Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонЛукашенко мансабидан кетса, Беларус ҳалокатга учрайдими?

Лукашенко мансабидан кетса, Беларус ҳалокатга учрайдими?

26 йилдан буён мамлакатни бошқариб келаётган Александр Лукашенко бугунги кунда президентлик йилларидаги энг қийин кунларни бошдан ўтказаётган бўлса, ажаб эмас. Буни лунда қилиб ифодалайдиган бўлсак, беларуслар Лукашенкони давлат тепасида кўришни истамаяпти. Президент эса мансабини асраб қолиш учун бор маҳоратини ишга солмоқда. Ҳатто, бунинг учун қўшниси ва иттифоқдоши Россияга жуда катта ён беришларга мажбур бўлмоқда.

Бунга биргина мисол: президентлик сайловлари арафасида мамлакат ҳудудида қўлган олинган, Беларусда қўпорувчилик ҳаракатларини амалга оширишни режалаштиргани айтилган 33 нафар вагнерчи-жангарини ҳеч қандай шартларсиз Москвага топширди. Бу ён бериш эса ҳали бошланиши, энг катта кулфатлар эса ҳали олдинда. Масалан, Александр Лукашенко мансабини сақлаб қолишга муваффақ бўлса, Европа, АҚШ каби давлатлар томонидан унга ва атрофидагилага нисбатан санкциялар эълон қилинади (айрим давлатлар буни қилиб улгурди ҳам). Бу эса Беларуснинг кўҳна қитъада яккаланиб қолишига сабаб бўлади. Мамлакатга босим ўтказиш, уни ўз йўриғига солиб олишга уриниб келаётган Москва натижада. ўз мақсадида осонлик билан эришади.

Мансабдан кетишни истамаётган Александр Лукашенко президент сифатида давлатни бошқаришда давом этиши мамлакат келажаги учун ниҳоятда муҳим эканини бот-бот такрорламоқда. Ҳатто, батка намойишчиларга қарата: “Мени ўлдирсангиз – Беларусни ўлдирган бўласиз”, – дейишгача ҳам борди. Мансабдан кетиши мамлакатни иккинчи Украинага айлантиришини, бошбошдоқликлар бошланиб кетишини, бунинг оқибатида йилларг давомида эришилган муваффақиятлар барбод бўлиши хусусида ҳам фуқароларини огоҳлантирмоқда. Бироқ, Александр Лукашенконинг 26 йиллик бошқарувидан чарчаган халқнинг қулоғига бу гаплар кирмаяпти. Улар бир овоздан: “Кет!”, деб қичқирмоқдалар.

Бу борада баткага жўровоз бўлаётганлар ҳам дарров топила қолди. Мисол учун россиялик сиёсатшунос Андрей Ивановнинг фикрича, агар Александр Лукашенко президентлик курсисини тарк этадиган бўлса, бу бутун мамлакатга бир зумда таъсир кўрсатади ва Беларусда иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаёт Украинага нисбатан тезроқ чўка бошлайди. Энг аввало, оддий одамларнинг турмуш даражаси тушиб кетади.

Ивановнинг таъкидлашича, Россия билан дўстона ва ҳамкорлик алоқалари Беларус саноатининг ривожланишини, секин бўлсада аҳолининг турмуш даражаси ўсишини таъминлайди. Лукашенконинг хизматларининг йўққа чиқарилиши эса, мамлакатни хонавайрон қилади.

Андрей Ивановнинг айтишича, бугунги кунда мухолифатни қўллаётган, Лукашенконинг сайловдаги ғалабасини тан олмаётган Ғарб давлатларига Беларуснинг IT, саноати, қишлоқ хўжалиги керак эмас. «Янги Беларус»да аҳоли хўжайинлари Ғарбда бўлган қулларга айлантирилади.

Россиялик сиёсатшунос бу каби фикрлари билан оддий беларусларнинг юрагига ғулғула солишда давом этаркан, Ғарб Минскдан халқ хўжалигини парчалашни, тиббиёт ва таълим соҳаларида ислоҳотлар ўтказишни талаб қилади, дейди. Унинг айтишича, беларуслар қўлга киритадиган ягона “ютуқ” европа бойлари қўлида хизматкорлик қилиш имконига эга бўлиш экан.

Беларуслар президентлик курсисида Светлана Тихоновскаяни кўришни истамоқда.

Андрей Иванов Беларус келажаги ҳақида башоратида давом этиб, мамлакатнинг Ғарб билан яқинлашуви Россия билан иқтисодий алоқаларнинг барбод бўлишига, бу эса «МАЗ» ва «БЕЛАЗ» каби йирик саноат корхоналарининг касодга учрашига, экспортга йўналтирилаётган маҳсулотлар ишлаб чиқариши тушиб кетишига олиб келишини таъкидлайди. Натижада, ишсизлик кўпаяркан, даромадсиз қолган фуқаролар эса мамлакатни иккинчи Украинага айлантираркан.

“Бундан ташқари, Ғарб Лукашенко даврида амалга оширолмаётган асосий мақсадига эришади – Минскни ОДКБ ва ЕОИИ аъзолигидан суғуриб олади ва Россияни яна бир яқин иттифоқдошидан жудо қилади. Мамлакатда рус тилидан фойдаланиш аста-секинлик билан таъқиқланади. Қизил армия аскарларига атаб ўрнатилган ёдгорликлар вайрон қилинади”, – деб хавотир билдиради муаллиф ўз мақоласида.

Қайд этиш керак, Европанинг қоқ марказида яшаётган беларуслар бу каби васвасаларга лаққа ишонадиган халқ эмас. Улар амалдаги президент 26 йиллик бошқаруви даврида мамлакатни иҳоталаб ташлаганини, дунёда Россиядан ўзга ҳамкор давлатлар ҳам борлигини яхши биладилар. Беларус халқи ҳозирда ягона истак иштиёқи билан ёнмоқда. У ҳам бўлса – давлат тепасида янги сиёсатчини кўриш, у туфайли мамлакатни тараққиёт сари етаклайдиган янги давр бошланишига эришмоқдир. Бу мақсадлардан энди беларусларни қайтариш жуда-жуда қийин масала…

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img