Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонЛукашенконинг рақиби учаётган учоқ Минскка мажбуран қўндирилган

Лукашенконинг рақиби учаётган учоқ Минскка мажбуран қўндирилган

Қароргоҳи Дублин шаҳрида жойлашган Ирландиянинг “Ryanair” авиакомпаниясининг таъкидлашича, учувчилар Беларус авиаҳукуматидан Минскка қўниш ҳақида топшириқ олган. Россиялик авиаэксперт Вадим Лукашевичга кўра, йўловчи ҳаво кемасига охирги дақиқага қадар тиш-тирноғигача қуролланган қирувчи ҳамроҳлик қилган.

“Ryanair”  авиакомпанияси мутасаддиси Германиянинг DW радиоси мухбирининг ҳодиса бўйича саволларига жавоб қайтарди. Интервюда айтилишича, Афина-Вилнюс йўналиши бўйича парвоз қилаётган, бортида беларус мухолифатчиси, журналист ва блогер Роман Протасевич бўлган Боинг-737 экипажи Беларус томонидан ҳаво кемасига жиддий хавф туғилгани ҳамда яқин Минск аэропортига қўниш ҳақида кўрсатма олган. Шундан сўнг, Боинг-737 йўловчи ҳаво кемаси МиГ-29 қирувчиси ҳамроҳлигида Минск аэропортига қўнган. Бортдаги барча йўловчилар туширилиб, транзит ҳудудга ўтказилган ва маҳаллий хавфсизлик хизматлари томонидан учоқ текширувдан ўтказилган.

Камида 5 соат давом этган текширувда бирон шубҳали буюм топилмаган. Шундан сўнг ҳаво кемаси экипажига йўловчилар билан парвозни давом эттиришга рухсат берилган. Бироқ… ҳамма йўловчилар бортга қайтиб чиқмаган. Журналист Роман Протасевич полиция томонидан қўлга олинган,  Россия фуқароси бўлган тўрт нафар йўловчи (улар рус жосуслик хизматлари ходимлари бўлиши мумкинлиги айтилмоқда) эса манзилга етай деганда номаълум сабабларга кўра Минскда қолган.

Роман Протасевич

Қайд этилишича, Беларус президентининг ашаддий танқидчиси Роман Протасевични узоқ йиллик қамоқ ёки ўлим жазоси кутмоқда. Блогерни мамлакат ҳукумати террорчи деб топган бўлса, у асос солган NEXTA телеграм канали экстремистик ташкилот деб эълон қилинган.

“Ryanair” билан боғлиқ ҳодиса дунёда катта акс-садо бермоқда. Жумладан, Европа Иттифоқи давлатлари, Британия ва АҚШ ҳукуматлари бортида юздан ортиқ йўловчи бўлган ҳаво кемаси ёлғон хабар остида мажбуран қўндирилгани, бу ҳам калик қилгандек ҳеч бир сабабсиз унга қирувчи учоқ ҳамроҳлик қилинганини кескин танқид қилиб, журналист Роман Протасевични дарҳол озод этишни талаб қилмоқда.

Боинг-737 кемасида бомба борлиги хусусидаги хабар эса Беларус-Россия жосуслик хизматларининг журналистни қўлга олиш режасининг бир қисми бўлгани айтиляпти. Жумладан, учоқнинг мажбуран қўндирилгани, унинг бортида бўлган тўрт нафар россиялик йўловчи сирли тарзда қайта учоққа чиқмагани бу борадаги тахминларни кучайтирмоқда.

Жумладан, россиялик таниқли авиаэксперт Вадим Лукашевич Афина-Вилнюс йўловчи учоғининг Минскка мажбуран қўндирилишидан мақсад мутлақо бошқа бўлганини айтди. У “Facebook”даги саҳифасида  парвозларни кузатишга ихтисослашган “Flightradar” сайтидаги маълумотларга таяниб ўз қарашларини эълон қилди.

Лукашевичнинг айтишича, ҳаво кемаси Вилнюс аэропортига бор-йўғи 10 дақиқалик вақт (73 км), Литва чегарасига эса атиги 30 км қолганда ортига қайрилиб Минскка йўл олган. Нега яқин масофадагиси туриб узоқдаги аэропорт қўниш учун танлангани ҳақидаги DW мухбири саволига “Ryanair” мутасаддиси жавоб бермаган.

Экспертнинг таъкидлашича, худди шу йўналишдаги аввалги парвозлар вақтида экипаж Вилнюсга 177 км қолганда пастлашни бошлаган. FR4978 рейси экипажи эса Литва томонга пастламаган ва тезликни камайтирмаган ҳолда учишда давом этган, бу эса унинг ҳарбий учоқ таъқибидан қутулишга уринганини англатади. “Масъулиятни тушуниб етган ҳолда айтишим мумкинки, қирувчига қуролни ишга солиш рухсати берилган ва мутлақо аминманки, йўловчи ҳаво кемаси қирувчи учувчисидан буйруққа бўйсунмаган тақдирда Беларус ҳаво кенгликларидан чиқмасидан туриб йўқ қилиниши ҳақида огоҳлантирилган”, – Вадим Лукашевич.

Расмий Минск йўриғидаги ОАВлар, хусусан, “Пул Первога” канали қийин вазиятда қолган учоқни Беларус пойтахти қабул қилгани учун миннатдор бўлиш кераклиги, қирувчини ҳавога кўтарилиши ҳақидаги буйруқни хавфсизлик важи(???)дан шахсан президент Лукашенко берганини овоз қилмоқда.

Қатор давлатлар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар Беларус ҳукуматининг “Ryanair” билан боғлиқ ҳаракатини кескин танқид қилиб, бу қилмиши учун Минскни оғир жазолар кутаётганини таъкидламоқдалар.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img