Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонКремлдан қудрат олаётган авлод

Кремлдан қудрат олаётган авлод

Президент Владимир Путиннинг атрофидагилар томонидан йирик давлат компаниялари ва идоралар тақсимлаб олинмоқда. Бу ҳақда Франциянинг “Le Monde” нашрида чоп этилган таҳлилий мақолада сўз юритилади.

Мақолада айтилишича, ноябр ойининг ўрталарида “Новая газета” бу кичкина ёпиқ оламдаги кадрлар ўзгариши ҳақида ўқувчиларига далиллар тақдим этган. Ундан элита фарзандларининг янги лавозимларга тайинлангани ҳақида билиб олиш мумкин. Хусусан, собиқ Бош вазир, ташқи жосуслик хизматининг собиқ раҳбари, “Алмаз-Антей” қурол-аслаҳа компаниясининг собиқ директори Михаил Фрадковнинг 42 ёшли ўғли Петр “Промсвязбанк” кузатув кенгаши раиси этиб тайинланган. Унинг яна бир ўғли 39 ёшли Павел эса президент администрациясига ишга олинган. Федерациялар кенгаши раиси Валентина Матвиенконинг ўғли, собиқ тадбиркор Сергей Матвиенкога давлатга қарашли ВТБ банки ишониб топширилган.

Мақола муаллифи Бенуа Виткинга кўра, биринчи доира аъзоларининг яқинларидан биронтаси мансаблар тақсимотидан четда қолмаган. Ўзларини омадли тадбиркор деб ҳисоблайдиганлари ҳам асосан давлат буюртмаларини бажарадиган компанияларга раҳбарлик қилиб, чўнтакларини қаппайтирмоқдалар.

“Биринчи “путинизм” 2003 йилда Михаил Ходорковскийни қамоққа олиш ва унинг ЮКОС компаниясини ютиб юбориш ортидан бошланган олигархларини бўйсундириш ҳаракати билан ажралиб туради. Уларнинг ўрнига эса Кремлга содиқ, унинг чизиғидан чиқмайдиган олигархлар гуруҳи келди. Уларнинг асосий хусусияти доҳийга яқинликларидир: кимдир болалик дўсти, бошқа бирови “Озеро” кооперативидаги ҳамкори, КГБнинг собиқ зобитлари, Петербургдаги ҳамкасблари. Уларнинг деярли барчаси миллирадерга айланди”, — деб ёзади муаллиф.

Муаллифнинг ёзишича, путинизмнинг навбатдаги босқичида бошқарувга уларнинг фарзандларини олиб келиш бошланди. Бу худди феодол меросхўрликни эслатади. Мисолларга ўтамиз: Владимир Путиннинг собиқ ёрдамчиси Игор Сечин “Роснефт” раҳбари этиб тайинлангач, ўғли Иванга ушбу компаниянинг вице-президенти лавозимини туҳфа қилди, қизини эса Бош прокурорнинг ўғлига эрга берди. Путиннинг азалий ҳаммаслаги, “Россия” банкининг раҳбари Юрий Ковалчукнинг ўғлига эса электр ва иссиқлик энергияси бўйича мамлакатдаги йирик холдинг “Интер РАО” раҳбарлиги муносиб кўрилди.

“Катта эҳтимол билан айтганда, элитада сулолаларнинг бу тарзда шакллантиришдан мақсад тизим мустаҳкимлигини унга содиқ аъзолар орқали мустаҳкамлашдир. Балки, 2024 йилда ҳокимият алмашинувига тайёргарлик бўлиши ҳам мумкин”, — дейилади мақолада.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img