Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонМаҳалла обод бўлса – жамият ҳам обод бўлади

Маҳалла обод бўлса – жамият ҳам обод бўлади

Обод маҳалла шубҳасиз обод хонадон ва обод кўчадан бошланади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев мазкур масалага кўп бора тўхталаётгани боиси ҳам шунда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 24 март куни “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида амалга ошириладиган ишлар муҳокамаси юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида ҳам ушбу мавзуга яна бир бор эътибор қаратгани бежиз эмас. Азалдан маҳалла институти юртимизда ҳукм сураётган тинч-осо¬йишта ҳаёт, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш, ёшларни миллий ҳамда умуминсоний қадриятлар – дўстона қўшничилик ва ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, ёрдамга муҳтож инсонларга ғамхўрлик ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбиялаш жараёнига залворли ҳиссасини қўшиб келади.

Зафар МАХАМАТОВ

Маҳалла институти чет эл тажрибасини андоза қила олмайдиган ягона тизимдир. Буни хорижлик экспертлар ҳам эътироф этиб, уни ўрганиш кераклигини таъкидлайдилар. Ютуқлар билан бирга сўнгги йилларда халқимиз менталитетига зид бўлган ҳолатлар, жумладан, пароканда оилалар, қаровсиз болалар, ҳуқуқбузарликлар, хотин-қизлар ва вояга етмаганлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари учраётганлиги ачинарли ҳолдир. “Оила – муқаддас” деган азалий ва эзгу ғоя қадрсизланиб, минг йиллик миллий қадриятларимиз завол топар экан, бу каби оғриқли ҳолатларни камайтириб бўлмайди. Бунинг учун маҳалла катта ижтимоий куч сифатида майдонга чиқиши керак. Чунки фаоллар, кўпни кўрган оқсоқоллар, тажрибали нуронийларимиз, агар истаса, жамоатчилик билан биргаликда ҳар қандай муаммони ҳал қилишга, ҳато қилган ёшларни тўғри йўлга солишга қодир.

Президентимиз томонидан маҳалла тизимини “Обод ва хавф¬сиз маҳалла” тамойили асосида ислоҳ қилиш, ушбу соҳага масъул алоҳида давлат идораси – Маҳалла ва оила масалалари вазирлигини ташкил этиш таклифи берилиши, эндиликда маҳалла институтининг иқтисодий-молиявий асослари мустаҳкамланиши, моддий-техника базаси замонавий жамламалар билан тубдан янгиланганидан кейин аҳвол ижобий томонга ўзгарди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига юклатилган бошқа давлат органлари ва ташкилотларининг 50 дан ортиқ хос бўлмаган вазифа ва функциялари олиб ташланди. Маҳалла ўзига хос ва юкланган вазифалар билан банд бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йилдаги фармони билан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари қабул қилинган эди. Ушбу дастурлар доирасида 5 миллионга яқин юртдошимиз яшайдиган 1 минг 200 та маҳалла ва қишлоқдаги шароитлар яхшиланди. Лекин ўтган йили коронавирус пандемияси туфайли бу борадаги ишлар вақтинча тўхтатилган эди. Аммо кўрилган чора-тадбирлар туфайли Ўзбекистон қисқа фурсатда инқироздан чиқди. Шу сабабли, бу йил “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари янги ёндашувлар асосида шакллантирилди. 8 мингта маҳаллада бажарилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинди. Бунда, ободончилик билан бир қаторда иш ўринлари ташкил этиш, аҳолини камбағалликдан чиқариш масалалари ҳам кўзда тутилган. Тан олиш керак, қишлоқларга инфратузилма борсагина, ҳаёт сифати ўзгаради, тадбиркорлик ривожланади. Бу йил мазкур дастурлар доирасидаги ишларга жами 21 триллион сўм йўналтирилиши белгиланди.

Президентимиз таъкидлаганидек, бундай имконият Ўзбекистон тарихида бўлмаган. Аммо бу маблағларнинг талон-тарож бўлишига йўл қўймаслик, жой-жойига сарфлаш устувор вазифа. Давлатимиз раҳбари томонидан жуда яхши ва ўринли таклиф илгари сурилди. Бундан буён “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига қайси маҳалла ёки қишлоқ киришини маҳаллий кенгашлар белгилайди. Туман ва шаҳар ҳокимининг иқтисод, қурилиш ва маҳалла масалалари бўйича ўринбосарлари зарур маблағлар ва амалга ошириладиган ишларни аниқ ҳисоб-китоб қилиб, маҳалла раиси билан бирга, ҳудудий кенгашларда ҳимоя қилади. Маҳаллий кенгашлар ҳар бир маҳалла кесимида ижтимоий соҳа, ичимлик суви, йўл-транспорт ва инфратузилма объектлари манзилли дастурини тасдиқлайди.

Маҳалла вакилларининг ўз вазифаларини янада уюшқоқлик билан олиб бориши учун, аввало, ишга бўлган муносабат ва масъулиятни ошириш, ҳудудлардаги ишларни тўғри ташкил этиш, маҳалла – адолат мезони эканлиги, уларнинг иши адолат мезонларига таяниши лозимлигини ҳар доимо юракдан ҳис қилиш зарур. Дарҳақиқат, обод маҳалла — бу бизнинг, энг аввало, фаровон оилаларимиз, қадриятлар бешиги бўлган маҳаллада ўсиб-улғаяётган маънавий ва жисмоний баркамол ёшларимиз, кўркам қишлоқларимиз, замонавий ва файзли масканларимиздир. Аммо ўтган йиллар давомида соҳада ечимини кутаётган масалалар йиғилиб қолганди. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги эса бу борадаги муаммоларга катта ечим бўлиш билан бирга, маҳаллаларда тўпланиб қолган муаммо ва камчиликларни оқилона ҳал этиш, тинчлик-осойишталикни асраб-авайлашда бизга берилган катта имконият бўлди. Бир сўз билан айтганда, бунинг натижасида жойларда муаммоларни ҳал қилишнинг яхлит ва таъсирчан вертикал тизими яратилди.

Қувонарлиси, маҳалла тараққиёти ва ободлиги билан боғлиқ вазифалар доимий эътиборда. Ижтимоий-иқтисодий аҳволи оғир 325 та қишлоқ ва 71 та маҳаллани комплекс ривожлантириш, уларда ичимлик суви ва электр тармоқлари, ички йўллар, ижтимоий объектлар қуриш ҳамда таъмирлаш учун 3 триллион 300 миллиард сўм ажратилиши белгиландики, бу қишлоқларда яшаётган аҳолининг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Масалан 2 минг 721 та маҳалладаги 10 минг километрдан ортиқ ички йўлларни таъмирлашга 2 триллион сўм, 500 та маҳаллага 4 минг километрдан ортиқ ичимлик суви тармоғи тортиш учун 1 триллион сўм ажратилади. Айтингчи, бундан ким хурсанд бўлмайди?!

Электр таъминотидаги ўзгаришлар ҳам халқимизни қувонтиради. 5 минг 377 та маҳалладаги 15 минг километр электр узатиш тармоқлари ҳамда 4 мингдан ортиқ трансформаторнинг янгиланиши Ўзбекистонда бу йўналишда қилинган катта ишларнинг ижобий самараси бўлиб, бу юртимиздаги маҳаллаларнинг 60 фоизи демакдир. Ушбу чора-тадбирларга қарийб 2 триллион 100 миллиард сўм йўналтирилиши айтилди. Бундан ташқари, Жаҳон банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан бирга, “қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Фарғона, Андижон, Наманган, Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги 21 та туман, 60 та қишлоқда 485 миллиард сўмлик лойиҳалар бошланади.

Шундай имконият ва тадбирлар белгиланиб олинган экан, давлатимиз раҳбари томонидан ҳар бир оила, кўча ва маҳаллаларимизда “Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла” тамойилларини кенг жорий этиш бўйича белгилаб берилган вазифаларни барчамиз, аввало, ўз иш услубимиз учун асосий тамойил сифатида белгилаб олишимиз, бу ғояларни кенг жамоатчилигимиз орқали халқимиз турмуш тарзи ва маданиятига сингдиришимиз лозим. Натижада мамлакатимизнинг барча ҳудудларида обод гўшалар, кўркам масканлар, маҳаллаларимизда намунавий хонадон ва кўчалар сони ортиб бораверади. Ана шундагина одамларимизнинг ҳаётга ишончи юксалиб, яшашга, келажакка интилиши янада кучаяди. Бир сўз билан айтганда, ободлик бор жойда файзу барака, ривожланиш бўлади.

Жойларда тегишли топшириқлар ижросини таъминлаш доирасида карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда маҳаллалардаги ҳар бир кўчани ободонлаштириш, хонадон ва томорқа маданиятини ривожлантириш, оилаларни мустаҳкамлаш, ёшлар маънавиятини юксалтиришга қаратилган қатор тадбирлар олиб борилмоқда ва амалий чоралар кўрилмоқда. Шунингдек, кам таъминланган ва камбағал оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатга лаёқатли аъзоларини касб-ҳунарга ўргатиш, иш билан таъминлаш, даромад манбаини шакллантириш орқали уларни камбағалликдан чиқариш чоралари ҳам амалга оширилмоқда. Ижтимоий фаол кекса авлод вакилларини кенг жалб этган ҳолда ёшларнинг бўш вақтларини самарали ташкил этиш, уларнинг маънавиятини юксалтириш, ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган тадбирлар маҳалла ободлиги ва хавфсизлигига, ўз навбатида юрт тинчлиги ва осойишталигига хизмат қилади.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” деганда, нафақат уларнинг йўли ёки қиёфаси яхшиланиши, балки у ерда яшовчи аҳолининг даромади кўпайиши, ижтимоий объектлар тўлиқ ишлаши керак. Энг асосийси, ҳақиқий обод маҳаллада “темир дафтар”, “аёллар” ва “ёшлар” дафтарлари бўлмаслиги лозим. Бунинг учун, тадбиркорлар билан маслаҳатлашиб, ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, янги иш ўринлари яратиш зарур. Сарфланган ҳар бир сўм инвестиция одамларимизга уч баравар кўп фойда келтириши, уларнинг даромадини оширишга хизмат қилиши керак. Шу боис тадбиркорлик ва бандлик дастурларини маҳаллага боғлаб, 500 минг нафар ёшлар ва 200 минг аёлларни иш билан таъминлаш, “темир дафтар”га киритилган 300 минг нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш мақсад қилиб қўйилди. Бунинг учун жорий йилда “Оилавий тадбиркорлик” дастурлари учун 9 триллион сўм ресурс йўналтирилиши, шунингдек, 1 триллион сўм маблағ эвазига 128 та маҳаллада кичик саноат зоналари ташкил этилиши айтилди. Шулар баробарида маҳаллаларга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун арзон кредит маблағлари ажратилаётгани, бу маблағлар ҳисобига сартарошхона, новвойхона, шунингдек, ҳунармандчилик, тикув, қандолатчилик цехлари, оталар чойхонаси, гузар масканлари ташкил этилаётгани ҳам юртимиз кўркига кўрк қўшмоқда.
Зафар МАХАМАТОВ,
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img