўлга қўйилмаган.

Боз устига, ҳокимлик, вазирлик ва бошқа расмий идораларнинг айрим раҳбарларида маънавият масалалари билан  шуғулланишга, ОАВ имкониятларидан унумли фойдаланишга, мавжуд муамоларни биргаликда ҳал этишга хоҳишнинг ўзи йўқ. Улар матбуотни ортиқча ташвиш келтирадиган, камчилик ва нуқсонларни ошкор қиладиган восита деб тушунади. Албатта, маънавий тарбия билан боғлиқишлар осон вазифа эмас. У ҳар бир инсон, ҳар бир оила, ҳар бир сиёсий партия ва ҳаракатдан, бутун жамиятдан жиддий эътибор ва узлуксиз меҳнат талаб қилади. Айниқса, бугунги кунда — мафкуравий курашлар гоҳ ошкора, гоҳ пин­ҳона тус олган ҳозирги нозик, қалтис шароитда бу ниҳоятда долзарб масала. 

Агар маънан ва руҳан соғ­лом, оқни қорадан, яхшини ёмондан ажрата биладиган, бу мураккаб ҳаётнинг пасту баланд кўчаларидан тўғри йўлни адашмай топа олишга қодир бўлган маънавий юксак авлодни тарбиялаб етиштириш вазифаси уддаланса, фикри тиниқ, эътиқоди соғлом болаларни сохта оқимларга эргаштириш, пана-пастқамларда писиб ётган ҳар хил чаласавод, жоҳил одамларнинг тузоғига илинтиришга уринишлар барҳам топади.

Муҳим вазифалардан яна бири – эл-юрт тақдирига лоқайд, иш услубида маҳаллийчиликка, уруғ-аймоқчиликка, таниш-билишчиликка йўл қўядиган раҳбарлар билан муросасиз бўлиш. Бу иллатлар алоҳида бир мамлакатда  бугун ёки кеча пайдо бўлган эмас.

Улар ҳамма жойда ва ҳамма вақт ижтимоий адолатнинг бузилишига, ҳалоллик ва виждонийлик илдизларининг сустлашишига, ошкоралик қолиб, ими-жимида иш битиришга сабаб бўлади. Шу боис, давлатимиз раҳбарининг янги халқчил қарорида бундай номақбул ҳолатларга барҳам бериш масаласи муҳим ўрин тутади.

Бундай вазифалар ижросини таъминлашда жамоатчиликнинг эътиборга молик таклиф ҳамда фикр-мулоҳазаларини инобатга олиш,  мафкуравий жараёнлар таҳлили, соҳага оид янгиликларни тўплаш, тайёрлаш ва тарқатишга алоҳида эътибор бериш зарур бўлади. Ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари деганда маънавий тарғибот ишига жалб этилган воизлар маъруза матнини тайёрлашда ҳар бир туман, қишлоқ ёки чекка бир ҳудуднинг жуғрофий жойлашуви, этник таркиби, муаммолари ва бошқа жиҳатларни ҳисобга олиши, маърузани маҳаллий факт ва рақамлар, айни шу ҳудудда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, давлат дастурларида кўзда тутилган режалар билан бойитиши талаб этилади.

 Албатта, маҳалларда ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун биринчи навбатда, эл суйган, шуҳрат қозонган одамлар билан кўпроқ учрашувлар ташкил этиш, маҳаллараро ёшлар ва турли ёшдаги инсонлар ўртасида турли спорт мусобақаларини тез-тез ўтказиш мақсадга мувофиқ. Маҳаллаларда миллий қадриятларни мустаҳкамлаш ҳафталиги ўтказилиши нур устига аъло нур. Маҳаллаларда маданият, маънавият, адабиёт ва санъат намоёндалари, ёзувчи ва олимлар, таниқли спорт усталари билан учрашувлар уюштирилса, уларнинг фикр-мулоҳазалари тингланса ҳам ахборот хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшган бўламиз. 

Албатта, маънавий, маърифий тарбияни узвийлигини таъминлашда оила, таълим муассасалари, маҳалланинг ўрни беқиёс. Таълим-тарбия учун фақат мутасаддилар масъул десак қаттиқ янглишамиз. Шу Ватан, шу юрт, шу ёшлар бизники, эртага келажагимиз порлоқ бўлишини истасак, бугун ҳаракатни бошлашимиз керак. Юрт тақдирига лоқайдлик, коррупция, оилавий қадриятларга беписандлик ва ёшлар тарбиясига масъулиятсизлик каби иллатларга барҳам бериш учун ҳамкорликда ҳаракат қилишимиз лозим.

Зеро, олдимизда турган улуғ мақсад – Учинчи Ренессансга пойдевор қўйиш ва уни барпо этиш, аввало, халқимизнинг тафаккурини юксалтиришдан бошланади.

Тошпўлат МАТИБАЕВ,
халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари,
социология фанлари доктори, профессор

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img