Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонМаданият, таълим ва тадқиқотлар марказида Ганира Пашаева билан учрашув ўтказилди

Маданият, таълим ва тадқиқотлар марказида Ганира Пашаева билан учрашув ўтказилди

Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги Ўзбек Тили ва адабиёти университети қошидаги Муҳаммад Фузулий номидаги Маданият, таълим ва тадқиқотлар марказига Озарбайжон Миллий Мажлиси Маданият Қўмитаси раиси Ганира Пашаева бошчилигидаги Озарбайжон делегацияси ташриф буюрди. Марказ Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги  Озарбайжон Маданият Маркази ташаббуси ва лойиҳаси асосида ташкил этилган.

Бундан аввал Ганира Пашаева ва бошқа вакиллар марказда яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар. Университет проректори, профессор Баҳодир Холиқов мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларнинг ривожи борасида сўз юритди. Проректор, университет бундан бир неча йил аввал ташкил этилгани, бироқ қисқа вақт ичида Ўзбекистондаги университетлар орасида ҳурмат қозонишга муваффақ бўлганини эътироф этди.

Ганира Пашаева, ўзбек халқи ва ўзбек адабиётини яқиндан билади, уни ёқтиради, шу халқнинг шоирларини мутолаа қилади, улар ҳақида мақолалар ёзади. У Ўзбекистоннинг туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига аъзо бўлишини мамнуният билан кутиб олганини қайд этди. Депутатнинг айтишича, Тошкентдаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Марказининг Озарбайжон шоир ва ёзувчилари асарларини ўзбек тилида чоп этиши таҳсинга сазовор. Бу ерда Озарбайжон Маданият Маркази томонидан чоп этилган китоблар ҳам меҳмонда катта тассурот қолдирди. 

Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази директори Самир Аббосов  ушбу марказнинг яратилиши ҳақида сўзлаб берди. Унинг дизайни, зарур китоб ва бошқа жиҳозлар Маданият маркази томонидан молиялаштирилганини маълум қилди. Ушбу марказда талабалар Озарбайжон адабиёти, маданияти ва тарихи билан танишадилар. Китоблардан фойдаланиб, Озарбайжон адабиёти ва маданияти билан боғлиқ тадқиқотлар олиб борадилар. Марказ раҳбари, доцент Гулбаҳор Ашурова шундай марказ яратгани учун Самир Аббасовга миннатдорчилик билдириб, бу ерда ўтказилган тадбирлар ва истиқболдаги режалар ҳақида сўзлаб берди. Учрашув сўнгида, Ганира Пашаева марказга Озарбайжон гилами ва “Ўзбекистон қадам-бақадам” китобини ҳадя қилди.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img